Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Воқеа – қиёмат номларидан бири. Воқеа сурасида қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган ҳодисалар баён этилган, охиратда бандалар оладиган мукофотлари, жаннат неъматлари, дўзах аҳлининг азоб-уқубатлари тафсилоти келтирилган.
Ибн Асокир нақл қилишича, Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумо уни кўргани бориб, ҳол-аҳвол сўради:
– Нимадан шикоятинг бор?
– Гуноҳларимдан.
– Нимани хоҳлайсан?
– Роббимнинг раҳматини.
– Сенга табиб буюрайми?
– Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди.
– У ҳолда сенга совға-салом буюртирайми?
– Ҳожати йўқ.
– Сенга керак бўлмаса, қизларингга қолади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бунга жавобан бундай деди:
– Қизларим камбағал бўлиб қолишларидан қўрқяпсанми? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман.
Тунда Воқеа сурасини бошидан охиригача ихлос билан ўқиган одам қашшоқлик кўрмайди: ризқи кенг бўлади, касб-корига барака киради. Тажрибада синаб кўрганлар бунинг ҳақиқат эканини таъкидлашган.
Воқеа сураси кенг ризққа сабаб бўлиши ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Воқеа бойлик сурасидир. Уни (ўзингиз) ўқинг, фарзандларингизга ҳам ўргатинг”, деганлар (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Банда бирор касалликдан азоб чекаётганда, шифо сабабларини излаши шартдир. Бу борада шифокорга мурожаат этиш, дори-дармонларни қабул қилиш, сабрли бўлиш, шунингдек, касалликнинг олдини олиш талаб этилади.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим, унинг юзини янада гўзал қилгин, сочлари ва танасини қувватли қилгин”. Қатода розияллоҳу анҳу 75 ёшида вафот этганида ўн беш ёшли йигитга ўхшарди.
Бир куни Имом Қосим Кушайрий раҳимаҳуллоҳнинг ўғли касал бўлиб қолди. Ота фарзандининг касаллигидан қаттиқ ғамга ботди. Кунларнинг бирида тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради ва ўғлига шифо тилаб дуо сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўғлингга шифо оятларини ўқи”, дейдилар. Қосим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи уларни ўқийди ва ўғли тузалиб кетади.
Шифо оятларига қуйидагилар киради:
وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ
“(Аллоҳ) мўминлар қавми қалбларига шифо беради” (Тавба сураси, 14-оят).
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
“Эй, одамлар! Сизларга Роббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).
يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
“Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 69-оят).
وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).
وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ
“Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур” (Шуаро сураси, 80-оят).
قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ
Айтинг: “(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир” (Фуссилат сураси, 44-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД