Ўзича амал қилмаслик ёки мазҳабга тўлиқ амал қилишнинг вожиблиги
Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин Димашқий (1783–1836) раҳимаҳуллоҳнинг “Уқуду расмил муфтий” асари фатво чиқариш қонун-қоидаларини ўқиб-ўрганишда ҳанафийларнинг асосий китоби ҳисобланади. Унда имом Ибн Обидин умумий қоида ва тамойилларни баён қилади. Бу китобнинг ҳанафийлар орасида обрўси баланд эканига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Қолаверса, мен ундаги қонун-қоидаларни очиқчасига рад қилган бирор таниқли уламони билмайман. Мақоланинг давомини тушунишга ёрдам бериши учун мазкур китобдан бир неча тезисларни қисқача қилиб келтириб ўтаман.
1. Ўзи истаган қараш ёки фикрга эргашиши мумкин эмас.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Амал қилиш ёки бировга фатво (жавоб) бериш учун фақатгина мазҳаб олимлари қувватли, деб ҳисоблаган қавлга эргашиш вожибдир. На ўзи амал қилиши ва на бировга фатво бериши учун истисно ҳолатлардан бошқасида кучсиз қавлга эргашиш мумкин эмас”.
Шунингдек, “Шифа ал-илал” номли рисолада Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ Қосим Қутлубуғонинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Кучсиз қавлга таяниб ҳукм чиқариш ёки фатво бериш – жоҳиллик ва ижмога зид”.
2. Мазҳабдаги кучли қавлни фақатгина таржиҳ аҳли белгилаб бериши мумкин.
Биринчи ҳолатимиздан келиб чиқиб, яъни ўзимиз истаган қавлга эргаша олмас эканмиз, у ҳолда мазҳабда амал қилинадиган қавлни ким ажратиб беради, деган савол пайдо бўлади. Албатта, бу вазифа фақатгина ижтиҳоднинг маълум даражасига етган олимлар томонидан амалга оширилиши мумкин, холос.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Билгинки, муносиб кишилар томонидан кучли деб ҳисобланган нарсага эргашиш вожибдир”.
Муаллиф ўша муносиб кишилар ким эканини шундай изоҳлайди: “Яъни таржиҳ аҳли. Бу нарса ҳар қандай олимнинг ҳам таржиҳи яроқли бўлавермаслигига ишора қилади”.
3. Фақиҳларнинг илмий даражаси турлича бўлади.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ фақиҳларнинг етти табақаси ҳақида Ибн Камол Пошонинг тақсимотини келтиради. Бундай табақаланиш ҳамда Ибн Камол Пошо қайси олимни қайси табақага киритгани кейинги давр олимлари, жумладан, Лакнавий, Маржоний ва Кавсарий кабилар томонидан танқидга учраган. Танқиднинг асоси баъзи табақани бир-биридан ажратиш мумкин эмаслиги, шунингдек, фақиҳлар ўзлари муносиб бўлган ўриндан қуйироққа қўйилгани билан боғлиқ. Аммо улардан бирортаси фақиҳларнинг табақалари, кимлар таржиҳ соҳибию кимлар таржиҳ аҳли эмаслиги борасидаги фикрларни хато санашмаган.
4. Мазҳабдаги мужтаҳид анчадан бери йўқ, муфтийнинг вазифаси эса – таржиҳ аҳли қувватли деб белгилаган нарсага эргашиш.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бизнинг замонамизда муфтий-мужтаҳидлар йўқ, фақатгина соф муқаллидлар қолган, холос”. У охирги мазҳаб мужтаҳидлари орасида Камол ибн Ҳумом (вафоти ҳижрий 861 йил) ва Қосим Қутлубуғо (вафоти ҳижрий 879 йил)ни ҳам зикр қилади. Ибн Нужаймни эса соф муқаллидлар қаторига қўшади. Агар Ибн Нужаймнинг таржиҳи олдинги таржиҳ соҳибларининг қарашларига мувофиқ келмаса, унинг таржиҳи ҳеч қандай кучга эга эмас.
5. Фатво аҳллари усул ва фиқҳга эмас, балки мазҳаб китобларидаги очиқ-равшан матн (нақл)га асосан фатво беришлари лозим.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Муфтий ўша (мужтаҳид)лар очиқ баён қилиб кетган матнни тўғридан-тўғри келтириш (орқали жавоб бериш)и вожибдир”.
Айтиш лозимки, Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ бу ўринда ўзини ҳам назарда тутмоқда. Ҳатто Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг ҳам усул ва фиқҳ асосида фатво чиқаришга ҳаққи йўқ экан, имом Насафийнинг “Манор”и асосида фатво беришга уранаётганлар кишини ҳайратга солади.
Юқоридагилардан хулоса қилинадиган бўлса, Қосим Қутлубуғодан сўнг мазҳабдаги ҳар қандай таржиҳ ҳеч қандай кучга эга эмас ва у рад қилинади. Чунки бу муқаллидларнинг ҳукми ҳисобланади, муқаллидлар эса ҳукм чиқара олишмайди.
Айримлар бу қоида – Ибн Обидиннинг шахсий қараши, холос, деб эътироз билдиришлари ҳам мумкин. Аммо яқиндагина чоп этилган Абу ал-Фая ал-Айни (милодий 1147 йилда вафот этган)нинг фатво одоблари ҳақидаги китобида ҳам худди шу маънони кўриш мумкин. Ваҳоланки, муаллиф бу китобни Ибн Обидиндан илгарироқ ёзган бўлиб, Ибн Обидин уни танимаган. Ибн Обидиндан сўнг бирорта ҳам ҳанафий фақиҳи мазкур тартиб-қоидалар борасида эътироз билдирмаган.
Жузъий масалаларда мазҳабдан ташқарига чиқиш борасида ҳанафий мужтаҳидларининг тутган мавқелари.
Абул Аббос Нотифий айтади: “Агар савол берувчи киши ироқликларнинг мазҳабига эргашадиган бўлса, олим унга Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад ёки Зуфарларнинг қавлларига кўра жавоб бериши керак. Унинг жавобни Шофеъий ёки Моликнинг қавлидан олишга ҳақи йўқ”.
Заҳириддин Марғиноний Кабир айтади: “Бирор аъзоси қонаган оми ҳанафий, бу масалада имом Шофеъийга эргашиб таҳоратини янгиламаслиги мумкин эмас”.
Фахрул Қуддат Муҳаммад ибн Ҳусайн Асрабандий айтади: “Агар (фиқҳдаги ихтилофда) ҳақиқат битта бўлмаганида, муқаллиднинг баъзида бир мужтаҳидга, баъзан эса бошқасига тақлид қилишга ҳақи бўларди. Бу эса диннинг ҳавои нафс устига қурилганини билдиради ва бу бузуқликдир...
(Фиқҳий ихтилофда) ҳақиқат битта дейдиган оддий мусулмон (оми)лар учун ўзлари энг билимдон деб ҳисоблаган фақат битта имомга эргашишлари вожиб бўлади ва ўз ҳавои нафсларига эргашиб, унга хилоф қилишлари мумкин эмас”.
Шайхул Ислом Бурҳониддин Марғиноний айтади: “Талоқни уйланишига боғлаган (ҳанафий мазҳабидаги) киши уйланиб, бунинг ҳукмини шофеъийлардан сўраганида, уларнинг ўз мазҳаблари бўйича “талоқ тушмайди”, деган жавоблари ҳам унга ҳужжат бўлолмайди (яъни талоқ тушади)”.
Муҳаммад ибн Асрушаний айтади: “Эркак ва аёлга шофеъий мазҳабидан ҳанафийликка ўтиш ёки аксинча қилишга рухсат берилади. Шарти – тўлақонли ўтиш керак, бир-икки масалада ўтиш мумкин эмас...
Баданидан қон чиқиб, оққан ҳанафий шофеъий мазҳабига эргашиб, таҳоратини янгиламай намоз ўқиши мумкин эмас. Агар шу ҳолда намоз ўқийдиган бўлса, унга тарсаки туширилиши керак”.
Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Мазкур имомлар мазҳаб мужтаҳидлари бўлиб, уларнинг ичида фақатгина Камол ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ бир мазҳабдан бошқасига ҳеч қандай сабабсиз ўтиш мумкин, деган фикрни илгари суради. Қолаверса, унинг ўзи бу қараш ҳанафийларга тегишли эмаслигини ҳамда ҳанафийларда бу иш гуноҳ саналиб, унга жазо берилишини очиқ кўрсатиб ўтган. Умуман олганда, Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ ўзининг мазҳабга алоқадор бўлмаган қатор шахсий фикрлари билан машҳур бўлган.
Бирор сабабсиз бошқа мазҳабга ўтиш мумкин, деб ҳисоблайдиган, жумладан, имом Шурунбулолий каби уламоларнинг ҳаммаси муқаллидлардир. Уларнинг шахсий фикрлари асосида фатво берилмайди. Шундай экан, ҳанафий мазҳаби доирасида бу фикрга эргашиш мумкин эмас.
Замонамиз олимларининг – ҳурматлари бош устига – қилаётган ишлари фатво учун манба бўлолмайди. Агар оддий мусулмон савол бераётган бўлса, у менинг ёки шайхимнинг фикрини ёки унинг кундалик ҳаётда қандай иш тутиши ҳақида эмас, балки ҳанафий мазҳабининг ҳукмини сўраётган бўлади. Агар савол ҳанафий мазҳаби доирасида берилаётган бўлса, албатта, жавоб ҳам фақат ана шу доирада бўлиши керак. Мабодо киши ўзининг шахсий ўй-фикри, тафаккури билан қандайдир хулосага келадиган бўлса, уни мазҳабга нисбат бермай, ўзининг шахсий хулосаси эканини қайд этиши лозим.
Бу масаланинг моҳияти илмийлик эмас, балки маънавийлик жиҳатидадир: қачонки талаба устозида мазҳабга қатъий амал қилиш кўникмасини топмас экан, бундай муносабат унинг ўзига ҳам ўтади.
Йигирма йилдан бери ҳадислар устида чуқур изланишлар олиб бораётган устозимиз, муфтий Муҳаммад Исҳоқ Банна кўпинча шундай дерди: “Насбур-роя” (Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” асаридаги ҳадисларнинг тахрижига бағишланган асар) ёки “Иълааус-сунан” (Ҳанафий мазҳабидаги ҳукмларга далил бўлган ҳадислар жамланган асар) каби китоблар мазҳаб устидан қозилик қилолмайди. Ҳатто уларнинг муаллифлари мазҳабнинг қарашига бирор далил-ҳужжат тополмаган тақдирда ҳам, у (мазҳабдаги гап) барибир ўзгармайди. Мазҳаб бизгача шундай етиб келган ва биз бу омонатни шундайлигича етказишимиз керак”.
Абу Али Ашъарий Ҳанафийнинг
шу номли мақоласидан
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ таржимаси
«Бу каби ихтилофли масалалар фақат бизда, Ўрта Осиёда ёки МДҲ давлатларида эмас, бошқа ерларда ҳам борлигининг далили сифатида Миср Араб Жумҳурияти бош муфтийси шайх Али Жума ҳазратларининг «Замонавий фатволар» номли китобларидан таржима қилинган матнни келтиришга ижозат бергайсиз.
Савол: Дафн давомида ёки ундан кейин қабр олдида Қуръон ўқишнинг ҳукми нима? Маййитга Қуръон талқин қилинишининг ҳукми нима? Баъзи бир кишилар: «Бундай иш бидъат бўлиб, на Қуръон, на ҳадис ва на эргашиш лозим бўлган хабарда келмаган, Қуръон қабрлар олдида тиловат қилиш учун нозил қилинмаган», дейишади. Бу ҳақда шариатнинг ҳукми нима?
Жавоб: Қуръон тиловати шариат буйруғида умумлаштирилган ҳолда айтилган. Умумий буйруқ эса жамики макон, замон, шахс ва ҳолатларни ўз ичига олади. Ушбу умумийликни фақат далил билан чеклаш мумкин, холос. Агар далил келтирмасдан чекланса, бидъат ишни қилган бўлиб, Аллоҳ ва Расули кенг қилиб қўйган ишни торайтириш бўлади.
Шунга биноан, қабр олдида, дафндан олдин ёки кейин Қуръон тиловат қилиш шаръий амал бўлиб, насс(матн)ларнинг умумийлиги ҳам шунга далолат қилмоқда. Бунга яна қўшимча равишда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва салаф солиҳлардан ворид бўлган кўплаб асарлар бордир.
Имом Абу Бакр Ҳаллол Ҳанбалийнинг (ҳижрий 311 йилда вафот этган) «Жомеъ» китобининг «Қабрлар олдидаги қироат» номли жузида, Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдулвоҳид Мавдисий Ҳанбалийнинг китобидаги ушбу масалага оид жузда, имом Қуртубий Моликийнинг (ҳижрий 671 йилда вафот этган) «Охират иши ва ўликлар ҳолати хусусида эслатма» номли китобида, Ҳофиз Суютий Шофеъийнинг (ҳижрий 911 йилда вафот этган) «Ўликлар ва қабр ҳолатини шарҳлашда қалб очқичи» номли китобида, Ҳофиз Абдуллоҳ ибн Сиддиқ Fиморийнинг (ҳижрий 1413 йилда вафот этган) «Қуръон савоби етишида баённинг очиқ-ойдин бўлиши» китобида ва бундан бошқа бир қанча китобларда бу масала хусусида сўз айтилган.
Бу хусусда очиқ-ойдин келган саҳиҳ ҳадислар ҳам кўп. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.
Абдурраҳмон ибн Ало ибн Лажлаждан, у отасидан ривоят қилинади:
«Отам менга: «Эй ўғилчам! Агар вафот этсам, мени лаҳадга қўйгин. Лаҳадимга қўйиб бўлгач: «Бисмиллаҳи ва ъала миллати Расулиллаҳ», деб устимга тупроқ тортгин. Кейин бош томонимда Бақара сурасининг аввали ва охирини ўқигин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деяётганларини эшитганман», деди».
Табароний ривоят қилган.
Худди мана шу ҳадисни Ибн Умар мавқуф ҳолатда ривоят қилган. Шунингдек, Ҳаллол ҳам «Қабрлардаги қироат» жузида, Байҳақий «Сунанул Кубро»да ва бу икковларидан бошқалар ҳам ривоят қилишган. Имом Нававий ва Ибн Ҳажар бу ҳадисни ҳасан дейишган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардаи бирор киши вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрига тез олиб боринглар. Бош томонида «Китобнинг очувчиси» (Фотиҳа) ўқилсин. Қабрнинг оёқ томонида Бақара сурасининг охири ўқилсин», дедилар».
Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган.
Имом Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да «Китобнинг очувчиси» деган жумланинг ўрнига «Бақаранинг бошланиши» деб айтилган ривоятни келтирганлар. Бу масалада бошқа ҳадислар ҳам бор, лекин бироз кучсиздир.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким қабрлар олдидан ўтаётиб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиса, сўнгра унинг савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади».
Ушбу ривоятни Ҳаллол «Қабрлардаги қироат» номли китобида, Самарқандий «Қул ҳуваллоҳу аҳаднинг фазилати» китобида ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кирса, сўнгра Фотиҳа, «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Ал ҳаакумут такаасуру» сураларини ўқиса, кейин: «Аллоҳим! Ушбу каломингдан ўқиган нарсаларнинг савобини қабристондаги мўмин ва мўминаларга атадим», деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади», дедилар».
Абул Қосим Занжоний «Фавоид» номли китобида ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
«Ким қабристонга кириб, Ёсин сурасини ўқиса, у ердагиларнинг азоби енгиллатилади ва унга у ердагилар ададича ҳасанот ёзилади».
Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдулвоҳид Мақдисий Ҳанбалийнинг бу масаладаги қисмда таълиф этган нарсалари қуйидагичадир: «Ушбу мавзудаги ҳадислар заиф бўлса ҳам, уларнинг мажмуаси асли борлигини билдиради. Барча ўлка ва асрдаги мусулмонлар ҳеч қандай инкорсиз ижмоъ қилган ҳолларида ўликларига Қуръон ўқийдилар».
2. Суннатда Ёсин сурасини ўликларга қироат қилиш хусусида қуйидагилар айтилган.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсин сурасиии ўқинглар», дедилар».
Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган.
Қуртубий бу ҳадисни шарҳлаб: «Ушбу қироат маййит ўлган вақтда ёки қабри ҳузурида бўлиши мумкин», деган.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий «Фатво» номли китобида: «Ёсин қироати юқоридаги икки ўринда ҳам мандуб», деган.
3. Шунингдек, шариат ҳам жанозада Фотиҳа сурасини ўқишни айтган. Чунки бунда маййитга хос манфаат бор бўлиб, раҳмат ва мағфират ҳам мужассамдир. Аммо ундан бошқа сураларда ундай эмас.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уммул Қуръон» сураси бошқа сураларнинг ўрнини босувчидир. Лекин бошқа суралар унииг ўрнини боса олмайди», дедилар».
Дорақутний ривоят қилган. Имом Ҳоким саҳиҳ деган.
Шунинг учун имом Бухорий ҳам «Саҳиҳ» китобларида «Фотиҳани ўликка ўқиш боби» деб алоҳида боб очганлар. Демак, у жаноза намози ёки унинг ташқарисида бўлишдан умумийроқдир.
Жаноза намозида Фотиҳа сурасини ўқишга далолат қилувчи бошқа ҳадислар ҳам бор. Бундан ташқари, Фотиҳа сурасини дафн пайтида ёки ундан кейин ўқишга далолат қилувчи ҳадислар ҳам мавжуд.
Умму Афиф Надийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аёллар байъат қилганида, биз ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда фақат маҳрам эркаклар билан гаплашишга ва ўликларимизга Фотиҳа сурасини ўқишга буюрдилар».
Табароний ривоят қилган.
Умму Шарик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликка Фотиҳа сурасини ўқишимизни буюрдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
4. Уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилишга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни ҳам далил қилиб келтиришади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтаётиб: «Мана шу иккови азобланмоқда. Катта нарса учун азобланаётгани йўқ. Улардан бири пешобидан тўсинмас эди, бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнгра бир ҳил хурмо новдасини опкелтирдилар-да, иккига бўлиб, бунисига бирини, унисига бирини суқиб қўйдилар. Сўнгра: «Шояд, булар қуригунча икковидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Хаттобий: «Бу қабрлар олдида Қуръон тиловат қилиш маҳбуб эканига далилдир. Чунки дарахт(шоҳи) нинг тасбеҳидан маййит наф олганидан кейин, Қуръон тиловатидан ундан ҳам кўп фойда ва барака умид қилинади», дейди.
Имом Қуртубий айтади: «Баъзи уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилинишига икки новда ҳадисини далил қилишади ва қабрларга дарахт экиш ҳамда Қуръон тиловатининг фойдали эканини таъкидлашади. Дарахтлар азобни енгиллатганидан кейин, қандай қилиб мўмин кишининг Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин! Шунинг учун уламолар «Қабр зиёрати мустаҳаб, тиловат зиёратчидан маййитга туҳфадир», дейишган».
Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳида: «Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳаб дейишган. Шоҳнинг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобнинг енгиллашиши янада аълороқдир», деган.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта қабр устида жаноза намози ўқиганлар. Ушбу ҳабар икки «Саҳиҳ» ва бошқа китобларда келган. Намоз эса Қуръон тиловати, салавот, зикр ва дуоларни ўз ичига олади. Демак, буларнинг барчаси жоиз бўлган ўринда баъзиси жоиз бўлиши табиийдир.
Шунингдек, уламолар қуйидагиларни айтадилар:
«Маййитга қироат савобининг етиб боришини ҳажнинг савоби маййитга етиб боришига қиёс қилиб олганлар. Чунки ҳаж хам намоз амалини ўз ичига олади. Ўз-ўзидан, намозда Фотиҳа ва бошқа суралар бор. Демак, буларнинг барчаси етиб борганидан кейин, баъзиси, яъни тиловат етиб бориши табиийдир. Баъзилар тортишса ҳам, мана шу охирги маъно ҳақдир. Лекин аксар уламолар: «Қироат қилувчи киши маййитга қироатининг савоби ададича савоб берилишини сўраса, Аллоҳ Ўз изни билан ўшанча савоб беради. Чунки агар Карим сифатли Зотдан сўралса, У албатта беради. Ва дуо қилинса, ижобат этади», дейилади.
6. Мана шу ҳеч қандай инкорсиз, авлоддан авлодга, салафдан халафга ўтиб келаётган амал бўлиб, эргашилаётган мазҳабларда эътимодли нарсадир. Ҳаттоки Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдул Воҳид Мақдисий Ҳанбалий ҳамда Шайх Усмонийлар ҳам китобларида қуйидагича нақл қилишган: «Албатта, истиғфор, дуо, садақа, ҳаж ва қул озод қилишда маййитга манфаат бўлиб, савоби унга етиб туради. Қабр олдида Қуръон тиловат қилиш эса мустаҳаб амалдир».
Ўтган солиҳларнинг ушбу мавзудаги асарлари:
Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида имом Шаъбийдан қилган ривоятда: «Ансорийлар маййит ҳузурида Бақара сурасини ўқишар эди», деб айтилган.
Имом Халлол «Қабрлардаги қироат» номли китобларида: «Агар бирор киши ўлса, ансорийлар унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди», деб айтганлар.
Халлол Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилиб: «Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишнинг зарари йўқ», деб айтганлар.
Ҳасан ибн Саббоҳ Заъфаронийдан ривоят қилиб: «Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўрадим. Шунда у зот «Зарари йўқ» дедилар», деб айтади.
Али ибн Мусо Ҳаддоддан ривоят қилинади:
«Мен Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома Жавҳарий билан жанозада эдим. Маййит дафн этилгач, кўзи ожиз бир киши қабр олдида ўтириб, тиловат қила бошлади. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал: «Эй фалончи! Қабр олдидаги қироат бидъатдир», деди.
Қабристондан чиққач, Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Ҳалабий хусусида фикрингиз қандай?» деди. Имом Аҳмад:
«У ишончли, - дедилар. Сўнг: - Сиз у кишидан бирор нарса ёзиб олганмисиз?» деган эдилар, Муҳаммад ибн Қудома қуйидагича жавоб берди:
«Мубашшир Абдурраҳмон ибн Алодан, у эса отасидан ривоят қилади. Отаси васият қилиб: «Агар дафн қилсангиз, маййитнинг бошида Бақара сурасининг боши ва охирини ўқинглар. Чунки мен Ибн Умарнинг шундай васият қилганларини эшитганман», деган экан».
Шунда имом Аҳмад:
«Бориб, халиги одамга айтинг, тиловат қилаверсин», дедилар».
Кейинги мавзу:
Эргашилатётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари