Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Январ, 2025   |   21 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:43
Пешин
12:39
Аср
15:44
Шом
17:29
Хуфтон
18:46
Bismillah
21 Январ, 2025, 21 Ражаб, 1446

Қуръонга эҳтиром кўрсатиш

1.11.2023   1857   3 min.
Қуръонга эҳтиром кўрсатиш

Қуръонга эҳтиром кўрсатиш нима дегани?

Шак-шубҳасиз Қуръони Каримга кўрсатиладиган ҳақиқий эҳтиром уни кўп тиловат қилиш, уни пухта ёд олиш, оятларида келган аҳкомларига амал қилиш, саҳифаларида жо қилинган амрларига бўйсуниш, қайтариқларидан четланиш, чегараларида тўхташ, одоблари ила одобланиш, бирор нарсани қабул қилиш ёки рад қилишда, амал қилиш ёки тарк қилишда, яхши кўриш ёки ёқтирмасликда уни меъзон қилиб олиш, ҳамда Қуръонни илмда, адабда, ақийдада, амалда тутиладиган йўл, сайри сулукда эса ғоя қилиб олиш билан бўлади.

Қуръони Каримни Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлишдан мақсад одамларни ҳаққа ҳидоят қилиш ва уларни зулматлардан нурга олиб чиқиш экани шубҳасиздир. Аллоҳ таоло шундай деган: «Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди. Аллоҳ Ўзининг розилигини истаганларни у билан салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилур» (Моида сураси, 15-16-оятлар).

Қуръонга эҳтиром кўрсатишнинг кўринишлари

Қуръонга бўлган ҳақиқий эҳтиром билан бир қаторда уни улуғлаш, ҳурмат қилишнинг барча кўринишларига аҳамият бериш керак. Жумладан, Қуръонни ушламоқчи бўлган одам таҳоратли бўлиши вожиб экани.

Аллоҳ таоло: «Уни фақат покланганларгина ушлайдир», деган (Воқиъа сураси, 79-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни пок одамгина ушлайди», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг китобини хос, муносиб, чиройли ғилофда сақлаш вожиблиги, тозалигига этибор бериш, муносиб жойга қўйиш, ерга ташлаб қўймаслик вожиб экани.

Уламолар Қуръонни ахлатга ташлаган одамни кофир бўлади, ҳурматини жойига қўймайдиган одамга сотиш ҳаромдир, деб фатво чиқаришган. Икки саҳиҳда (Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳларида) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусҳаф душманнинг қўлига тушиб қолиш хавфи бўлса, Мусҳаф билан душман ерларига сафар қилишдан қайтарганлар.

Салафи солиҳларимиздан Аллоҳнинг китобини сўзлари ва феъллари билан улуғлашганига доир ривоятлар келган.

Қатода розияллоҳу анҳу айтади: «Қуръон ўқиганимдан буён пиёз емадим».

Язид ибн Абу Молик айтади: «Оғзиларингиз Қуръон йўлларидан биридир. Қўлинглардан келганича уни покланглар, тозаланглар».

У кишидан ривоят қилган ровий шундай дейди: «У киши Қуръон ўқиганидан буён пиёз емаган».

Мужоҳид айтади: «Қуръон ўқиётиб сени эсноқ тутиб қолса, эсноғинг кетгунича Қуръон ўқимай тур».

Нававий айтади: «Мусҳаф тақдим қилинса, у учун туриш даркор. Чунки уламо ва ахёрлар учун туриш мустаҳаб саналади. Мусҳаф (учун туриш) авлороқдир».

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Желатиннинг ҳукми

14.01.2025   4964   3 min.
Желатиннинг ҳукми

Желатин – суюқ модда бўлиб, ҳозирда баъзи дори воситалирида ва озиқ-овқат маҳсулотларида ишлатилади. У ҳайвонларнинг териси ва суякларидан олинади. Агар шу ҳайвонлар шаръан гўштини ейиш мумкин бўлган жонзот бўлса, у ҳолда зарари йўқ. Аммо, у ҳозирда мусулмон  бўлмаган юртлардан келтириладиган, асбоб-ускунада шаръий сўйилмаган ҳайвонлардан олинган бўлса, қаралади. Агар желатин ҳайвон суягидан олинган бўлса ҳанафийлар наздида – жоиз. Чунки суякда ҳаёт бўлмайди. ўлимтикнинг ҳаёт нишонаси йўқ бўлган аъзолари пок ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг олди-сотдиси ҳанафийларда жоиздир. Бироқ, желатин агар шаръий сўйилмаган ҳайвонлар терисидан олинган бўлса баъзи ҳамасирлар: "У – ҳалол, сабаби, ҳайвон терисига кимёвий ишлов берилганида унинг моҳияти ўзгариб кетади, бошқа нарсага айланиши билан ҳанафий мазҳабига кўра ҳалол, пок бўлади” дейишмоқда. Мен ўзим баъзи корхоналарда бу амалиётга гувоҳ бўлдим. Лекин, менимча бу амалиёт тери моҳиятини йўқ қилиб юборишга кифоя қилмайди. тўғри, бу ерда баъзи кимёвий амалиётлар бўлади, лекин ҳамма кимёвий амалиётлар ҳам моҳиятни ўзгартиб, бошқа нарсага айлантира олмайди. Бунга далил, гўштни пиширишда ҳам кимёвий ўзгаришлар амалга ошрилади, бироқ: “Гўштнинг моҳияти пишириш билан бошқа нарсага айланди», дейилмайди. Акс ҳолда ҳамма ҳаром қилинган гўштларни пиширгандан кейин ейиш ҳалол бўлиб қоларди. Менга шу борада мутахассис бўлган кишилар: "Желатин тайёрлаш учун териларда ўтказиладиган бу амалиётлар терининг моҳиятини йўқ қилиб юбормайди, фақат бу амалиёт териларни тозалашда ва уларни суюқ моддага айлантиришда ишлатилади", дейишди. Қаттиқ нарсаларни суюлтиришнинг ўзи унинг моҳиятини ўзгартирмайди. Шу сабабли ҳалигача терининг моҳияти йўқолиб кетиш масаласи менга аён бўлгани йўқ.

Лекин бу амалиётни кўриб, мутахассисларга мурожаат қилгандан сўнг менга маълум бўлдики, бу амалиётлар билан терининг ошланиши  ҳосил бўлади. «Ҳидоя» соҳиби айтади: “Ҳидни ва фасодни кетказувчи нарса ошловчидир”. Териларда амалга оширилаётган бу амалиётларда уни тозалаш, намлигини кетказиш учун «лиме» (теридан тукни  тўкиб юборувчи восита) ва «алкалаи» воситалари ишлатилади. Буни мутахассислар айтиб ўтишган. Бу борада яна дўстларимдан бири, шайхи сарфароз Муҳаммад ҳафизаҳуллоҳнинг илмий баҳси бор. Ўзлари фиқҳ фанидан мутахассис бўлишлари баробарида, кимё соҳасида ҳам мутахассислиги бор. У зот: "Бу амалиёт – терини ҳақиқий ошлаш бўлади, лекин у  тери моҳиятини йўқ қилолмайди" - деган хулосага келганлар.

Шаръий сўйилмаган ҳайвонларнинг суяги пок ва териси ошлаш орқали покланганидек, бу иккисидан олинган желатин ҳам пок ҳисобланади ва ҳанафийлар наздида озиқ-овқатдан бошқа нарсаларда истемол қилиш жоиз. аммо уни ейиш учун ишлатишга келсак, ҳанафийларда берилган фатвога кўра, бу – жоиз эмас. Желатинлардан олинган капсулалар билан даволаниш, бир шарт билан рухсат этилади: у ҳам бўлса, желатин чўчқа териси ёки суягидан олинмаган бўлиши керак. Бироқ даволанишдан бошқа ўринларда, модомики моҳияти йўқолиб кетмас экан, уни истеъмолидан сақланиш керак. Желатиннинг олди-сотдиси чўчқадан  олинмаган бўлса жоиз, юқорида айтиб ўтганимиздек у покдир ва ундан шариатга мувофиқ йўл билан фойдаланиш мумкин, валлоҳу  аълам. 

Ҳадис илми мактаби талабаси
Исомиддинов Жавоҳир
Муфтий Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг "Фиқҳул буйуъ" китобидан таржима қилди.