ЎТА МУҲИМ ИЗОҲ
(Раббимиз Аллоҳ таолони қайси сифатлари ила таниймиз?..)
بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳ таолога чексиз ҳамду сано, жаноб Расулуллоҳга сўнгсиз салоту салом бўлсин.
Ассалому алайкум, севикли дўстларимиз.
Мана, бир неча кундан бери Бобур Мирзонинг “Мубайян” асаридан баҳраманд бўлмоқдамиз. Муқаддимада айтганимиздек, бу асар беш китобдан иборат: 1) Иймон-эътиқод китоби; 2) Намоз китоби; 3) Закот китоби; 4) Рўза китоби; 5) Ҳаж китоби.
Шоҳ ва шоир, аллома ва саркарда Бобурнинг шундай гўзал китоб ёзгани – миллатимизнинг шарафидир.
Биринчи китоб – Эътиқодийя бўлмининг хулосаси шуки, Аллоҳ таолони саккиз сифати билан таниймиз. Булар Аллоҳнинг Ўз Зоти билан собит бўлган – субутий сифатларидир.
Бобур Мирзо бу сифатларни еттита деганлар ва Таквин – Яратиш сифатини қудрат сифатига дохил қилганлар. Шарҳда айтганимиздек, биз Таквин сифатини алоҳида ўрганамиз. Буюк Яратганнинг бу саккиз сифатини билишимиз шарт экан.
Азиз дўстларимиз билан бирга, “Бу қийин илмлар экан” демасдан, Яратган Эгамизнинг мана шу саккиз сифатини ўрганиб, бир умр ёдда тутишимиз зарур. Бу билим – маърифат эшиги, саодат калитидир. Яна Асмои Ҳуснада – Аллоҳнинг энг гўзал исмларида барча сифатлари ифода этилган. Насиб этса, бу ҳақда алоҳида суҳбатлашамиз.
“Мубайян ва насрий баёни” асарининг давомини диққат-эътибор билан ўқиб-кузатиб боришларини азиз дўстларимиздан умид қиламиз.
Фақир Мирзо КЕНЖАБЕК.
1441. 25-зулҳижжа. Шанба.
2020. 15 август.
Ҳишом ибн Ҳасан Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳга деди: “Мен Қуръонни ўрганаман, бу вақтда онам мени кечки овқатга кутиб ўтирадилар”, деди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ унга: “Сен онанг билан овқатланиб унинг кўзини қувнатишинг, менинг наздимда нафл ҳаж қилганингдан кўра суюклироқдир!” деди.
Ибн Жавзийнинг “Биррул валидайн” асаридан.