Aқл қўйдир, нафс бўри, иймон эса чўпон. Aгар иймон кучли бўлмаса, нафс ақлни ейди.
Завқ ва орзулар зинапояга ўхшайди. Зиналар ўтириб, дам олишга мослашмаган. Умрни шу зиналарда беҳуда ўтказмаслик учун ғофилликдан тез уйғонган ва ҳаётнинг моҳиятини тўғри англаб етган одам нақадар бахтли!
Жалолиддин Румий
***
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Алишер Навоий
***
Модомики, доноларча жавоб беришларини хоҳлар экансан – доноларча савол бер.
Гёте
***
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо алайҳиссаломнинг тутган йўлларини маҳкам тутдим, бахту саодатим ҳам, нажотим ҳам шу йўлдир!
Ҳақиқат ва адолат билан тўғри сиёсат юргизмаган ҳар бир раҳбар ва бошлиқ қаттиқ азоб-уқубат ва балога гирифтор бўлур.
Маҳмуд аз-Замахшарий
***
Ҳиссиёт руҳиятга энг қаттиқ таъсир этувчи омил ва уни ҳаракатга солишда ақлдан кўра кучлироқдир.
Инсон токи ўзини майда гап, ўчакиш, жанжал, шикоят, норозилик, оҳу воҳлардан озод қилолмас экан, у ифлос ва пастлик табиатидан халос бўлолмайди.
Абу Али ибн Сино
Ҳамма дунёни ўзгартиришга ҳаракат қилади, лекин ҳеч ким ўзини ўзгартириш ҳақида ўйламайди.
Лев Толстой
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Отам менга ўргатган учта ишни ҳеч қачон унутмайман. Сизларга ҳам улар ҳақида айтиб бергим келди.
Биринчиси, отам менинг қўлимдан тутиб, ёзишни ўргатарди. Мен ўқиш ва ёзишни отамдан ўргандим. Ҳаётим мобайнида нимаики яхши нарса ўқисам, ёзсам, унинг савобидан отамга ҳам насиба бориб туради, иншоаллоҳ.
Иккинчиси, отам тирноқларимни олиб қўяр, менга бу ишнинг аҳамияти, тирноқ остидаги микробларнинг зарари, хусусан, овқат пайтидаги зиёни ҳақида гапириб берарди. Бироз каттароқ бўлганимда тирноғимни ўзим олишимни ўргатди. Ҳар тирноқ олганимда шуларни эслаб, ҳақига дуо қилиб қўяман.
Учинчиси, отам нонушта қилмай уйдан чиқишимга йўл қўймасди. Соғлом бўлишда эрталабки нонуштанинг аҳамиятини кейин билиб олдим. Ҳар нонушта қилганимда ҳам отамнинг ҳаққига дуо қиламан.
Маърузаларимдан бирида йиғилганлардан: «Фарзандларингизга ҳар куни қўллайдиган учта ажойиб одатингиз борми?» деб сўрадим. Бир ота деди: «Ишга кетишимдан олдин уларни ўпиб қўяман, аср намозини ўқиб бўлгач, уларинг ҳар бири учун дуо қиламан, уйқуга ётишларидан олдин уларни бағримга босаман».
Сиз ҳам ўзингиздан сўраб кўринг-чи, отангиз ёки онангиз сиз учун бажарадиган учта энг яхши ишни эслай оласизми? Ёки ўзингиз болангизга учта яхши одатни ўргатяпсизми?..
Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг
"ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА 700 САБОҚ" китобидан