— Хўжайиним дўконларга тамаки маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланади. Сигарет ҳам ароқ каби ҳаром деб эшитганман. Хўжайинимга: “Бу ишни қилманг, ҳаром бўлиши мумкин”, десам у киши: “Бундай эмас, сигарет ҳаром эмаслиги ҳақида фатволар чиққан”, дейди. Оиламга ҳаром луқма келишидан, уни болаларимга едиришдан қўрқаман, шуни ўйлаб хавотирдаман. Мен шу вазиятда нима қилишим керак?
— Эрингиз нотўғри айтибди. Ароқнинг ҳаромлиги қадимдан Қуръон ва Суннатда собитдир. Тамакининг ҳаромлиги охирги пайтда уламоларнинг фатвоси орқали бўлган. Иккисининг орасидаги фарқ шунда. Шунингдек, инсоннинг танаси, ақли ва иш қобилиятига зарар қиладиган нарсалар ҳам ман қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг”, деб буюрган. Тамаки каби зарарли нарсалар шу тарафдан ҳам жоиз бўлмайди. Эрингиз бошқа иш топсин.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Алҳамдулиллаҳ, биз мўмин-мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишга буюрилганмиз. Агар бир марта салавот айтсак, бизга Аллоҳ ўн марта раҳмат йўллайди, ўнта гуноҳимиз ўчирилади, мартабамиз ўн даража ортади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта раҳмат йўллайди. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади, мартабаси ўн даража кўтарилади” (Имом Аҳмад ривояти). Манбаларда қисқа салавот сифатида қуйидаги салавот берилади:
اَللَّهُمَّ صل وَسَلِّمْ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّد
Алло́ҳумма солли васаллим ала́ набиййина́ Муҳаммад
Маъноси: “Эй, Аллоҳ! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга раҳмат ва салом йўллагин!”
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими