Бугун, 27 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган “Хўжамурод бахши” жоме масжиди янги биноси очилишида қатнашдилар.
Аллоҳ таолога шукрки, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-омонлик ва динимизга бўлган юксак эътибор сабаб, масжидларда бунёдкорлик ва қайта қуриш ишлари қизғин давом этмоқда.
“Хўжамурод бахши” жоме масжиди бир неча йиллар аввал ҳашар йўли билан қурилган эди. Ўтган давр мобайнида масжид биноси эскириб, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётганди.
Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини илгари суришди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач қайта қуриш ишлари амалга оширилди. Масжид миллий андозалар ва замонавий талаблар асосида барпо этилиб, ҳовлисида боғ ва атрофида автотураргоҳ ҳам бунёд қилинди.
Бугун, 27 ноябрь куни хизмат сафарини давом эттираётган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Хўжамурод бахши” жоме масжидида намозхонлар иштирокида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз мавъизаларида масжид аҳлини ушбу Аллоҳнинг уйи билан табрик қилиб, жумладан шундай сўзларни билдирдилар:
– Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш юртимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш одатий жараёнга айланиб бормоқда. Ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги-янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ҳақида хушхабарлар келиб турибди, кўпларида ўзимиз ҳам иштирок қиляпмиз.
Эндиликда мана шундай кўркам масжидларда имом-домлаларимиз халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом дини маърифатини етказиш, уларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш ва эзгуликлар тарқатиш ишида жуда ҳам фаол бўлишлари зарур.
Муфтий ҳазратлари сўзларининг давомида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда шунинг мислини қуриб беради», деган ҳадиси шарифларини келтириб, мазкур жомени барпо этишга ҳисса қўшган барчанинг ҳаққига дуолар қилдилар. Ушбу файзли жума намозида уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва масжид қавми иштирок этди.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаббат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.
Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаётидаги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қондириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминлашдир.
Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.
Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.
Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинчлиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидойилик кўрсатиши лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).
Бу оят никоҳдаги жуфтларнинг бир-бирига муҳтожлиги ва улар ўртасидаги яқинликни таърифлайди.
Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқибатида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаётига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.
Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.
Кечира олиш – гўзал фазилат, динимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.
Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.
Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мустаҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди