Аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан хайрия тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Хайрия тадбирлари 2020 йил 25-30 декабрда (6 кун) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман/шаҳарларида ўтказилади.
Республиканинг 360 та мўътабар зиёратгоҳ ва қадамжоларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, туман/шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида қурбонлик маросимлари ташкил этилади. Қурбонлик сўнггида Қуръони карим тиловат қилинади ҳамда юртимизнинг тинчлилиги, осойишталиги ва тараққиёти, турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилинади.
Республикамизнинг барча — 2 079 та масжидида 6 кун давомида ҳуфтон намозидан кейин жами 12 480 та Қуръони карим хатми амалга оширилади.
Сирдарё ва Бухоро вилоятларидаги зиёратгоҳларда ҳам Қуръони каримнинг хатми адо этилиб, офатдан зарар кўрган ватандошларимиз ҳақига эзгу дуолар қилинади.
Шунингдек, хайрия тадбирлари якунида юртимиздаги қадимий анъанага мувофиқ Имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» китоби иқтидорли имомлар томонидан хатм қилинади. Ушбу маросимнинг якуни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов томонидан Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилади.
Уламолар, имом-хатиблар Қуръони карим ва «Саҳиҳи Бухорий» китобларининг хатми якунида юртимизга тинчлик, хотиржамлик, хонадонларимизга қут-барака, янги йилда мамлакатимизнинг янада тараққий этишини сўраб дуо ва илтижолар қиладилар.
«Вақф» фонди томонидан ҳар бир маҳаллада муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами тарқатилади. Имом-хатиблар «Вақф» фондининг ҳудудий вакиллари билан ҳамкорликда муҳтож хонадонларга кириб бориб, хайрияни тарқатади.
Жойлардаги «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида ош дастурхонлари ташкил этилиб, маиший техника воситалари тарқатилади. Хайрия тадбирлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Яқиндагина рамазонни бошлаган эдик. Мана дарров йигирма кунни ҳам тамомладик. Энди бу ёғи охирги ўн кунлик. Янада огоҳ, янада савобли ишларга, ибодат қилишга қулай фурсат. Чунки рамазон ойи тугаб бормоқда. Қолаверса олдимизда ажри янада улуғ бўлган кунлар турибди. Охирги ўн кунликда минг ойга тенг бўлган қадр кечаси бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу кунларни ғанимат билар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўн кунлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар” (Бешовлари ривоят қилишган).
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда эса: “Набий алайҳиссалом охирги ўн кунликда ундан бошқа кунларда қилмаган жидду-жаҳдни қилар эдилар”, дейилган. Бундан кўриниб турибдики бизлар шавқу-завқни яна ҳам ошириб, кўпроқ савобга эга болишимизга қулай фурсат. Зеро, Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда: “Набий алайҳиссалом Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар”, деб айтардилар (Икки шайх ва Термизий ривояти). Уламолар: “Набий алайҳиссаломнинг бундай дейишларига сабаб, инсонларни кўпроқ савобли, хайрли амалларни қилиб олишига тарғибдир”, дейдилар.
Мана шундай кунлар олдимизда. Рамазон фазилатини ҳам, қадр кечасини ҳам топишдек бахт остонамизда эшик қоқиб турибди. Айниқса, ҳозирги карантин даврида оила-аъзоларимиз билан бирга бу кеча-кундузларни ҳадисдагидек ўтказишга яхши имконият. Биз буни бажара оламизми? Албатта бажара оламиз. Кундузини рўза, кечасини яна ибодатда ўтказиш бизнинг қўлимиздан келади. Чунки, биз йигирма кундан бери танамизни бунга ўргатдик, тажриба ҳосил қилдик. Шундай экан энди алсо бўшашмайлик! Зеро, минг ойлик мукофот кимга керак эмас?!!
Юсуфхон ШОДИEВ