Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Феврал, 2025   |   9 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:07
Қуёш
07:27
Пешин
12:42
Аср
16:06
Шом
17:51
Хуфтон
19:06
Bismillah
08 Феврал, 2025, 9 Шаъбон, 1446

Пайғамбар алайҳиссалом авлодлари Термизга қандай келиб қолганлар?

25.11.2020   3314   7 min.
Пайғамбар алайҳиссалом авлодлари Термизга қандай келиб қолганлар?

Термиз шаҳри яқинида жойлашган Султон Саодат зиёратгоҳи Термиз саййидлари хонадонининг Х-ХVII асрлар давомида қурилган мақбараларидан иборат бўлган ўзига хос меъморий мажмуадир. Унинг номи Султон Саодат, араб тилидан таржима қилинганда – «бахтлилар султони» демакдир. Термиз саййидларининг етакчилари – нақиблари асрлар давомида “Султон Садот” – саййидлар султони унвони билан шарафланганлар. Иккала атама бир-бирига ўриндош сифатида фойдаланилган, араб тилида 
“Баб ас-садат мадан ас-саодат,
хубб ас-садат мифтах ас-саодат”.

Яъни:

“Саййидлар эшиги, бахт конидир,

Саййидларга муҳаббат бахт калитидир”,  калимаси кенг ишлатилган.   
Дастлабки мақбараларнинг энг қадимгиси, олимларнинг фикрига кўра, Сомонийлар даврида қурилган. Аввало, мажмуанинг жануби-ғарб томонида жойлашган иккита мақбара барпо этилган бўлиб, уларда қадимий қабрлар жойлашган. Ушбу иккала мақбарани баланд пештоқли айвон билан бирлаштирган усти гумбазли оралиқ майдон масжид вазифасини ўтаган. Мақбаралар ҳашаматли бўлиб, унда пишган ғиштлар қўлланган ва турли услубий нақшлар билан зийнатланган. Айниқса Темурийлар даврида Султон Саодот мажмуасида катта хажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилган.

Мажмуадаги илк қабрда Термиз саййидлари хонадонининг асосчиси Ҳасан ал-Амирнинг ҳоки ётибди. Унинг Ислом дунёсида эътироф этилган шажараси Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бориб тақалади. Нақл қилинишича, Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг Фотима розияллоҳу анҳо онамиздан туғилган ўғли Ҳусайн розияллоҳу анҳумо, сўнгги сосоний шоҳи Йаздигарднинг қизига уйланади. Уларнинг фарзанди Алидан Ҳусайн ал-Асқар, ундан Убайдуллоҳ дунёга келади. Убайдуллоҳнинг фарзанди Жаъфар ал-Ҳужжат Мадина шаҳрининг ҳокими бўлганлиги ривоят қилинади. Жаъфар ал-Ҳужжатдан Амир Ҳусайн, ундан эса Ҳасан ал-Амир туғилади. У милодий 850 йили яқинлари билан Самарқандга келади. У ерда ўн бир йил яшаб кейин Балхга ўтади. Тахминан 865 йилда Термизга келади ва шу ерда бутунлай ўрнашиб қолади.  
Сомонийлар давридан Термиз саййидлари худовандзода фахрий унвонига сазовор бўлишган. Айнан шу маънода, лекин бошқа кўринишда Темурийлар даври манбаларида Термиз саййидлари “хонзода”, ХV асрнинг иккинчи ярмидан эса “мирзо” унвонлари билан шарафланганлар. Шунингдек, улар ўзларининг исми-шарифларидан ташқари Мусавий, Алавий ва бошқа кўплаб куниялар ва унвонлар билан номланганлар.        
Термиз саййидлари хонадонининг вакиллари салоҳияти бутун ислом дунёсида эъзозланиб келинди, улар асрлар давомида жамият ҳаётида етакчилик қилганлар. Саййидлар сулоласига мансуб бўлиш ўз даврининг ижтимоий-сиёсий, мафкуравий ва илмий жараёнларида фаол иштирок этишни талаб этган. Жумладан, Термиз саййидларининг еттинчи нақиби Мажидиддин Али ибн Жаъфар Мусавий XII асрнинг биринчи ярмида Салжуқийлар давлатининг етакчи дин пешволаридан бири бўлиш билан бирга, олимлар ҳомийси сифатида танилади ва Термизда расадхона қурдиради. Термиздан етишиб чиққан энг машҳур шоир Адиб Собир Термизий Мажидиддин Али ибн Жаъфарнинг ҳомийлигида ижод қилган.  Муҳаммад Хоразмшоҳ 1212 йилда уламо ва имомларини йиғиб, Аббосийларни халифаликдан маҳрум қилади ва вазири, Термиз саййидларидан бўлган Аъло ал-Мулкни халифа деб эълон қилади. Саййидлар  мўғуллар босқинидан кейин ҳам мавқеларини йўқотмай, вайрон бўлган Термиз марказини Султон Саодат мажмуаси ҳудудига кўчиришади. Термиз саййидларидан етишиб чиққан  машҳур аллома Саййид Бурҳониддин Термизий (1275-1342) 1231 йилгача шаҳар аҳлига етакчилик қилган, кейинчалик Кичик Осиёга, Конияга кўчиб кетиб, Жалолиддин Румийнинг устози бўлган. Саййид Бурҳониддин Термизийнинг Туркиянинг Қайсария шаҳрида қад кўтарган мақбараси асрлар давомида зиёратгоҳ бўлиб келади. Хонадоннинг яна бир етакчиси Худованзода Абу-л Макарим Аъло ал-Мулк – “Амир аш-Шахид” (1292-1344) Термиз ҳокими бўлиб, мўғулларга қарши мустақиллик курашида фаол иштирок этган. Унинг ўғиллари ва жиянлари манбаларга кўра Амир Темур ҳаёти ва фаолиятида муҳим аҳамият касб этишади. Нашр этилган шажаралардан бирига кўра Амир Темурнинг илк умр йўлдоши Хонзода олий насаб бўлган. Термиз саййидларининг шажарасига кўра Аъло ал-Мулкнинг эса шундай исмли жияни ва қизи бўлган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Амир Темур саййидлар билан оилавий алоқада бўлган. Мазкур воқелик тарих давомида ўз исботини топади: кўплаб Темурийлар саййидлар билан никоҳлар воситасида қариндошчилик ришталарини боғлаганлар. Ўзаро никоҳлар натижасида Темурийлар ва саййидлар хонадони чамбарчас боғланиб кетганлар.        
Амир Темур ўзининг авлодларига саййидларни азиз тутишни васият қилиб кетган. Темурийлар бу васиятга содиқ бўлиб Самарқандда Шоҳи Зиндада Термиз саййидларининг вакилларини дафн этган бўлсалар, Шаҳрисабзда Улуғбек томонидан 1437 йилда барпо этилган, асли номи "Авлоди муборак" бўлган - Гумбази Саййидон мақбараси Термиз саййидларининг даҳмасига айланган. “Султон Содот” Абул Маолий 1459 йилда вафот этган ва  Гумбази Саййидонда дафн этилади. Саййиднинг қабритошида Термиз саййидларинииг шажараси келтирилган.

Шайбонийлар ва ундан кейинги даврларда ҳам Термиз саййидлари маълум мавқега эга бўлишади. Шайбонийхон  ўзининг  ўғли Муҳаммад Темур Султонга Термиз саййидларидан келин олиб беради. Абдуллахон II Султон Саодотни зиёрат қилгани ва мақбарани таъмирлагани ҳақида маълумот бор.

Ислом дунёси тарихида Термизийлар маърифати, илму-урфондаги истеъдодлари билан алоҳида ажралиб туради. Улар орасида саййидлар ҳонадони вакиллари ҳам бор: фалакиётчи олим Жалолиддин Жаъфар ибн Ҳусайн ат-Термизий, табиб, дориларнинг тавсифи, ишлатилиши соҳасига бағишланган "Мужаррабат", яъни, "Синалган дорилар" китобининг муаллифи Муҳаммад Маъсум ибн Саййид ал-Хасаний ат-Термизий, "Муноқиби Муртозавий" тарихий асарини ёзган Мир Муҳаммад Солиҳ Термизий, "Дастур ал-Мулк"  асарининг муаллифи Хожа Самандар Термизий  шулар жумласидандир. Термиз саййидлари хонадонидан етишиб чиққан машҳур наққош-хаттот Мир Саййид Али Ҳиндистонда Ҳумоюн саройида хизмат қилган.

XX асрнинг 30-йилларигача зиёратчилар  Султон Саодат мақбарасини зиёрат  қилганлар. Лекин, шўролар тузумининг сиёсати оқибатида зиёрат тақиқланган, мажмуа дарвозахонаси бузиб ташланган ва хонақоҳ ғиштлари ташиб олиб кетишган. Қабрлар устидаги қабртошлар олиб ташланган.

Термиз саййидлари хонадонининг тарихини, мамлакат равнақи ва тараққиётини таъминлашга қўшган ҳиссасини, улар абадий макон топган маскан ҳақидаги маълумотларни ўрганиш мозий саҳифаларини тўлдиришга хизмат қилади. Масалан, афғон қабилаларининг диний раҳнамоси Пир Бобонинг асли исми Саййид Али Шоҳ ат-Термизийдир. Шу каби Термиз сайидлари хонадонининг вакиллари, бутун Ислом дунёсида Хитойдан тортиб Туркиягача, Татаристондан тортиб Ҳиндистонгача тарқаладилар. Улар барча жойда қалб нури, ақл зиёси билан ислом маърифатини тарқатадилар, ўткир заковати, юксак одоби, мукаммал ахлоқи, қолаверса ҳидоят йўлидаги кароматлари билан Ислом дунёси нафига хизмат қилиб назарга тушдилар. 
   

Жалолиддин Мирзаев
 Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
 маркази катта илмий ходими
тарих фанлари номзоди
 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳақиқий ютуқ

8.02.2025   5856   3 min.
Ҳақиқий ютуқ

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

فَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِهِ فَيَقُولُ هَاؤُمُ اقْرَءُوا كِتَابِيَهْ. إِنِّي ظَنَنتُ أَنِّي مُلَاقٍ حِسَابِيَهْ. فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ. فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ. قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ.  كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئًا بِمَا أَسْلَفْتُمْ فِي الْأَيَّامِ الْخَالِيَةِ

Яқинда давлатимиз Раҳбари раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2025 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нутқ сўзлади.


Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган кишиларга ёрдам кўрсатишнинг фазилати, улар ҳақига хиёнат қилиш оғир гуноҳлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши, хайру эҳсонлар ўз эгаларига етказилаётгани, яхшилик қилишнинг файзу баракаси ҳақида тўхталди.


Қуръони каримда ютуққа эришиш ва охиратда нажот топишнинг тўрт асосий сабаби ҳақида сўз боради. Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар, руку, сажда қилинглар ва Раббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки, нажот топсангиз” (Ҳаж сураси, 77-оят).


“Яхшилик қилинглар” буйруғи барча яхшиликни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда айтадики: “Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор” (Нисо сураси, 114-оят).


Ҳақиқий ютуқ одамларнинг ҳолини ўнглаш каби воқеликда таъсири кўринадиган яхши амалларидир. Талабанинг муваффақияти илмий юксалишда, жамиятга фойдаси тегадиган мутахассис бўлиб етишишда. Устознинг муваффақияти талабаларга чиройли таълим беришда. Шу каби ҳар қандай касб эгасининг ютуғи ўз ишини пухта билиши, унга юкланган вазифани тўла-тўкис адо этишидадир.


Ҳақиқий ютуқ Ҳақнинг тоатида бўлиш, Унинг буйруғига амал қилиш, қайтариғидан қайтиш ила рўёбга чиқаркан!


Ҳақиқий ютуқ – қиёмат кунида кишининг амаллари ёзилган дафтари ўнг томонидан берилишидир: «Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”. Бас, у қониқарли маишатда, олий жаннатда, мевалари (узиб олувчига) яқиндир. (Жаннат аҳлига): “Ўтган кунларда (дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверингиз!” (дейилур)» (Ҳаққа сураси, 19–24-оятлар).


Мусулмон инсон дини ва охирати хусусида муваффақиятга эришиши керак дегани дунёвий муваффақиятларга эришишга ҳаракат қилмасин, дунёга бутунлай қўл силтасин деганимас! Аксинча, мусулмон кишининг дунёда муваффақият қозониш учун ҳаракат қилиши – Аллоҳнинг ердаги “халифаси” мақомига муносиб иш! Ўткинчи ҳаётда муваффақият қозонишга берилиб кетиб, охират тадоригидан чалғимаса, бас! Мусулмонлар дину дунёларида, охиратларида ютсалар, нақадар соз бўлади!


Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,

Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби


"Ҳидоят" журнали 2-сонидан

 

Мақолалар