يَسَۡٔلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَۖ قُلۡ مَآ أَنفَقۡتُم مِّنۡ خَيۡرٖ فَلِلۡوَٰلِدَيۡنِ وَٱلۡأَقۡرَبِينَ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِۗ وَمَا تَفۡعَلُواْ مِنۡ خَيۡرٖ فَإِنَّ ٱللَّهَ بِهِۦ عَلِيمٞ٢١٥
215. (Эй Муҳаммад), сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса, "Нима эҳсон қилсангиз ҳам ота-онага, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг, қандай яхшилик қилсангиз ҳам Аллоҳ уни албатта билади", денг.
Яъни, эй Пайғамбарим, сиздан нималарни эҳсон қилиш ҳақида сўрашса, эҳсонни ота-онага, қариндошлар ва етимларга, мискинлар ва мусофирларга қилиш кераклигини айтинг. "Эҳсон" деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин "эҳсон" сўзи луғатда "яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш" маъноларини ҳам англатади. Қуръонда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилади. Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб туради, эҳсонни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор: "Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади" (Анъом, 160). Қуръони каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон. Аллоҳ азза ва жалла бундай буюради: "Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, камбағалларга, қариндош қўшниларга, оддий қўшниларга, оила аъзоларингизга эҳсон (яхшилик) қилинглар" (Нисо, 36).
Мусулмон киши кимга яхшилик қилишни, қандай яхшилик қилишни жуда яхши билади. Чунки Аллоҳнинг Китобида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида бу ҳақда жуда кўп амр-фармонлар, кўрсатмалар келган. Шуларга кўра, эҳсон қилиш энг олдин сизни туғиб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Имом Насафий ва Хозин тафсирларида зикр қилинишича, фарзанд учун ота-онанинг мақоми шунчалар улуғки, у ота-онани номи билан чақирмай, балки "отажон, онажон" каби ширин сўзлар мурожаат қилиши, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслиги, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиши лозим. Шундан кейин қариндош-уруғлар, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлиб қолган етимлар, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади. Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: "Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир"; "Расули акрам алайҳиссалом: "Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз" дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар"; "Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир" (Бухорий ва Муслим ривояти). Булардан эса, ҳар бир мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлиши лозим, деган фикр келиб чиқади.
Бугунги кунда сиз билан биз амал қилаётган кўпгина одатларни дин ҳам, жамият ҳам рад этади. Шариат жорий қилган амаллар билан бидъат ва хурофотни айириб олиш аслида унча мушкул вазифа эмас. Даставвал, «бидъат», «хурофот» сўзларининг луғавий маъноси хусусида: «Бидъат» — сўзи айнан таржима қилинса «янгидан ўйлаб чиқилган одат» деган маънони беради. «Хурофот» эса «асоссиз» деган маънодадир. Яъни, динда асоси йўқ, беҳуда ишлар, одатлардир.
Баъзи «бидъат» ва «хурофот» амаллар борки жамиятимизда илдиз отиб, ҳам диний, ҳам дунёвий урф-одатларимизга қоришиб кетган. Юртимизда бидъат ва хурофот одатлардан воз кечаётган, бошқаларга тушунтираётган, бу тушунтиришни амалда исбот этаётган мусулмонларимиз кўп. Бидъат ва хурофотдан қутулиш қийин эмас. Бу масалани яхши ечиб берувчи уламоларимиз, илмига амал қилғувчи домла-имомларимизнинг сўзларини яхши фаҳм этсак кифоя.
Мазкур меъёрни билмайдиган кишиларимиз эса суннат билан бидъатнинг фарқини ажрата олмасдан хурофий ишларни Ислом дини одатларидан деб биладилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурофий мункар ишларни қоралаб, бундай деганлар: “Азайимхонлик, тумор тақиш ва сеҳру жоду билан шуғулланиш Аллоҳга ширк келтириш билан баравардир”. Минг афсуски, ҳозирги пайтда бошига бирор ташвиш тушган ёки бирор нарсасини йўқотган айрим кишилар дарров фолбин ҳузурига бориб, фол очтиришга, “иссиқ-совуқ” қилдиришга, унинг айтганларини бажаришга ўрганиб қолишган. Сеҳр, яъни кўзбўямачилик, “иссиқ-совуқ” қилишлар катта гуноҳдир. Сеҳр қилингани учун олинадиган ҳақ ҳам шариатда таъқиқланган. Аллоҳ таолонинг изни бўлмаса, шайтон ҳеч кимга зарар етказа олмаслиги Қуръони каримда баён қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрни етти ҳалок этувчи улкан гуноҳлар қаторида санаганлар. Мўмин киши дунё ва охиратда пушаймон бўладиган ишлардан сақланиши лозим. Сеҳрга аралашиб юрган гумроҳ кимсаларнинг аксарият қисми ишларида ширк ва куфр сўзларни қўллайдилар. Ваҳоланки, ким имон шартларидан бирини рад этса, кофир бўлади. “Иссиқ-совуқ” Аллоҳ таоло берган тақдирига таъсир этади, деб эътиқод қилиш ширкдир.
Дуохонлик, азайимхонлик, дам солиш каби одатлар қадимдан ҳамма халқларда мавжуд. Бу нарсалар ичида шаръан рухсат этилган ва рухсат этилмаганлари бор. Ислом таълимоти бу ишлардан шариатга зидларини таъқиқлаган, мос келадиганларини аниқлаб берган. Масалан, касалга ёки бошига бирон ташвиш тушган кишига оятлардан ўқиб дам солиш, ҳадисларда келган дуоларни ўқиб шифо тилаш жоиз, балки суннат ҳамдир. Аммо куфроний сўзлар, маъносиз тўқима дуоларни ўқиб дам солиш таъқиқланади. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ сўзига кўра, уламолар дам солишнинг учта шарти борлигига ижмо қилишган:
1. Аллоҳнинг Каломи, исм ва сифатларидан ўқиш;
2. Араб тили ёки бошқа тилда бўлса ҳам, маъноси маълум ва шаръий бўлиши;
3. Дуо ва дам солишнинг ўзи мустақил таъсир қилмайди, балки Аллоҳнинг изни ва тақдири билан таъсир қилади, деб ишониш.
Демак, оиламиз тинч ва омон бўлиши, айниқса, янги турмуш қурган ёш келин-куёвлар ўзаро меҳр-муҳаббат ва иноқликда яшашлари, муқаддас оила қўрғонининг янада мустаҳкам бўлиши учун аввало динимиз таълимотларини боамал бўлиб лозим даражада ўрганишлари ҳамда динимизда ёт ҳисобланган турли бидъат ва хурофатлардан сақланишлари мақсадга мувофиқдир.
Шариъатимизда ман қилинган бидъат амаллар:
Фолбинлик – ғайбни билиш даъвосидаги кимсаларнинг машғулоти. Коҳинлик, аррофлик каби номлари мавжуд.
Коҳинлик – келажакда бўладиган нарсалар ҳақида хабар бераман дейди ва бу хабарларни унга жинлар етказишини даъво қилади.
Аррофлик – турли ишларнинг бошланиш сабаблари ҳамда ўғирланган нарсаларни, уни ким ўғирлаганини ёки қаерда эканини билишини даъво қилувчи киши.
Азайимхонлик – бунда дам солувчи одам жинлардан мадад сўраб дуо ўқийди.
Авфок – бу махсус геометрик шакллар ичига ёзилган рақам ва ёзувлар. Бунда шаклларни бирор вақтга ёзиб ўзи билан олиб юрса, бахт келтиради ёки омад унинг кетидан қувиб юради деб ҳисоблайдилар.
Мунажжимлик – бунда, юлдузларнинг жойлашувига қараб бўладиган ҳодисаларни билишни даъво қилади. Ҳозирги кунда газета-рўзномаларда чиқадиган “мунажжимлар башорати” ҳам шу турга киради.
Сеҳр – луғатда “сабаби махфий бўлган нарса” маъносини англатади.
Сеҳрнинг қуйидаги турлари мавжуд:
Шаъваза – бу фокус усулида чаққон ҳаракат билан кўрсатиш.
Нушра – бу жин теккан кишининг сеҳргар ёки фолбин ҳузурига бориб даволанишига айтилади. Булар ҳам жинларнинг мададига таянади.
Мушкул кушод – мушкулларни осон қилиш мақсадида масалан, қизга совчи келмаганда, йигитга қиз топилмаганда, иши юришмаганда қилинадиган хурофот амал. Бу хурофот “Бибичоршанба” ва “Чироқ ёқди” деб ҳам номланади. “Чироқ ёқди”да азиз-авлиёлар руҳини “чақириш” учун шам-чироқ ёки пахта ёқишади.
Бибисешенба – муҳтарам зотларнинг руҳидан мадад сўраш, ҳожатларини тилаш амали.
Юқоридаги барча бидъат-хурофотлар Ислом ақидасига зиддир ва улкан гуноҳ ҳисобланади.
“Кимда-ким фолбин ёки сеҳргар ёки коҳиннинг олдига бориб, унинг айтганларига ишонса, у Муҳаммадга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди” – Имом Аҳмад ривояти.
“Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, улар ўшаларнинг дуоларидан ғофил, бехабардирлар” – Аҳқоф, 5.
Бидъат-хурофотнинг жамиятга кўрсатаётган салбий оқибатлари
Бидъат-хурофотнинг исломга ва мусулмон жамиятига етказадиган катта хатарлари, оғир оқибатлари ва хавфли зарарлари мавжуд. Шу вақтгача пайдо бўлган турли диний фирқа ва гуруҳларнинг келиб чиқишига бидъат сабаб бўлганлигининг ўзи унинг нақадар хавфли иллат эканлигини билдиради. Бидъат-хурофотнинг жамият учун келтирадиган иқтисодий-ижтимоий зарарларидан саноқлиларини келтириш билан кифояланамиз:
Бидъатчи тушунчасининг бузуқлиги. У яхшиликни ёмон деб, ёмонликни яхши деб билади. Суннатни бидъат деб, бидъатни суннат деб билади. Ҳузайфа ибн ал-Яман розияллоҳу анҳу айтади: “Бидъат шунчалар тарқаб кетадики, агар мабодо бир бидъат тарк қилинса: “Суннат тарк қилинди” дейишади.
Бидъатчининг гувоҳлиги ва ривояти қабул қилинмаслиги. Муҳаддис, фақиҳлар ва усул уламолари бидъати билан куфр келтирган бидъатчининг ривояти қабул қилинмаслигига ижмоъ қилишган. Бидъати билан куфр келтирмаган бидъатчининг ривоятини қабул қилиш борасида турли фикр билдирганлар. Имом Нававий: “Агар бидъатчининг ривояти бидъатга чорламаса, унинг ривояти қабул қилинади. Агар чорласа қабул қилинмайди”, деган.
Бидъатчи ўз гуноҳи ва унга эргашганларнинг гуноҳини гарданига олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ҳақида шундай дейди: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким ҳидоятга чақирса унга эргашганларнинг ажри каби ажр унга берилади. Унга эргашганларнинг ажридан ҳеч нарса озаймайди. Ким залолатга чақирса, эргашганларнинг гуноҳичалик гуноҳ унга берилади. Унга эргашганларнинг гуноҳидан ҳеч нарса озайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Бидъатчи бидъат ишларини тўхтатмагунича унинг тавбаси қабул қилинмайди. Бидъатнинг тарқалиши суннат амалларининг йўқолиб кетишига олиб боради натижада мусулмонларни диннинг тўғри йўлини англашида ноаниқликлар юзага келади.
Бидъат ширкка олиб боради ва исломдан чиқаради. Агар мусулмонлар қабристонда ширк амалини бажараётган бўлса, бу ўзлари маъқуллаган ва ашаддий сўфийларидан кўриб олган бидъат амаллардир.
Бидъат инсонлар ҳаётига жоҳилият асрини қайтариб олиб киради. Халқ ичида парокандалик ва низоларни уйғотади. Шунда ҳар бир фирқа ўзиникини бошқа фирқаникидан тўғри ва яхши деб ҳисоблайди. Аллоҳ таоло улар ҳақида бундай дейди: “Ҳар фирқа ўз ҳузуридаги нарса ила ҳурсанддирлар”. Мўминун сурасининг 53-оятида “Бошқа йўлларга эргашманг! Бас сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар”. Айни шу нарса катта-катта уруш-жанжал, қон тўкилишлар, хўрлашлар, жабру-зулмларни келтириб чиқаради. Суннат эса инсонларни бирлаштиради, қалбларини бир-бирига боғлайди. Натижада Аллоҳ таолонинг “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” деган сўзига ўхшаб бир йўлдаги ва бир диндаги аҳил оға-инига айланишади.
Бидъат шаҳвоний амаллардан ҳам хатарлироқдир. Чунки шахватпараст кимса маъсият эканлигини билса гуноҳлари учун тавба қилиб қайтади. Бидъатчи эса ўзини ибодатдаман, яхшилик қиляпман, тўғри йўлдаман деб ўйлайди. Аллоҳ таоло уларни бундай таърифлайди: “Сен: “Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъй-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир”, – дегин”.
Бидъат инсонларни Аллоҳнинг динидан тўсади. Кофирларни исломга киришига монеълик қилади. Агар мусулмон бўлмаган ва исломни ҳақиқатини билмаган инсон кўп мусулмонларнинг бажараётган жоҳилона, бидъат-хурофот амалларини, бемаъни расм-русумларни кўрса, бу ислом экан, дин шунақа бидъат ва залолат амалларга буюрар экан деб ўйлайди. Айни шу нарса уни ислом динини қабул қилишдан қайтаради.
Кофирликдан воз кечиб ислом динини қабул қилган янги мусулмонлар ҳали динни ўрганиб улгурмай, диний амал деган ўйда бидъатчининг бидъат амалларини ихлос билан қила бошлайди. Шунда исломни қабул қилган янги мусулмон куфрга олиб борадиган бидъатларни содир этиб қўяди. Бир куфрдан воз кечиб иккинчи куфрга кириб қолади.
Имрон ХОЛМИРЗАЕВ,
Тошкент ислом институти талабаси.