Ҳиндистонда бўлажак Айодҳа масжиди лойиҳаси эълон қилинди, бунинг учун расмийлар бундан 29 йил аввал вайрон бўлган Бобурий масжиди ҳудуди ўрнига участка ажратди. Олий суднинг қарори билан Айодҳадаги участка ўрнига мусулмонлар учун ажратилган ерда Дханнипур қишлоғидаги бўлажак масжиднинг биринчи тоши Ҳиндистон Республикаси кунида қўйилади.
Масжиднинг дизайн лойиҳаси Уттар-Прадеш сунний Кенгаши томонидан тақдим этилган бўлиб, диний иншоотнинг кўриниши одамни лол қолдиради – масжид Ҳиндистон учун жуда ноодатий кўринишга эга бўлади.
2 000 нафар намозхонларни сиғдира оладиган диний иншоот шарсимон шаклга эга бўлади ва вайрон қилинган Бобурий масжидидан 4 баробар катта бўлади, дея хабар бермоқда IslamNews Hindustan Times нашрига таяниб.
Аллоҳнинг уйидаги 300 ўринли шифохона мажмуаси масжиднинг ўзидан 6 баробар кўп жойни эгаллайди. Шифохона билан масжид ўртасида сўфийлар мақбараси жойлашган бўлади.
Қизиғи шундаки, масжид электр энергияси билан таъминланмайди - барча зарур энергия қуёш панелларидан ҳосил бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Кўпинча маблағсиз, эҳтиёжманд одамга “камбағал” деб қаралади. Аслини олганда ҳақиқий камбағал бу – нафсу ҳавонинг асири бўлган, қалбига иккиюзламачилик, зулм, ғурур каби разилликлар ўрнашиб олган кишидир. Қалби инсонни эъзозлаш каби туйғулардан бўшаб қолган кишидир. Қалбида иймон машъаласи сўнган киши ҳақиқий камбағал, фақир ва бечорадир.
Ливан ёзувчиси Михаил Нуайма бундай дейди:
Ҳар бир мунофиқ ёки ўғри ё фосиқ – фақирдир.
Ҳар бир адоватчи, серғазаб, гиначи – фақирдир.
Ҳар бир ҳасадгўй, чақимчи, иккиюзламачи – фақирдир.
Ҳар бир моли, чиройи, салтанати билан мақтанадиган – фақирдир.
Еяётган нони бировнинг пешона тери эвазига бўлган ҳар бир киши – фақирдир.
Ўзи обрўли бўлиш учун қўшнисини хор қилган ёки қорнини тўйғазиш учун уни оч қолдирган киши – фақирдир.
Нафсу ҳавосига эргашиб, ишининг бошию охири жаҳолат бўлган ҳар киши – фақирдир.
Энди айтинг-чи, шулар ҳақиқий камбағал эмасми?! Улар ҳуснихулқ бобида фақир эмасми?!
Ë Робб! Бизни ана шундай фақирлардан ва уларга ўхшаганлардан қилиб қўйма. Бизни ўзингга муҳтожлардан ва берганингга рози бўладиган беҳожатлардан қил. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида менга энг яқин ўтирадиганингиз хулқи энг гўзал бўлганингиздир”[1], деганлар.
Мазкур фақирлар тавба қилиб ўзларини ислоҳ қилмас эканлар, Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлганлари учун кўз ёш тўкишлари аниқ. Бир он тафаккур қилиб кўринг-чи, сиз ҳам уларнинг бири эмасмисиз? Агар шундай бўлса, нафсингизни терганг ва қораланган сифатлардан халос бўлинг-у, Аллоҳга қайтинг! Агар бунинг акси бўлса, сиз ҳусни хулқда, иймонда экансиз. Аллоҳнинг раҳматига лойиқсиз, бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтинг.
Улуғлардан бири айтади: “Камгина нарсаси бор фақир эмас, балки кўпни истайдиган ҳақиқий фақирдир”.
Бу борада шоир Мутанаббий ҳам бундай деган:
Кунларин сарфлар мол-дунё тўплаб,
Фақир бўлиб қолмай дея хавфсираб.
Бакр ибн Узайна ҳам бундай дейди:
Қанча бечора бор, чораси сабр,
Қанча фақирларнинг кўзлари тўқдир.
Яна не бойлар бор, дунёга асир,
Оч нафсдан ўзга ҳеч туйғуси йўқдир.
Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривояти.
[2] Имом Бухорий ривояти.