ТНВ телеканалидаги сюжетга кўра, Россияда биронта михсиз қурилаётган биринчи ёғоч масжид қурилиши якуний босқичга кирган.
Ёғоч меъморчилигининг барча қоидаларига мувофиқ қурилган ноёб масжид Татаристоннинг Зеленодольск тумани Исаково қишлоғида жойлашган.
Қурилиш ишлари икки йил олдин бошланган. Яқинда қурувчилар аввал том ва фасадни тугаллаб, минорани ўрнатишни якунлашди. Олдинда - масжиднинг ичини безатиш турибди. Масжид кейинги ёзда ўз эшикларини очиши кутилмоқда.
Россияда черковлар қуриш учун ишлатиладиган қадимий технология михлар ўрнига ёғоч шкантлардан фойдаланишни кўзда тутади, улар туфайли пухта равишда ишлов берилган тўсинлар ва тахталар бир-бирларига иложи борича зич ётади.
Бундан ташқари, михлардан воз кечиш анъанага тўлиқ риоя қилиш истаги билан эмас, балки бинонинг эксплуатация қилиш муддатини ошириш истаги билан изоҳланади, чунки айнан михлар қоқилган жойларда одатда чириш жараёни бошланади. Бу ерда эса ёғочдан бошқа материаллар йўқ.
Лойиҳа муаллифларининг сўзларига кўра, масжид нафақат маҳаллий аҳоли учун, балки саёҳатчилар учун ҳам диққатга сазовор жойга айланади, чунки у Москвадан олиб борувчи автомобиль трассаси ёнида жойлашган ва Татаристонга кириб келган меҳмонларни кутиб олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.
Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.