Имом Абу Мансур Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳрда тавҳид илмининг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Илоҳиёт илмларининг тўла шаклланиб, такомилга етишида, қайта ишланиб, маълум тизимга солинишида мислсиз хизмат қилди. Буюк аллома ўз қарашлари билан Ўрта Осиё халқларининг анъаналари ва урф-одатлари ҳанафийлик таълимоти билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсата олди.
Улуғ ватандошимиз асос солган таълимот Ислом динининг буюк ақидавий мактабларидан бири сифатида кенг кўламда тан олинди. Аҳли сунна вал жамоанинг ҳанафий мазҳаби вакиллари ақидада Имом Мотуридий ва унинг шогирдлари ҳамда издошлари ёзиб қолдирган қимматли асарларга таяниб иш кўришади. Эътиборлиси, Ислом оламининг аксарият минтақаларида, хусусан, Сурия, Ироқ, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Шимолий Африкада мотуридия таълимоти ҳозир ҳам ўрта ва олий диний ўқув юртларида мустақил фан сифатида ўқитилади.
Имом Мотуридий ўн бешдан ортиқ асар ёзган. У зот фиқҳ, калом ва тафсир йўналишларида битилган китоблар муаллифидир. Алломанинг фиқҳ илми ва унинг усулига бағишланган “Маъхазуш шариъа” (“Шариат асослари манбаи”) ҳамда “Китобул жадал фи усулил фиқҳ” (“Фиқҳ асослари ҳақида жадал баҳс”) номли китоблари машҳур.
Тафсирга оид – “Таъвилоту аҳлис сунна” (“Аҳли сунна ҳақида изоҳлар”) асари, асосан, калом илмига бағишлангани туфайли унда ақидага доир оятларни шарҳлашга кенг ўрин берилган. Муаллиф тафсирда ўз замонасидаги мўътазила, хавориж, карромия, жабария каби оқимларни зикр этиб, уларнинг Қуръон оятларига берган нотўғри талқинларини тўғри танқид қилган. Шунингдек, мушаббиҳа (Аллоҳ таолони, унинг сифатларини махлуқотларининг сифатларига ўхшатадиганлар), мунажжим (юлдузга қараб фол кўрадиганлар), фолбин ва бошқаларнинг фикрларини чуқур таҳлил қилган ва уларга асосли раддиялар берган. Демак, аллома ўзининг далилларга таянган, дунёқарашию соғлом тафаккури билан турли фирқаларга қарши кескин кураша оладиган даражада кучли билим соҳиби бўлган.
Абу Мансур Мотуридий ҳанафий илоҳиётшуносларига катта таъсир кўрсатди. Шунинг учун унинг қарашлари аввал Мовароуннаҳрда, кейин Хуросон ва бошқа минтақаларда кенг тарқалди. Шунингдек, Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг қарашларини тизимлаштиргани учун кейинги ҳанафий олимлар ақидада “мотуридийлар” дейилган. Зеро, Имом Мотуридий мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг эътиқодий қарашларини ривожлантирган ва тизимлаштирган буюк олим сифатида танилди.
Калом илмида Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” асарининг ўрни беқиёс. Абу Мансур Мотуридийдан кейин ўтган таниқли олимлардан Абу Муин Насафий ва Абу Юср Паздавий асарни мазкур ном билан, Ҳожи Халифа ва Бағдодий эса, “Китоб ат-тавҳид ва исбот ас-сифат” номи билан зикр этишган.
Бизгача мазкур асарнинг ягона нусхасигина етиб келган, у Кембриж университети кутубхонасида сақланади. 1970 йили мисрлик олим Фатҳуллоҳ Хулайф узоқ йиллар давом этган изланишлари натижасида Байрутнинг “Дор ал-машриқ” нашриётида “Китоб ат-тавҳид”ни нашр қилдирди. Нашрда бир талай камчиликларга йўл қўйилганига қарамай, у ўзидан кейинги тадқиқотлар учун манба сифатида аҳамиятлидир. “Китоб ат-тавҳид” бир неча марта қайта-қайта нашр этилди.
Имом Мотуридий ҳанафийлар томонидан аҳли сунна вал жамоанинг таниқли имоми, унинг фикрлари эса аҳли сунна вал жамоанинг қарашлари сифатида кўрилган.
Абу Юср Паздавий (493/ 1099), Абу Муин Насафий (508/1114), Умар Насафий (537/1142), Алоуддин Самарқандий (539/1144) ва Нуриддин Собуний (580/ 1184) каби атоқли олимлар фиқҳда Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг, эътиқодда эса Имом Мотуридийнинг қарашларига асосланишган.
Имом Мотуридий милодий 944 йили вафот этиб, Самарқанднинг машҳур Чокардиза қабристонида дафн этилган. XX аср бошларида академик В. Бартольд Самарқандга сафари пайтида Чокардиза қабристонида бўлгани ва у жойда Имом Мотуридий мақбарасини кўргани ҳақида ёзган.
2000 йили Имом Мотуридий илмий меросини ўрганишга бағишлаб ўтказилган анжуман арафасида Чокардиза қабристони ўрнида майдони 3,5 гектарлик мажмуа барпо этилди. Мажмуа марказида Абу Мансур Мотуридий мақбараси бунёд қилинди.
Мотуридий мақбарасини тиклаш жараёнида кўплаб фақиҳ ва уламоларга мансуб қабртошлар (қайроқ тошлар)нинг топилиши қорахонийлар даврига оид янги маълумотларни юзага чиқарди.
Имом Мотуридий ва унинг илмий меросини ўрганиш бугун ҳам долзарблигича қолмоқда. Алломанинг асарлари ҳамон ўзбек тилига таржима қилинмаган. Европа ва Туркия олимлари томонидан калом илми тарихига доир қатор тадқиқотлар амалга оширилган бўлса-да, Марказий Осиё ҳудудида ушбу йўналишда ҳали кўплаб илмий ишлар ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро
илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Савол: Бир биродаримнинг қалби нотинч бўлмоқда. Шу биродарим номидан ушбу саволни йўлламоқдаман. Бомдод намози вақтида имомликка у кишидан бошқа тажвиди яхши киши бўлмагани сабабли, жамоатга намоз ўқиб берган. Намоздан сўнг бавосир касаллиги эсига тушиб, таҳоратхонага бориб қараса, кийимида қонни кўриб қолибди. У қон намоздан олдин чиққанми ёки кейин, буни аниқ билолмаяпти. Энди ўқилган намозимиз тўғрими ёки йўқми, жамоатга: “Намозингизни қайта қазо қилиб ўқиб қўйинг”, деб айтайми-йўқми, билмай турибман, деб кўнгли нотинч бўлмоқда. Бунинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Киши кийимида нажосат кўриб қолиб, унинг қачон текканини била олмаса, кўрган вақтидан бошлаб теккан ҳисобланади. Аммо бу ҳукм ташқаридан теккан ёки ташқаридан тегиши эҳтимоли бор бўлган нажосатларга тегишли. Агар қон ёки йиринг ўзининг баданидан чиққани аниқ бўлса, бунда кийим нажосат бўлиш билан бирга таҳорат ҳам кетган бўлади. Кўрган пайтда қон ёки йиринг қотган ҳолатда бўлса, у аввалроқ чиққан ҳисобланади. Агар ҳўл ҳолатда бўлса, ҳозир чиққан ҳисобланади. Демак, биродарингиз қонни кўрган вақтда, у ҳўл ҳолатда бўлса, намозни қайта ўқиш шарт эмас. Агар қон қуриб қолган бўлса, биродарингиз намозни қайта ўқиши лозим. Жамоатга келсак, қаралади, агар уларга айтилса, фитнага сабаб бўлса, уларга бу ҳақида айтилмайди. Балки имом ўзи қайтиб ўқийди ва истиғфор айтади. Жамоатнинг намози дуруст бўлган ҳисобланади. Лекин жамоатга бу ҳақида айтса, фитна ва ихтилоф чиқмайдиган бўлса, у ҳолда уларга ҳам бу ҳақда айтиб қўйиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази