28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамиловнинг Қашқадарё вилоятига хизмат сафарлари давом этди. Мутасаддиларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Усмонов ҳамроҳлик қилмоқда.
Бугун дастлаб имом-хатиблар билан мулоқот ўтказилди. Унда муфтий ҳазратлари ҳозирги мураккаб давр ва синовли кунларда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифаларни баён этдилар. Жумладан, халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш ва оғир кунларда аҳолига кўмакчи бўлиш, иш фаолиятни замон талаблари даражасида олиб бориш зарурлиги ва ўз устиларида тинимсиз ишлаш кераклиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, мулоқотда сўзга чиққанлар томонидан тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ва камчиликлар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, иш фаолиятни янада такомиллаштириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ҳамда шукроналик ҳисси билан яшаш тўғрисида кенг жамоатчиликка тушунтириш ишларини олиб бориш каби йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
“Вақф” хайрия жамоат фондининг янги раҳбари Яҳё Абдураҳмонов имом-хатибларга таништирилди ва келгусида ҳамкорликда ишлаш юзасидан йўналишлар берилди.
Қашқадарё вилояти сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.
Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.