Ҳар бир фаслнинг ўзига яраша фазилатлари бор. Аммо улар ичида қиш фасли алоҳида фазилатга эгадир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фаслнинг мўминлар учун алоҳида фазли борлигини айтганлар.
Бу ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган:
عن أبي سعيد الخدري قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: « الشتاء ربيع المؤمن قصر نهاره فصام وطال ليله فقام». رواه البيهقي.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузи қисқа бўлади, рўза тутиб олади, кечаси узун бўлади (таҳажжудга) туради”, дедилар”.
Байҳақий ривоят қилган.
Аскарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай деган:
"Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қиш мўминнинг баҳоридир”, дейишлари баҳор фасли арабларда энг яхши фасл ҳисоблангани учундир. Чунки бу фаслда сувлар ва ўт-ўланлар мўл бўлиши сабабли серобчилик бўлади. Араблар етимларга хайр-эҳсон қиладиган серсаҳоват кишини ҳам "етимларнинг баҳори”, дейишади”.
Демак, қиш фасли унда нафл ибодатлар кўп бўлгани эътиборидан ўт-ўланлари сероб бўлган баҳорга ўхшатилган. Шу маънода қиш фасли мўмин киши учун энг яхши фасл ҳисобланади. Чунки бу фаслда бошқа фаслларга қараганда турли нафл ибодатларни кўплаб адо этиш осонлашади. Кечалари узун бўлгани сабабли ҳам уйқуга тўйиш, ҳам енгиллик билан ибодат қилиб олиш имкони туғилади. Кундузлари қисқа бўлгани сабабли рўза тутиб олиш ҳам ниҳоятда енгил бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фаслни ғанимат билишга ундаб бундай деганлар:
عن عامر بن مسعود عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: " الغنيمة الباردة الصوم في الشتاء ". رواه الترمذي.
Омир ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қишда (тутилган) рўза салқингина ўлжадир”, дедилар”.
Термизий ривоят қилган.
Яъни, одатда ўлжани қўлга киритиш учун тер тўкиб ҳаракат қилинади. Аммо баъзи вақтларда уни тер тўкмасдан, қийинчиликсиз қўлга киритиш ҳам мумкин бўлади. Қиш фасли ана шундай қийинчилик ва машаққатларсиз кўплаб ажр-мукофотларни қўлга киритиш фурсатидир.
☝️Бу фасл, айниқса толиби илмлар учун ниҳоятда аҳамиятлиди. ☝️
Шу маънода баҳор фаслини деҳқонлар учун уруғ қадаш мавсуми бўлганидек, қиш фаслини толиби илмлар учун илм эгаллаш мавсумидир, дейиш мумкин.
Мўминлар баҳори бўлган ушбу фаслни гўзал амаллар билан ўтказиш бахтига Аллоҳ таоло барчаларимизни муваффақ қилсин.?
"Динимиз аҳкомлари" китобидан
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази