Сўфи Оллоҳёр “Саботул ожизин” асарида бир ҳикоятни келтиради: “Абдуллоҳ ибн Муборак саҳрода йўлдан адашди. Юриб-юриб, узоқдан бир қудуқни кўргач, энди арқон ва бир челак бўлсайди, деб кўнгилдан ўтказди”.
Қудуққа яқин боргач, челак ҳам, арқон ҳам йўқ, сув анча пастда эди. Ибн Муборак ҳайрон бўлиб бир четга бориб ўтирди. Шу пайт саҳро қўйнидан бир кийик қудуқ томон кела бошлади. Етиб келгач, тумшуғини қудуққа суққан эди, сув кўтарилди, ҳатто қудуқдан тошиб чиқди.
Кейин сув ичиб яна саҳро бағрига кириб, ғойиб бўлди. Бундан ҳайрону лол бўлган Абдуллоҳ югуриб қудуқ бошига борди, сув эса Абдуллоҳ етиб боргунича яна пастлаб кетди.
Шунда унинг қалбидан бир нидо отилиб чиқди ва деди: “Ё Раб, берурсан оҳуга об, менга бермассан, эй султон Ваҳҳоб”. Шу пайт Абдуллоҳ ибн Муборакнинг қалбига бир нидо келди: “Ўша сен кўрган оҳу саҳрога ризқ истаб чиққан пайтда мендан бошқага таваккал қилмаган эди. Сен эса қудуқни кўрибоқ қалбингни челак ва арқон ташвиши эгаллади...”
Ибн Муборак бу нидони эшитиб, беҳол бўлди, бу танбеҳдан қалбида завқ дарёси жўш урди ва шундан сўнг умрининг охиригача чанқамади.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ Ўз дўстларининг қалбидаги бир лаҳзалик ғафлат учун ҳам танбеҳ беради. Зеро, юксак чўққидаги одамга хатар ҳам катта бўлади.
Ризқлар тақсимланадиган соат
Ойша розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади. Набий алайҳиссалом: “Барвақт туриб ризқларингизни талаб қилинглар. Куннинг аввали барака ва нажот вақтидир”, деганлар (Имом Баззор ва Имом Табароний ривояти).
Фотима бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: «Мен субҳ вақтида ухлаб ётган эдим. Шунда Расулуллоҳ менинг олдимдан ўтиб қолдилар ва уйғотиб: “Эй қизим, тур, Раббингнинг ризқ (тақсимлашига) шоҳид бўл ва зинҳор ғофиллардан бўлма!” дедилар» (Имом Байҳақий).
Дарҳақиқат, Аллоҳ тонг отгандан қуёш чиққунгача бўлган вақт мобайнида одамларнинг ризқларини тақсимлайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барчаларимизни барвақт туриб, ризқ талаб қилишга ундаганлар, тонг пайтида ғафлат ҳолидан чиқариш мақсадида ҳаққимизга хайр ва барака сўраб дуо қилганлар.
"Ҳидоят" журналидан
Ҳамроқул ХОЛБОЕВ,
Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу сизга изтиробларни синдириш, муваффақият томон юриш, дўстликни сақлаш ва оилада бахтиёр бўлишга ёрдам беради. Чунки дунёқараши кенг инсон бошқаларнинг табиатларини тушунадиган, ўзгаришлар қилишга қодир, ўзини бошқалар ўрнига қўйиб кўрадиган ва вазиятларга ўз ҳолича баҳо бера оладиган инсон бўлади.
Дунёқараши кенг инсон турли ишларни аъло даражада тушунади, бошига бирор қийинчилик тушган ёки ўзи орзу қилган нарса амалга ошмай қолган вақтда ҳаёт табиатини, унда кам-кўстсиз маза қилиб яшаётган инсон йўқлиги ҳамда гоҳида инсон ёмон кўрган нарсасида яхшилик бўлиши ва гоҳида эса яхши кўрган нарсасида ёмонлик бўлиши мумкинлигини, яхшилик Аллоҳ ирода этган нарсада эканини яхши англайди.
Дунёқараши кенг инсон ушбу кенг борлиқнинг бир парчаси эканини, бу борлиқнинг аламлари ва шодликларидан унга бир насиба борлигини яхши билади. Шунинг учун ҳам оғир зарбалардан довдираб қолмайди. Дунёқараши тор инсон эса бу ёмонлик ёки мушкул иш унгагина етган, ўзини доим зулм қилинадиган ва унга доим ёмонлик етадиган инсон деб ҳис қилади. Дунёқараши кенг инсон эса бундай нарсаларни ҳис қилмайди, бор кучини энг яхши нарсага эришишга сарф этади ва ўзига берилган нарсага рози бўлади.
Шуъла: Бугун бахтиёр бўлинг, эртага эмас!
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан