Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Мусулмон кишининг биродари ҳаққига қилган ғойибона дуоси ижобат қилинувчидир, унинг боши устида бир фаришта туради, қачон биродарига яхшилик тилаб дуо қилса, фаришта: «Омийн, сенга ҳам ўшанча бўлсин», дейди" (Имом Муслим ривояти).
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: "Аллоҳ йўлидаги биродарнинг дуоси ижобат қилинади", деганлар.
Киши ўз дўсти ҳақига унинг тириклигида ҳам, мамотидан кейин ҳам дуо қилиб туриш масъулиятидадир. Ўзига нимани сўраб дуо қилса, дўстига ҳам шуни сўраб дуо қилади.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Cавол: Намоз ўқиётганимда болам рўмолимни тортиб ечиб юборди. Намозим нима бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Фиқҳий қоидаларга кўра намозда беркилиши шарт бўлган аъзолардан бирининг тўртдан бир ва ундан кўп қисми уч тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтиш муддатича очиқ турса, намоз бузилади. Агар уч тасбеҳ айтиш муддатига етмасдан, бир қўлда енгил ҳаракат билан ёпиб олса, намоз бузилмайди. Сиздаги ҳолат ҳам мана шу ҳукмга тушади. Бу ҳолатда рўмолнинг ўзи тушиб кетиши ёки кимнингдир тушириб юбориши ўртасида фарқ йўқ (“Мухтасар фил фиқҳил ҳанафий”). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.