Тараққиётнинг янги босқичида ҳам “соғлом она ва соғлом бола”, “соғлом онадан соғлом бола” каби эзгу ғоя асосида жуда кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. Бу бежиз эмас албатта. Чунки фарзанд – Аллоҳ таолонинг инсониятга ато этган беҳисоб неъматлари ичида энг қадрибаланд ва азизи эканини, шу билан бирга, чексиз умидлар ила бир ёстиққа бош қўйган икки инсонга “ота ва она” деган шарафли номни юкланишига асос эканини ҳам ҳеч ким инкор этолмайди. Фарзанднинг қанчалар буюк неъмат экани, уни Яратгувчи Аллоҳдан ўзга ҳеч ким бера олмаслигини теранроқ англаш учун “ўзгаларга ибрат” бўлган бефарзандларнинг ҳаётига нигоҳ ташлаш лозим бўлади. Шунда унинг қанчалар чексиз ва буюк неъмат эканини англаб етиш имкони янада зиёда бўлади.
Ислом таълимотига мувофиқ, келажакда ота ёки она бўлмишларнинг бўлажак фарзандлари олдидаги энг биринчи бурчи унга муносиб она ёки ота танлаш мажбуриятидир. Чунки ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уруғларингизга ихтиёрни яхши қилинг. Никоҳингизга тенгни топинг ва уларга никоҳланинг» дедилар. Мазкур ҳадисдан хар бир турмуш қурадиган ўғил-қиз, келажакда дунёга келадиган дилбандига дунё ва дин масаласида муносиб бўлган она ва ота танлаши улуғ бир вазифа экани англашилади. Шу билан бирга турмуш қуришда мусулмон инсон нафақат шахсий манфаатини балки, зурриёдининг ҳам манфаатини ўйламоғи лозим экани аён бўлади. Сабаби фарзанднинг барча шахсий сифат ва хусусиятлари насл яъни ирсият орқали ўз ота-онасидан ўтиши барчага кундек равшандир. Айнан мана шу сабабдан боланинг ота ва онасини танланаётганда уларнинг аввало маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом ва баркамол эканига эътибор қаратиш лозим бўлади. Оқибатда эса мазкур фарзанд бутун ҳаёти давомида ўзини дунёга келтирганлардан кўнгли сурур ва фахрга тўлиб ҳаёт кечиради.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш ҳам шариат изн берган нарсалардандир. Зеро, бу жараённи куёв ва келин ўзларининг сабабидан келажакда дунёга келадиган фарзандларининг ақлан ва жисмонан саломатлиги хақида куйиниши ва қайғуриши дейилса ҳам асло муболаға бўлмайди.
Мазкур жиҳатлардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, дунёга келадиган боланинг ҳам руҳий-маънавий, ҳам жисмоний саломат бўлишининг ташвишини буюк неъмат – фарзанд дунёга келмасдан аввал эмас, балки ҳомила вужудга келмасдан аввал бошламоғимиз, бунинг учун эса энг аввало: «кимга қиз узатяпмиз?» ва «кимни келин қиляпмиз?» каби саволлар асосида чуқурроқ мулоҳаза қилмоғимиз лозим бўлади.
ЎМИ мутахассиси Акмалхон АҲМЕДОВ
Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси масъул ходимларидан иборат илмий гуруҳнинг Индонезияга ташрифи ушбу мамлакатнинг етакчи босма ва электрон нашрлари томонидан кенг ёритилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Жумладан, Индонезиянинг "CNN Indonesia" ахборот агентлиги "Ўзбекистон делегацияси Индонезияга ташриф буюрди" сарлавҳали мақолани эълон қилди. Унда Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университетида "Мовароуннаҳрдан Жануби-Шарқий Осиёга: ҳадис илмлари ва интеллектуал алоқалар" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтгани ва мазкур анжуманда Ўзбекистондан етакчи олимлар иштирок этгани маълум қилинган.
"Тадбир илмий мулоқот шаклида ташкил этилган бўлиб, унинг доирасида Имом Бухорий меросини ўрганиш, Мавароуннаҳр уламоларининг Индонезия оролларида ислом динини тарқатишда тутган ўрни, ҳадисшунослик йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди", – деб ёзган ахборот агентлиги.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида бўлиб ўтган қатор тадбирлар икки мамлакат ўртасида исломий маърифат, таълим, диний бағрикенглик ва тарихий меросни асраб-авайлаш соҳаларида алоқаларни янада мустаҳкамлаши таъкидланган.
Мақолада хабар қилинишича Ўзбекистон илмий-маърифий доиралари вакиллари Индонезия халқ манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Мухаймин Искандар, экология вазири ўринбосари Диас Хендраприоно, Уламолар Кенгаши ва "Наҳдатул уламо" ташкилоти раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
"Businessreview" веб-сайти "Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлиги диний мўътадиллик ва ислом таълими тизимини мустаҳкамлайди" сарлавҳали мақолани эълон қилди.
Нашрда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлигида Индонезия пойтахтида илмий-амалий конференция ташкил этилгани қайд этилган.
Материалда ёзилишича, анжуманда Мавороуннаҳр тарихи, Имом Бухорий мероси, Марказий Осиё уламоларининг Индонезияда ислом таълимотини тарқатишда тутган ўрни каби мавзулар муҳокама қилинди.
Ушбу мамлакатдаги "Aspirasi Nusantara" электрон нашри Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари "Наҳдлатул уламо" ташкилоти фаолияти билан танишгани ҳақида ёзди. Маълум қилинишича, шу йил 2 июль куни Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломов Индонезиядаги энг йирик ташкилот "Наҳдлатул уламо" раҳбарияти билан учрашди.
"Наҳдлатул уламо" ташкилоти қошидаги Илмий марказ раҳбари Абшор Абдулло Имом Мотуридий таълимоти сунний калом илмида мўътадил, ақл ва мантиққа таянадиган йўналиш эканини қайд этди" – деб ёзган электрон нашр.
Томонлар таълим соҳасида алоқаларни кенгайтириш, талабалар алмашувини амалга ошириш ва зиёрат туризми йўналишида дастурлар ишлаб чиқиш каби мавзуларда фикр алмашдилар.
Индонезиянинг "Jakarta Merdeka" онлайн портали эса "Богор Ботаника боғида дўстлик дарахти экилди" сарлавҳали мақолани эълон қилинди. Унда Ўзбекистон делегацияси аъзолари Богор шаҳридаги Индонезия Миллий Ботаника боғида дарахт экиш маросимида иштирок этгани ва Индонезия экология вазири ўринбосари билан учрашув ўтказгани маълум қилинган.
"Вазир ўринбосари Диас Хендраприоно Имом Бухорий тўплаган ҳадислар орасида табиатни асрашга оид насиҳат ва тавсиялар кўп эканини таъкидлади. Бу эса ислом таълимотида экологик билим ва онг асосий ўрин тутишининг яққол далилидир", – деб ёзилган "Jakarta Merdeka" мақоласида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати