Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапиришидан олдин ўн марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳъйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин қодийр», деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса». Термизий ривоят қилган.
Кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда:
1. Унга ўн ҳасанот ёзилур.
2. Унинг ўн хатоси ўчирилур.
3. Унинг ўн даражаси кўтарилур.
4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.
5. Шайтондан сақланур.
6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас. Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, мустасно. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади.
Ундан сўнг «Саййидул истиғфор»ни ўқийди:
عَنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «سَيِّدَ الْاِسْتِغْفَارِ أَنْ تَقُولَ: اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ، خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ، وَأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ، أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ، وَأَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ، وَأَبُوءُ لَكَ بِذَنْبِي فَاغْفِرْ لِي فَإِنَّهُ لَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ. وَمَنْ قَالَهَا مِنَ النَّهَارِ مُوقِنًا بِهَا فَمَاتَ مِنْ يَوْمِهِ قَبْلَ أَنْ يُمْسِيَ فَهُوَ مِنْ أهْلِ الْجَنَّةِ، وَمَنْ قَالَهَا مِنَ اللَّيْلِ وَهُوَ مُوقِنٌ بِهَا فَمَاتَ مِنْ يَوْمِهِ قَبْلَ أَنْ يُصْبِحَ فَهُوَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Истиғфорнинг саййиди «Аллоҳумма анта роббии. Лаа илааҳа илла анта. Холақтаний. Ва ана абдука ва ана ала аҳдика. Ва ваъдика мастатоъту. Аъуузу бика мин шарри маа сонаъту. Абууъу лака би неъматика алайя. Ва Абууъу лака би занбий. Фағфир лий. Фа иннаҳу лаа яғфируз-зунуба иллаа анта», демоғингдир.
Ким уни ишонч билан наҳорда айтса, ўша куни кеч киришидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлур. Ким уни ишонч билан кечаси айтса, ўша куни тонг отишидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлади». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Маъноси: «Эй Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени халқ қилдинг. Мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Сенга гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас».
Ушбу «Саййидул истиғфор» номи ила машҳур бўлган дуони ўқиб юришни кўпчилик азизлар одат қилишган. Дуони яхшилаб ёд олиб, ўқиб юрмоқни ҳар бир мусулмон одат қилиши лозим.
«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбарлар қиссасидаги энг гўзал ҳиссиёт – уларнинг ҳам биз каби инсон бўлганликларидир. Аллоҳ таоло бизга иймон инсон табиатини ўзгартирмаслигини, балки уни тарбия қилишини англатишни хоҳлаяпти. Иймон шаҳватларни вайрон қилмайди, балки уларни тартибга солади!
Нуҳ алайҳиссалом ўғилларининг чўкаётганидан қийналди. Оталик туйғуси билан ўғлини ҳимояси учун Аллоҳга муножот қилди. Аммо Робби бундан қайтаргач, тўхтади. Мусо алайҳиссалом сеҳргарлар арқон ва асоларини ташлаганида қўрқди. У кишининг иймони заиф эмас эди. Аммо у киши ҳам инсон эди. Инсонлигига бориб қўрқди. Аллоҳ билан роз айтиб қавми олдига қайтганида уларнинг бузоққа ибодат қилаётганини кўриб ғазабланди. Қўлидан Таврот лавҳлари тушиб кетди. Зеро, баъзи бир ҳолатлар инсонни инсонлик чегарасидан чиқариб юборади!
Оламларнинг саййиди бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бошқа пайғамбар биродарлари каби башар эдилар. Инсон эканликларини айтишдан уялмас эдилар. Инсонлик нуқсон эмас. Аксинча, ана шу жиҳатнинг ўз мўъжиза бўлади. Ҳисларинг билан, ташвишларинг билан, маҳзунлигинг билан, қайғунг билан инсонлигингча қолиб, сўнгра оламни ўзгартиришга ҳаракат қилишинг мўъжизадир!
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга дедилар:
«Мен ҳам инсонман. Менинг ҳузуримга хусуматлашиб келасизлар. Эҳтимол баъзингиз бошқангиздан далил келтиришда моҳирроқ бўлар. Мен эшитганимга кўра унинг фойдасига ҳукм чиқараман. Мен кимга бир ҳақни ҳукм қилсам, демак, унга дўзахдан бир парчани кесиб берибман. Истаса уни олсин, истамаса ташласин!».
Қозининг ҳузурига хусуматлашиб келган икки кишининг бири эҳтимол гапга уста бўлиб, бошқаси ожиз бўлади. Қози гапга уста инсоннинг чиройли далил келтиргани учун унинг далилига қараб унинг фойдасига ҳукм чиқаради. Энди Савол: Қозининг ҳукми ҳалолми ёки ҳаром?
Аллоҳга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиқарган ҳукмлари кишига биродарининг ҳаққини ейишни ҳалол қилиб бермайди. Қозининг ҳукмини қўяверинг!
Бугунги мусулмонлар мубтало бўлган нарсалардан бири шуки, кишилар ҳалолни қиладилар, аммо ҳаромдан сақланмайдилар. Аввалгилар динни ҳалолни қилишдан кўра кўпроқ ҳаромдан сақланишда деб билишар эди!
Молик ибн Динор роҳимаҳуллоҳ айтади: «Кишининг юз минг дирҳам садақа қилганидан, ҳаром бўлган бир дирҳамни тарк қилгани яхшироқдир!».
Ҳалолни яхши ҳам, ёмон ҳам, солиҳ ҳам, осий ҳам қилаверади. Аммо ҳаромдан фақатгина қалби Аллоҳ учун холис бўлганларгина қайтади.
Ёлғончи ва хиёнаткор савдогар етимни кафилликка олиши мумкин. Бу улуғ иш. Аммо унинг хиёнатдан ва ёлғондан сақланиши, кишиларнинг молини ҳаром йўл билан ейишдан сақланиши бундан ҳам улуғроқ ишдир. Чунки Аллоҳ таоло покиза Зотдир. Покиза нарсаларни қабул қилади!
Тунги бар соҳиби бўлган киши масжид очганидан, унинг қурилишига ҳиссасини қўшганидан гапиради. Аммо унинг ўз тунги барини ёпиши Аллоҳ учун масжид бино қилганидан суюклироқдир!
Наша ёки маст қилувчи ичимликлар сотадиган киши Рамазонда ифторлик қилиб берганини гапиради. Аслида унинг наша ва ароқ сотишни тарк қилиши Рамазонда ифторлик қилиб берганидан яхшироқдир!
Тоат мақталган бўлса-да, ҳақиқий амалий иймон тоатда эмас, гуноҳлардан сақланишдадир!
Абдулқодир Полвонов