Қуръонга эҳтиром кўрсатиш нима дегани?
Шак-шубҳасиз Қуръони Каримга кўрсатиладиган ҳақиқий эҳтиром уни кўп тиловат қилиш, уни пухта ёд олиш, оятларида келган аҳкомларига амал қилиш, саҳифаларида жо қилинган амрларига бўйсуниш, қайтариқларидан четланиш, чегараларида тўхташ, одоблари ила одобланиш, бирор нарсани қабул қилиш ёки рад қилишда, амал қилиш ёки тарк қилишда, яхши кўриш ёки ёқтирмасликда уни меъзон қилиб олиш, ҳамда Қуръонни илмда, адабда, ақийдада, амалда тутиладиган йўл, сайри сулукда эса ғоя қилиб олиш билан бўлади.
Қуръони Каримни Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлишдан мақсад одамларни ҳаққа ҳидоят қилиш ва уларни зулматлардан нурга олиб чиқиш экани шубҳасиздир. Аллоҳ таоло шундай деган: «Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди. Аллоҳ Ўзининг розилигини истаганларни у билан салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилур» (Моида сураси, 15-16-оятлар).
Қуръонга эҳтиром кўрсатишнинг кўринишлари
Қуръонга бўлган ҳақиқий эҳтиром билан бир қаторда уни улуғлаш, ҳурмат қилишнинг барча кўринишларига аҳамият бериш керак. Жумладан, Қуръонни ушламоқчи бўлган одам таҳоратли бўлиши вожиб экани.
Аллоҳ таоло: «Уни фақат покланганларгина ушлайдир», деган (Воқиъа сураси, 79-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни пок одамгина ушлайди», дедилар».
Табароний ривоят қилган.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг китобини хос, муносиб, чиройли ғилофда сақлаш вожиблиги, тозалигига этибор бериш, муносиб жойга қўйиш, ерга ташлаб қўймаслик вожиб экани.
Уламолар Қуръонни ахлатга ташлаган одамни кофир бўлади, ҳурматини жойига қўймайдиган одамга сотиш ҳаромдир, деб фатво чиқаришган. Икки саҳиҳда (Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳларида) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусҳаф душманнинг қўлига тушиб қолиш хавфи бўлса, Мусҳаф билан душман ерларига сафар қилишдан қайтарганлар.
Салафи солиҳларимиздан Аллоҳнинг китобини сўзлари ва феъллари билан улуғлашганига доир ривоятлар келган.
Қатода розияллоҳу анҳу айтади: «Қуръон ўқиганимдан буён пиёз емадим».
Язид ибн Абу Молик айтади: «Оғзиларингиз Қуръон йўлларидан биридир. Қўлинглардан келганича уни покланглар, тозаланглар».
У кишидан ривоят қилган ровий шундай дейди: «У киши Қуръон ўқиганидан буён пиёз емаган».
Мужоҳид айтади: «Қуръон ўқиётиб сени эсноқ тутиб қолса, эсноғинг кетгунича Қуръон ўқимай тур».
Нававий айтади: «Мусҳаф тақдим қилинса, у учун туриш даркор. Чунки уламо ва ахёрлар учун туриш мустаҳаб саналади. Мусҳаф (учун туриш) авлороқдир».
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади
Тарихчилар Усмонли султонларининг ҳаж зиёратига бормаганига икки сабабни кўрсатадилар:
1. Хавфсизлик муаммолари:
Султонлар ҳаж сафарига боришда хавфсизлик муаммоларига дуч келган бўлишлари мумкин. Улар учун ҳажга бориш оддий одамларникидан фарқли равишда мураккаб бўлган, чунки султоннинг йўлда ҳужумга учраш хавфи катта эди. Бу ҳолат катта қўшин билан сафар қилишни талаб қиларди. Ҳаж ниятида йўлга чиқиб қон тўкишга сабаб бўлмаслигини афзал билганлар.
2. Давлат бошқарувидаги масъулият:
Султонлар мамлакатни муддатсиз тарк этиш хавфли деб ҳисоблашган. Ҳаж сафарлари бир неча ой давом этгани сабабли, давлатни ҳукмдорсиз қолдириш анархия ва сиёсий беқарорликка олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун султонлар ҳаж ўрнига давлат бошқаруви ва харбий юришларга устунлик берганлар.
Вақт ўтиши билан Усмонлилар сулоласига бу анъанага айланди. Султонлар “ҳажжи бадал” қилишни тайинлаган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Усмоний султонлари Макка ва Мадинага доим эътибор қаратган. Улар ҳар йили хайрия карвонларини жўнатиб, муқаддас шаҳарларнинг аҳолисига молиявий ёрдам кўрсатганлар ва Ҳарамайн масжидларини таъмирлаб, кенгайтириб турганлар.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.