Мусулмон одоби
“Ҳалим” сифати “ҳилм” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “шошмасдан оқилона иш тутиш» ва “ёмонлик қилганга ёмонлик қайтармаслик” маъноларини билдиради. Хушмуомалалик, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан қилиш ҳам ҳалимликка киради. Яъни, қўполлик ҳам, ўта заиф ҳолга ҳам тушиб қолмайди.
Ҳалимлик – жазолаш учун ғазабни қўзғатувчи сабаб пайдо бўлганда вазминлик, салобат ва виқор билан туришдир. Ҳалим одам дарҳол ўч ва интиқом олишга шошилмайди. У вазмин ва босиқлик билан тили ва аъзоларини озорга яраша жавоб беришдан тияди.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ таоло мулойимликни яхши кўрадиган Ҳалим зотдир. У мулойимлик (соҳибига)ка қўполлик ва ундан бошқа нарса (хислат)ларга берилмайдиган нарса (ажр-мукофот)ни беради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ: Кечиримли, камтарин бўлиш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, мўминнинг обрўсини сақлаш, ҳатто жониворларга ҳам раҳм-шафқатли бўлиш мақталган хислатлардан.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳалимликка беради”, дейилганидан мурод бошқа амалларга берилмайдиган савоб ҳалимлик учун берилади”, дейди. “Бунинг маъноси ҳалимлик туфайли мақсадларга эришилади ва амалга ошмайдиган истаклар рўёбга чиқади”, дея изоҳлайди Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул Борий” асарида: “Ҳалимлик ёрдамида унинг зидди орқали қўлга киритилмаган ишларга эришилади”, дейди.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Албатта, банда ҳалимлик туфайли рўзадорнинг ва кечалари ибодат билан қоим бўлувчининг даражасини топади” (Абу шайх ибн Ҳиббон).
Ойша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Эй Ойша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик не нарсада бўлса, уни зийнатлаган ва у не нарсадан олиб ташланган бўлса, уни айбли қилган” (Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривояти).
Баъзида қўрс, димоғдор кимсалар муомаласидан кўнглимиз ранжийди. Аммо қўлидан келса, яхшилик қиладиган, қурби етмаса бошқаларга зарари тегмайдиган содда, камтарин инсонлар ҳам атрофимизда кўплаб учрайди. Уларни менсимаслик, соддалигидан фойдаланиш катта гуноҳдир.
Ҳалимлик кишини нафсига эрк бериш ва ғазабини сочишдан тўсади, инсон шахсияти кучини, ноқисликлардан юқори туришни кўрсатади. Зеро, мулойимлик, камтаринлик фазилат, қўпол, манманлик айбдир.
Демак, яхши ишларга шошилган каби гўзал хулқли, чиройли муомалали, камтар ва ҳалим инсон бўлишга ҳам интилишимиз лозим.
Манбалар асосида
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими Абдувоҳид Ўрозов тайёрлади
Исломда "ғулув" дин илмини англашда ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "Айтинг: "Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!" (Моида сураси, 77-оят).
Расулуллоҳ алайҳиссалом "Аллоҳ таоло шариатда зиёда чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар", деб уч марта айтишларида, динда ҳаддан ташқари зиёдалик қилиш инсонни ҳалок қилиш билан тенг эканлигидан огоҳлантирмоқдалар.
Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-оқибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ва бошқа оқим ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш натижасида содир бўлган.
Айни вақтда, ғулувга берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис одамлар тўғри йўлдан адашиб, ундан безиб қоладилар. Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг хатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ.
Ғулувга кетиш, саркашлик, итоатсизлик, манмансираш каби иллатлардан холи бўлган ўтмиш аждодларимиз динимизни асраб-авайлаб, бизгача етказдилар. Шундай экан, диннинг мусаффолигини асраш ва уни келажак авлодга асл холича етказиш бизнинг вазифамиздир.
Абдуғоффор Ҳакимов, Мингбулоқ тумани
"Қўш қишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби