Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахсман. Биринчи шафоат сўровчиман. Биринчи шафоат қилинувчиман», дедилар». (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).
Термизийнинг лафзида: «Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ўша кунда ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмас-ку, мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман», дейилган.
Шарҳ: Аввалги ҳадиси шарифда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло бу дунёни яратишидан бошлаб, энг афзал табақадан бўлиб келганлари баён қилинган эди. Бу ҳадиси шарифда эса у зот алайҳиссаломнинг дунёнинг аввалидан энг афзал банда бўлишлари ҳақида сўз кетмоқда.
«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман», дейдилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Имом Термизийнинг ривоятлари эса у зотнинг ўша саййидликлари айнан қайси нарсада намоён бўлишини баён қилади: «Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ўша кунда ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса».
Ушбу жумладаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қўлимда ҳамд байроғи бўладир» деган гаплари «мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтади», деган маънодадир.
Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаниш учун айтган эмаслар, балки воқелик шу. Бу, ўз-ўзидан, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охиратда ҳам энг афзал банда бўлишларини кўрсатади.
«Мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман».
Қиёматдан олдин дунё пайдо бўлгандан бошлаб, то ўша пайтгача бўлган барча халойиқ қабрда бўлиши маълум. Ўша қабрдагилар ичидан ким биринчи бўлиб тирилтирилса, ўша шахс уларнинг ичида энг афзали бўлиши ҳам маълум. Худди ана шу шахс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зотнинг устиларидан қабрнинг ёрилиши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайта тирилиб, ўз қабрларидан чиқишларидир. У зотнинг биринчи бўлиб қабрдан қайта тирилиб чиқишлари барча халойиқнинг афзали эканликларига далолатдир.
«Биринчи шафоат сўровчиман».
Бу ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг афзал банда, энг афзал пайғамбар эканликларининг яна бир далилидир.
«Биринчи шафоат қилинувчиман».
Аллоҳ таолонинг Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни қиёмат куни биринчи шафоат қилиши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг афзал банда ва энг афзал пайғамбар эканликларига далилдир.
Буларнинг ҳаммаси воқеъликдир, бор гапнинг ўзидир. Бунда заррача мақтаниш, заррача фахрланиш йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Термизийнинг ривоятларида:
«Фахр эмас-ку, мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман», демоқдалар.
Набийларнинг имоми ва хатибилар
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фахр эмас-ку, қиёмат куни келганда мен набийларнинг имоми, хатиби ва шафоатлари соҳиби бўлурман», дедилар». (Термизий ривоят қилган).
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам фахр учун эмас, воқеъликдаги бор ҳақиқат айтилмоқда. Қиёмат куни Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча пайғамбарларга имом бўлишлари, барча пайғамбарларга хатиб бўлиб, уларга ваъз қилишлари ва барча пайғамбарларга шафоатчи бўлиб, уларни шафоат қилишлари ҳақида сўз кетмоқда.
Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга имом бўлишдан афзал мақом борми?!
Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга хатиб бўлишдан афзал мақом борми?!
Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга шафоатчи бўлишдан афзал мақом борми?!
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан
Ҳар биримиз ҳаётда муваффақият қозониш истагида бўламиз-у, лекин унга етиша олмаймиз. Бунинг сабаби эса “муваффақият”ни етиб бўлмас бир рўё деб ўйлашимиздир. Аслида биз муваффақиятга элтувчи омилларга беэътибор бўламиз, натижада муваффақиятсизликларимиз кўпайиб бораверади.
Муваффақият – бу яхшидан янада яхшироғи томон интилишимиздир. (Баркамоллик Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир). Бирортаси сизга “Ҳаётдаги мақсадимга эришдим” деса, билингки, у одам қулай бошлабди. Киши муваффақият сари ҳаракат қилиши зарур. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ҳеч бир одамнинг ажрини зое қилмас. Бадиъуз замон Ҳамазоний бундай дейдилар:
Вожиб манга тиришмоғим, қилмоқ жаҳд,
Шарт бўлмағай нажоҳни идрок этмак.
Ҳаёт бўстонидан муваффақият меваларини териш илинжидаги кишига оид мана бу насиҳатлар сизга ҳам асқатади. Бу насиҳатлар икки дунё саодатини топиш учун чақириқдир. Зеро, охират диёрида киши очиқ-ойдин хусронга юз тутар экан, унинг дунё ҳаётидаги зафаридан не наф?!
Аллоҳ таолога тақвони лозим тутинг, шунинг ўзи хайрли озиқа ва аъло насиҳатдир. Зеро, Аллоҳ таоло Талоқ сурасининг 2–3-оятларида: «...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур...», дея марҳамат қилади ва яна худди шу суранинг 4-ояти сўнгида ҳам: «...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб берадур!» – дея тақво қилишга амр қилган.
Қалбингиз аввал Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига, кейин эса ота-онангиз ва атрофингиздагиларга муҳаббат ила тўлиб-тошсин. Зеро, муҳаббат кишини ёшартиради, умрни узайтиради, хотиржамлик бахш этади. Нафрат эса қалбни қорайтиради. Муҳаббат жароҳатга малҳам бўлиб хизмат қилади ҳамда қалбга меҳр ва яқинлик тафтини солади.
Ўзингизга бўлган муҳаббатингиз бошқаларга нисбатан кичикроқ, озроқ бўлсин. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 9-оятида ансорийларни мақтаб: «...Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар...», дея марҳамат қилади. Одамларга яхшилик илиниб фараҳманд бўладиган кишилар ҳақиқий бахтиёр инсонлардир. Бадбахтлар эса фақат ўз манфаатларини кўзлайдилар. Охир-оқибатда ҳеч қандай савобга эришмайдилар.
Қалбингизни муҳаббат, бағрикенглик, ғамхўрлик каби туйғулар билан тўлдириш учун ҳаракат қилинг. Ҳеч шак йўқки, бадбахтларнинг қалблари ҳасад, ғазаб ва нифоқ ила лиммо-лим бўлади.
Ўтган ишларга қайғурманг! Нохушликларга кўз ёш тўкиш фойда бермайди. Бировларнинг мусибатларидан куладиганлар эса ўзларига жабр қиладилар. Кўзадаги тўкилган сутга айюҳаннос солгандан кўра, унинг ўрнини қоплаш пайида бўлинг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу муборак сўзларини доимо ёдда тутинг: “Сенга бирор иш содир бўлса, “агар бундай қилганимда, мана бундай бўларди-да” дея кўрма, фақатгина “Аллоҳ тақдир қилган экан, Ўзи хоҳлагани бўлди” деб
айтгин. “Агарда” шайтонга йўл очиб беради”[1].
Нафсингизни яхши гумон қилишга ўргатинг! Зеро, яхши гумонда бўладиганлар тунда осмонга тикилиб, ойнинг назокатини ҳам кўра оладилар. Бадгумонлар эса самога ташлаган назари ортида зулматдан бошқа нарсани кўра олмайдилар. Бошқаларни ўзидан кўра яхшироқ деб ўйлайдиганлардан бўлинг. Яхшиликка йўювчилар бошқаларнинг муҳаббатига сазовор бўладилар. Бадгумонлар эса ўз атрофидагиларни гўё қувиб-соладилар.
Ҳалиймий айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши гумонни хуш кўрардилар. Чунки бадгумонлик Аллоҳ таоло хусусидаги ёмон ўйловдир. Некгумонда бўлиш эса Аллоҳ таоло хусусидаги яхши ўйдир. Мўмин ҳамма ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло хусусида яхши гумонда бўлишга маъмурдир”.
Бошқа бир ҳадисда Муовия ибн Ҳакам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: “Ё Аллоҳнинг Расули, бизнинг орамизда шумланадиганлар бор”, дедим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У кўнгилларига келган нарса холос. Бу нарса уларни (бирон иш қилишдан) тўсмасин”, дедилар».
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Муслим ривояти.