Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Ноябр, 2024   |   22 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:58
Қуёш
07:21
Пешин
12:15
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:19
Bismillah
23 Ноябр, 2024, 22 Жумадул аввал, 1446

Муборак васиятлар:ЗИКРНИНГ ФАЗИЛАТИ. ОЯТЛАРДА ЗИКР ҲАҚИДА

5.11.2020   4227   18 min.
Муборак васиятлар:ЗИКРНИНГ ФАЗИЛАТИ. ОЯТЛАРДА ЗИКР ҲАҚИДА

3ИКРНИНГ ФАЗИЛАТИ

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)га Қуръони карим тиловатидан кейинги энг афзал амал Аллоҳни зикр қилиш эканини васият қилдилар. Шундай экан, зикр ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

“Зикр”нинг луғавий маъноси “Аллоҳни эслаш”дир. Аллоҳни кўп зикр этган банданинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади, ихлоси ортади.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қилади, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (хотиржамлик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади” (Имом Муслим).

Банданинг энг яхши ҳолати унинг ўз Рабби зикри билан машғул бўлишидир. Зикр сабаби билан банда учта фазлга эга бўлади:

  1. Аллоҳ таоло Ўзини эслаган (зикр қилган) банданигина эслайди:

﴿فَٱذۡكُرُونِيٓ أَذۡكُرۡكُمۡ وَٱشۡكُرُواْ لِي وَلَا تَكۡفُرُونِ١٥٢

«Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152).

  1. Аллоҳ зикрини кўп қилган киши бутун ҳаётида, ҳатто уйқусида ҳам ибодат билан машғул бўлган ҳисобланади:

﴿وَمَا خَلَقۡتُ ٱلۡجِنَّ وَٱلۡإِنسَ إِلَّا لِيَعۡبُدُونِ٥٦

«Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).

  1. Аллоҳ зикрида бўлган киши ҳар қандай қийинчилик ва машаққатдан нажот топади:

﴿فَلَوۡلَآ أَنَّهُۥ كَانَ مِنَ ٱلۡمُسَبِّحِينَ١٤٣ لَلَبِثَ فِي بَطۡنِهِۦٓ إِلَىٰ يَوۡمِ يُبۡعَثُونَ١٤٤

«Бас, агар у (Юнус) Аллоҳга доимо тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, албатта, у балиқ қорнида Қиёматгача қолиб кетган бўлур эди» (Соффот, 143–144).

Аллоҳга тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш, ҳамд, шукр келтириш, дуо ва салавотлар айтиш, Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот, садақа ва инфоқ қилиш ҳамда ҳаж ва умра айни зикрдир.

Аллоҳга тасбеҳ, таҳмид, таҳлил ва такбир айтиш қуйидаги иборада жамланган:

Аллоҳ таолонинг энг севган тўрт каломи булардир, Аллоҳ наздида улардан кўра севимли калом йўқдир:

Субҳаналлоҳ.

Алҳамдулиллаҳ.

Аллоҳу акбар.

Ла илаҳа иллаллоҳ.

Самура ибн Жундуб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло ҳузурида каломнинг маҳбуброғи ушбулардир:

سُبْحَانَ اللهِ والحَمْدُ للهِ ولَا إلَهَ إلَّا الله واللهُ أَكْبَرُ

Уларнинг қайси бири олдин айтилса ҳам зарари йўқдир”, дедилар (Имом Муслим).

Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) ривоятида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аллоҳ ҳузурида каломларнинг маҳбуброғи: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”дир”, деганлар (Имом Муслим).

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: «Мен Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зикрнинг афзали: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дуонинг афзали эса, “Алҳамду лиллаҳ”дир”, деганларини эшитдим».

Чунки бу дуо ва зикрлар абадий қоладиган солиҳ амал ва савоблардир. Дарахт баргларини тўккани сингари, булар ҳам банданинг гуноҳларини тўкади. Булар жаннат хазиналаридир.

Бу каломлар ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай башорат қилганлар: “Булар арининг овозига ўхшаш овоз билан Аршнинг атрофида айланиб, соҳибини хотирлатади. Сизларнинг ҳар бирингиз ҳам шундай бўлишини хоҳламайсизми?”

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Ким юз марта “Ла илаҳа иллаллоҳ”, юз марта “Алҳамдулиллаҳ”, юз марта “Субҳаналлоҳ”, юз марта “Аллоҳу акбар” деб зикр қилса, ушбу зикрлар ҳақи эвазига ўн қулни озод қилган, етти қурбонлик қилганнинг савобини олади”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бу тўрт калом ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қалқонларингизни олинглар!”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, душман кўриндими?” деб сўрашди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, душман йўқ. Фақат жаҳаннам оловидан қўриқлайдиган қалқонларингизни олинглар, ҳамда оловдан қутулиш учун бундай денглар:

سُبْحَانَ اللهِ والحَمْدُ للهِ ولَا إلَهَ إلَّا اللهُ واللهُ أَكْبَرُ

Чунки бу муборак каломлар Қиёмат кунида сизни олдингиздан, орқангиздан ҳимоя қилувчи муҳофаза тўсиқларидир ва абадий қоладиган солиҳ амаллар, савоблардир”, дедилар».

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барглари қуриган бир дарахт ёнига яқинлашдилар ва уни урдилар. Дарахтнинг барглари тўкилди. Шунда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Шубҳасиз: “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, деб зикр қилиш шу дарахт барглари тўкилгани сингари банданинг ҳам гуноҳларини тўкади», деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий).

Умму Ҳоний (розияллоҳу анҳо) айтади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Калимаи Тавҳид: “Ла илаҳа иллаллоҳ” – энг хайрли, энг қадрли дуо бўлиб, ундан ўтадиган амал йўқдир ва гуноҳни ҳам қолдирмайди”, деб марҳамат қилдилар» (Ибн Можа ривояти).

Ҳадиси қудсийда бундай дейилади: «Ким “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, Менинг ҳимоямдан паноҳ тилаган, менинг муҳофазамда бўлади. Менинг ҳимоямга, менинг паноҳимга кирган инсон эса азобимдан ҳам муҳофаза қилинади. “Ла илаҳа иллаллоҳ” Менинг каломимдир».

Тавҳид имони, яъни Аллоҳнинг ягоналигини тилда талаффуз этиб, дил билан тасдиқлаш, У буюк Зотга тасбеҳ, такбир айтиш, берган неъматларига шукр қилиш зикрларнинг энг улуғидир.

 

ОЯТЛАРДА ЗИКР ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ўн уч сурасининг ўн олти оятида зикрга буюради. Шундай экан, энг аввало, оятларга мурожаат қиламиз. Аллоҳ таоло бизларга қандай зикр қилишни Ўзи ўргатган.

﴿فَٱذۡكُرُونِيٓ أَذۡكُرۡكُمۡ وَٱشۡكُرُواْ لِي وَلَا تَكۡفُرُونِ١٥٢

«Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152).

﴿ وَٱذۡكُر رَّبَّكَ كَثِيرٗا وَسَبِّحۡ بِٱلۡعَشِيِّ وَٱلۡإِبۡكَٰرِ

«Раббинг зикрини кўп қил ва эртаю кеч тасбеҳ айт!» (Оли Имрон, 41).

﴿ٱلَّذِينَ يَذۡكُرُونَ ٱللَّهَ قِيَٰمٗا وَقُعُودٗا وَعَلَىٰ جُنُوبِهِمۡ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلۡقِ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ رَبَّنَا مَا خَلَقۡتَ هَٰذَا بَٰطِلٗا سُبۡحَٰنَكَ فَقِنَا عَذَابَ ٱلنَّارِ١٩١

«Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!”» (Оли Имрон, 191).

﴿فَإِذَا قَضَيۡتُمُ ٱلصَّلَوٰةَ فَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ قِيَٰمٗا وَقُعُودٗا وَعَلَىٰ جُنُوبِكُمۡۚ

«Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларингизда (ҳам доимо) Аллоҳни ёд этинг!» (Нисо, 103).

﴿قَالَ فِيهَا تَحۡيَوۡنَ وَفِيهَا تَمُوتُونَ وَمِنۡهَا تُخۡرَجُونَ٢٥

 “Раббингизни ичингизда тазарру ва қўрқинч билан ҳамда гапирганда овозни кўтармасдан эртаю кеч зикр (ёд) этинг! Ғофиллардан бўлманг!» (Аъроф, 205).

﴿ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَتَطۡمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكۡرِ ٱللَّهِۗ أَلَا بِذِكۡرِ ٱللَّهِ تَطۡمَئِنُّ ٱلۡقُلُوبُ٢٨

«Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингиз, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд, 28).

﴿إِلَّآ أَن يَشَآءَ ٱللَّهُۚ وَٱذۡكُر رَّبَّكَ إِذَا نَسِيتَ وَقُلۡ عَسَىٰٓ أَن يَهۡدِيَنِ رَبِّي لِأَقۡرَبَ مِنۡ هَٰذَا رَشَدٗا٢٤

«Илло, “Иншааллоҳ (Аллоҳ хоҳласа)(денг. Бу сўзни) унутган вақтингизда (ёдингизга келиши билан) Раббингизни зикр қилинг (яъни “иншааллоҳ”, денг) ва: “Шояд, Раббим мени бундан ҳам яқинроқ Тўғри йўлга ҳидоят этса”, денг!» (Каҳф, 24).

﴿إِلَّا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ وَذَكَرُواْ ٱللَّهَ كَثِيرٗا وَٱنتَصَرُواْ مِنۢ بَعۡدِ مَا ظُلِمُواْۗ وَسَيَعۡلَمُ ٱلَّذِينَ ظَلَمُوٓاْ أَيَّ مُنقَلَبٖ يَنقَلِبُونَ٢٢٧

«Аммо имон келтирган ва эзгу ишларни қилган ҳамда доим Аллоҳни ёд этган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом равнақ топгач) ғолиб бўлган кишилар (мустаснодир). Зулм қилганлар эса, яқинда қандай оқибат сари кетаётганларини билиб олурлар» (Шуаро, 227).

﴿ٱتۡلُ مَآ أُوحِيَ إِلَيۡكَ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَۖ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ تَنۡهَىٰ عَنِ ٱلۡفَحۡشَآءِ وَٱلۡمُنكَرِۗ وَلَذِكۡرُ ٱللَّهِ أَكۡبَرُۗ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ مَا تَصۡنَعُونَ٤٥

«(Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Анкабут, 45).

﴿لَّقَدۡ كَانَ لَكُمۡ فِي رَسُولِ ٱللَّهِ أُسۡوَةٌ حَسَنَةٞ لِّمَن كَانَ يَرۡجُواْ ٱللَّهَ وَٱلۡيَوۡمَ ٱلۡأٓخِرَ وَذَكَرَ ٱللَّهَ كَثِيرٗا٢١

«(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб, 21).

﴿إِنَّ ٱلۡمُسۡلِمِينَ وَٱلۡمُسۡلِمَٰتِ وَٱلۡمُؤۡمِنِينَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتِ وَٱلۡقَٰنِتِينَ وَٱلۡقَٰنِتَٰتِ وَٱلصَّٰدِقِينَ وَٱلصَّٰدِقَٰتِ وَٱلصَّٰبِرِينَ وَٱلصَّٰبِرَٰتِ وَٱلۡخَٰشِعِينَ وَٱلۡخَٰشِعَٰتِ وَٱلۡمُتَصَدِّقِينَ وَٱلۡمُتَصَدِّقَٰتِ وَٱلصَّٰٓئِمِينَ وَٱلصَّٰٓئِمَٰتِ وَٱلۡحَٰفِظِينَ فُرُوجَهُمۡ وَٱلۡحَٰفِظَٰتِ وَٱلذَّٰكِرِينَ ٱللَّهَ كَثِيرٗا وَٱلذَّٰكِرَٰتِ أَعَدَّ ٱللَّهُ لَهُم مَّغۡفِرَةٗ وَأَجۡرًا عَظِيمٗا٣٥

«Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб, 35).

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ ذِكۡرٗا كَثِيرٗا٤١

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинг!» (Аҳзоб, 41).

﴿ وَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ كَثِيرٗا لَّعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ

«Аллоҳни кўп ёд этинг! Шояд (шунда) нажот топсангиз» (Жумъа, 10).

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تُلۡهِكُمۡ أَمۡوَٰلُكُمۡ وَلَآ أَوۡلَٰدُكُمۡ عَن ذِكۡرِ ٱللَّهِۚ وَمَن يَفۡعَلۡ ذَٰلِكَ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡخَٰسِرُونَ٩

«Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фар­зандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир» (Мунофиқун, 9).

﴿وَٱذۡكُرِ ٱسۡمَ رَبِّكَ وَتَبَتَّلۡ إِلَيۡهِ تَبۡتِيلٗا٨

«Раббингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай ажралинг!» (Муззаммил, 8).

﴿وَٱذۡكُرِ ٱسۡمَ رَبِّكَ بُكۡرَةٗ وَأَصِيلٗا٢٥

«Эртаю кеч Раббингиз номини ёд этинг!» (Даҳр, 25).

Қуръони каримнинг 3 та сураси 3 та оятида такбирга буюрилган:

﴿ وَلِتُكۡمِلُواْ ٱلۡعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ ٱللَّهَ عَلَىٰ مَا هَدَىٰكُمۡ وَلَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ

«Бу ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара, 185).

﴿وَقُلِ ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ ٱلَّذِي لَمۡ يَتَّخِذۡ وَلَدٗا وَلَمۡ يَكُن لَّهُۥ شَرِيكٞ فِي ٱلۡمُلۡكِ وَلَمۡ يَكُن لَّهُۥ وَلِيّٞ مِّنَ ٱلذُّلِّۖ وَكَبِّرۡهُ تَكۡبِيرَۢا١١١

«Ҳамд фарзанд тутмаган, подшоҳлигида шериги йўқ, хорликдан (қутқарувчи) дўсти бўлмаган (яъни ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган) Зот Аллоҳга хосдир”, денг ва (улуғлаб) Унга такбир айтинг!» (Исро, 111).

﴿وَرَبَّكَ فَكَبِّرۡ٣

«Раббингизни улуғланг» (Муддассир, 3).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «“Муфарридлар” зафарга эришди», дедилар. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг расули, “муфарридлар” кимлар?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга: “Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар – муфарридлардир”, деб жавоб бердилар.

Аҳзоб сураси 35-ояти каримадаги:

﴿ وَٱلذَّٰكِرِينَ ٱللَّهَ كَثِيرٗا وَٱلذَّٰكِرَٰتِ أَعَدَّ ٱللَّهُ لَهُم مَّغۡفِرَةٗ وَأَجۡرًا عَظِيمٗا

«Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир» жумласининг мазмуни ҳақида уламолар турли фикрлар билдирган, яъни “Аллоҳни кўп зикр қилувчилар” деб кимларга айтилади?

Саид ибн Жубайр (розияллоҳу анҳу) сўзларига қараганда, ҳар бир киши бирор амални бажаришда Аллоҳга итоат, Унинг розилигини топиш ниятида бўлар экан, у зокирдир.

Зикр инсоннинг қалбига ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Зикр учун фикр асос саналади. Тафаккур Аллоҳни ўйлаш, эслашдир. Инсон Аллоҳ таолони эслаганида бевосита Унга қул эканини унутмаслиги керак. У бизнинг Илоҳимиз, Яратувчимиз – Холиқимиз. У бизни йўқдан бор қилди. Бизга ризқ берди. Ҳамма нарсани Ундан оламиз. Демак, биз Унинг қулимиз. Аллоҳга қул бўлганимиз учун Унинг амрларига итоат этамиз. Унинг ризолиги йўлида ҳаракат қиламиз. Аллоҳ биздан рози бўлса, бизга янада кўпроқ марҳамат қилади, албатта. Бизга мукофот беради, жазоламайди. Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилиши мумкин. Бизга мукофот ҳам, жазо ҳам бериши мумкин. Жазоланишдан Ўзи сақласин. Инсон зоти Унинг ғазабига учраши мумкин бўлган нарсалардан узоқ юриши лозим. Унинг марҳаматига, лутфига, карамига сазовор бўлиш учун қўлимиздан келган барча ҳаракатни қилишга интилишимиз керак. Аллоҳ таоло ҳузурида тургандек, Уни тафаккур қилиш, Уни ўйлаш лозим. Чунки инсон бир нарсани ўйламаса, вақт ўтиши билан унутади. Унутилганидан кейин номи ўчиб кетади. Бироқ тўхтовсиз эслаб турилса, асло унутилмайди. Ўйлаб юрган нарсамизни унутишимиз мумкин эмас. Албатта, имонимиз бор, алҳамдулиллаҳ. Аллоҳни унутмасак, Унга хуш ёқадиган ишларни қилишга ғайрат кўрсатамиз. Албатта, бу Аллоҳнинг амрларига итоат, тақиқларидан қочишдир.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эркак киши ярим тунда ўз аёлини уйқудан уйғотса, икковлари ҳам икки ракат намоз ўқиса, улар “Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар” қаторига ёзилади», дедилар (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа).

Имом Абул Ҳасан Воҳидий Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан эшитиб айтишича, улар беш вақт намоздан кейин ҳам, эрталаб ҳам, кечқурун ҳам, ётган жойларида ҳам, уйқудан уйғонган вақтларида ҳам, уйларидан чиқаётган ва қайтиб келаётган вақтларида ҳам Аллоҳни зикр қилувчилардир.

Мужоҳид (розияллоҳу анҳу) айтади: “Тик турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳнинг зикрида бўлмаган эркаклар ва аёллар “Аллоҳни кўп зикр этувчилар”дан бўлмайди”.

Ато ибн Абу Рабоҳ айтади: “Беш вақт намознинг ҳақларини мукаммал адо этган кишилар “Аллоҳни кўп зикр этувчилар”дан саналади” (Имом Нававий. “Ал-азкор”, 10-бет).

Имом Абу Амр ибн Салоҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) фикрича, эрталаб ва кечқурунда, кечаси ва кундузда турли ҳолатларда ўқиш тайин этилган дуоларни ўзига вазифа қилиб олган киши мунтазам ўқишда давом этса, у “Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар”дан саналади.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қиёмат куни бир неча кишиларни юзлари нурли ва олмосдан ясалган минбарлар устида турган ҳолатда қабрларидан турғазади. Ҳамма уларга ҳавас билан қарайди. Ҳолбуки, улар пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам эмас”, дедилар. Шунда бир саҳройи араб тиз чўкиб: “Ё Расулуллоҳ, уларни бизга таърифланг, таниб олайлик”, деди. “Булар турли қабилалардан ва ҳар хил узоқ жойлардан бўлгани ҳолда бир ерда тўпланиб, Аллоҳни зикр қилганлардир”, дея марҳамат қилдилар».

Зикр қилувчи ўзига муайян вақтларда муайян оятлар ёки дуолар ўқишни, нафл намоз адо этишни одат қилган бўлса, уни узмасдан давом эттириши керак. Агар бирор сабаб билан кундалик вазифасини адо этолмай қолса, имкон топиши билан унинг қазосини ўқиши керак. Агар қазога бепарволик қилса, ўз вақтида адо этишга ҳам бепарво бўлиб боради.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким тунги вазифасини адо этишдан ухлаб қолса, бомдод билан пешин ўртасида унинг қазосини ўқиса, кечаси билан зикр қилган савобига эришади”.

Ҳазрат Навоий зикр ва шукр ҳақида бундай деган:

Илоё, тилимни шукрингга шокир айла,

Илоё, дилимни зикрингга зокир айла.

Зикр пайтида биров салом бериб қолса, бирор одамнинг акса урганини эшитиб қолса, имом хутба бошлаб қолса, муаззин азон айтиб қолса, бирор кароҳатни кўриб қолса, биров чақириб қолса, бировга ёрдам бериш кераклигини билиб қолса, уйқу ғолиб келса, шу ондаёқ зикрни тўхтатиб, зарур ишни бажариб олади, кейин жойига қайтиб келиб, зикрни келган жойидан давом эттиради.

Баъзи олимлар: “Зокир ўз тиловатини, салавотини ва дуоларини тил билан талаффуз қилмаса, китобга кўз югуртиргани, дилига келтиргани билан зикр ўрнига ўтмайди”, дейди. Бу фикр бир оз баҳс талабдир, чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин кишининг нияти амалидан яхшироқдир”, деганлар. Ният эса дилда пайдо бўлган бир ҳолат бўлиб, у гоҳ талаффуз этилади, гоҳ талаффуз этилмайди. Демак, зикр банданинг бирор ибодат ёки солиҳ амал билан машғул бўлганида Аллоҳга қалбан боғлиқлигидир.

Аллоҳни зикр қилишни Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидан ўрганайлик. У кишининг машҳур сўзлари: “Дил баёру даст бакор” (Яъни дилимиз Аллоҳ билан, қўлимиз иш билан) бўлса, Аллоҳ ишимизга унум ва барака ато этади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавот айтиш

Ихлос ва самимият

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Бугуннинг имоми

22.11.2024   4565   1 min.

"Имом Бухорий ордени" соҳиби, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби - Раҳматуллоҳ домла Усмонов ҳаёти ва фаолияти ҳақида "Зиё" медиа маркази томонидан тайёрланган ҳужжатли фильм.