Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июл, 2025   |   12 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:14
Қуёш
04:57
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:38
Bismillah
07 Июл, 2025, 12 Муҳаррам, 1447

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Калом сифатиға ишоратдур (Ўн олтинчи мавзу давоми)

16.11.2020   2380   4 min.
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Калом сифатиға ишоратдур (Ўн олтинчи мавзу давоми)

ЎТА МУҲИМ ИЗОҲ

(Раббимиз Аллоҳ таолони қайси сифатлари ила таниймиз?..)

16-мавзу

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду сано, жаноб Расулуллоҳга сўнгсиз салоту салом бўлсин.

Ассалому алайкум, севикли дўстларимиз.

Мана, бир неча кундан бери Бобур Мирзонинг “Мубайян” асаридан баҳраманд бўлмоқдамиз. Муқаддимада айтганимиздек, бу асар беш китобдан иборат: 1) Иймон-эътиқод китоби; 2) Намоз китоби; 3) Закот китоби; 4) Рўза китоби; 5) Ҳаж китоби.

 

Шоҳ ва шоир, аллома ва саркарда Бобурнинг шундай гўзал китоб ёзгани – миллатимизнинг шарафидир.

 

Биринчи китоб – Эътиқодийя бўлмининг хулосаси шуки, Аллоҳ таолони саккиз сифати билан таниймиз. Булар Аллоҳнинг Ўз Зоти билан собит бўлган – субутий сифатларидир.

 

Бобур Мирзо бу сифатларни еттита деганлар ва Таквин – Яратиш сифатини қудрат сифатига дохил қилганлар. Шарҳда айтганимиздек, биз Таквин сифатини алоҳида ўрганамиз. Буюк Яратганнинг бу саккиз сифатини билишимиз шарт экан.

 

  1. ҲАЁТ СИФАТИ. Аллоҳ таоло абадий тирикдир, ўлим билмас ҳаётга эгадир. Лекин Унинг тириклиги жисм ва жон билан эмас, балки Ўз Зотидан Ҳаййдир – тирикдир.

 

  1. ИЛМ СИФАТИ. Аллоҳ таъоло замон ва макондан холи ҳолда, мавжуд ва номавжуд, бўлган ва бўладиган, каттаю кичик, бутун ва бўлак, мумкин ва номумкин, яширин ва ошкор – ҳамма нарсани ва ҳар бир ҳодисани энг яхши  тарзда  билувчи  ва  бутун  билимларнинг  манбаъи  бўлган Зотдир.

 

  1. ИРОДА СИФАТИ. Дунёда нимаики бор бўлса, бошдан-охир Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бўлади. Бутун инсоният тўпланиб, бир заррани ҳаракатга келтиришга ёки ҳаракатини тўхтатишга уринса, Аллоҳнинг ирода сифати тажаллий этмагунича, бунга асло кучлари етмайди.

 

  1. ҚУДРАТ СИФАТИ. Бутун қудрат ва бутун қувват Аллоҳдадир. У Зот ҳамма нарсани билиши билан бирга ҳамма ишни қилишга ҳам қодирдир. Ҳар ишни қилишга  Унинг  қудрати  етади, сабаб ва воситаларга эҳтиёжи йўқдир.

 

  1. САМЪ – ЭШИТИШ СИФАТИ. Аллоҳ таоло эшитгувчидир. У зот яширин ёки ўта пинҳон бўлган ҳамма нарсани эшитади. Унинг эшитмоғига узоқлик монеъ бўла олмайди. Эшитадиган нарсаларнинг кўплиги Унга халал бермайди.

 

  1. БАСАР – КЎРИШ СИФАТИ. Аллоҳ таоло кўргувчидир. У Зот катта ёки кичик бўлган ҳамма нарсани кўради. Унинг кўрмоғига қоронғулик ва масофалар монеъ бўла олмайди. Кўрадиган нарсаларнинг кўплиги Унга халал бермайди.

 

  1. КАЛОМ СИФАТИ. У зот мутакаллимдир – сўз билан сўзловчи ва гапирувчидир, лекин Унинг сўзлаши (инсонларда бўлганидек) тил, оғиз, танглай воситаси билан эмас. Аллоҳ таъолонинг ҳукмлари Ўз Зоти билан қоим бўлган азалий каломининг тажаллийси билан бўлиб, бу  эса  мўъжиза  Китоби  –  Қуръони  карим  орқали  намоён бўлади.

 

  1. ТАКВИН – ЯРАТМОҚ СИФАТИ. Бу Аллоҳнинг билфеъл яратмоқ сифатидир.  Бутун  бу  борлиқларнинг  ҳақ  яратувчиси Аллоҳ таъолодир.

        

Азиз дўстларимиз билан бирга, “Бу қийин илмлар экан” демасдан, Яратган  Эгамизнинг мана шу саккиз сифатини ўрганиб, бир умр ёдда тутишимиз зарур. Бу билим – маърифат эшиги, саодат калитидир. Яна Асмои Ҳуснада – Аллоҳнинг энг гўзал исмларида барча сифатлари ифода этилган. Насиб этса, бу ҳақда алоҳида суҳбатлашамиз.

 

“Мубайян ва насрий баёни” асарининг давомини диққат-эътибор билан ўқиб-кузатиб боришларини азиз дўстларимиздан умид қиламиз.

 

Фақир Мирзо КЕНЖАБЕК.

1441. 25-зулҳижжа. Шанба.

2020. 15 август.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Сафарга кетдилар...”

04.07.2025   17459   2 min.
“Сафарга кетдилар...”

Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:

– Ҳалиям уйланмадингми?

– Йўқ, – деди у.

– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?

– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...

– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..

– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.

Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:

“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:

– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:

– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...

Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.

Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ