— Бир йил олдин қизим вафот этганди. Деворга расмини илиб қўйишим мумкин-ми? Кейин қизимни кўп ўйлайман, тушларимга кирса дейман, лекин ҳеч тушимга кирмайди, у мендан розимасмикан деб ўйлаб қоламан. Мен нотўғри ўйламаяпман-ми?
— Яхши эмас. Уч зарари бор: биринчиси, инсон ва ҳайвон расмини белдан юқори жойга осиш ножоиздир. Ўсимлик ва жонсиз нарсаларнинг расмини осиб қўйишнинг ҳеч зарари йўқ. Иккинчиси, жонли расм илинган хонага раҳмат фаришталари кирмайди. Фоторасмларни альбомда сақлаш лозим. Учинчиси, деворида расм осилган хонада намоз ўқиш макруҳдир.
Қизингизнинг руҳи шод бўлиши учун Қуръон тиловати қилиб, садақа бериб, шуларнинг савобини унинг руҳига бағишлаш мумкин. Тушга кирмаслиги ёмонлик аломати эмас.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
7 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари учун 2025-2026 ўқув йили қабул имтиҳонларига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов диний таълим муассасалари учун янги ўқув йили кириш имтиҳонларини тартибли ўтказиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Муфтий ҳазратлари имтиҳонларни адолатли ва холисона ўтказиш, тартиб-қоидаларга риоя этиш, жараёнлар шаффоф бўлишига эришиш ҳамда тегишли хоналар хавфсизлигини таъминлаш, видеокузатув камералари билан жиҳозлаш каби муҳим жиҳатларга диққат қаратдилар. Шунингдек, имтиҳондан олдин абитуриентлар билан ўтказиладиган суҳбатлар ҳам белгиланган тартибда бўлишига урғу бердилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари имтиҳонларни очиқ-ошкора ва адолатли ўтказиш орқали ёш авлод ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, иқтидорли ёшларга билимларини намоён этишга имконият беришни қайд этдилар. Шунингдек, имтиҳон олишга масъул устоз ва мутахассислар Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам, халқимиз олдида ҳам улкан масъулиятни чуқур ҳис этиши ҳамда номақбул иллатлардан сақланишларига катта диққат қаратдилар.
Мадрасаларга кириш имтиҳон саволлари умумтаълим мактаб дастурлари асосида, Олий диний таълим муассасалари учун кириш имтиҳон саволлари эса мадраса таълим дастурлари асосида бўлиши ҳам алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш якунида қуйидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди:
– Қабул жараёнларини намунали ташкил этиш;
– Юқори даражада хавфсизлиги таъминланган электрон дастурлардан фойдаланиш;
– Абитуриентлар учун муносиб шароитларни яратиш;
– Абитуриентларга тест синовларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;
– Имтиҳон жараёнини видеокузатув қурилмалари орқали назорат қилиш;
– Ота-оналар учун кутиш жойларини тайёрлаш;
– Имтиҳон жараёнларини намойиш этиш учун экранлар ўрнатиш.
Қабул имтиҳонлари муваффақиятли ўтишини тилаб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати