بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي حَقَّقَ الْحَقَّ بِالْحَقَّ وَأَذْهَبَ الْبَاطِلَ بِالْحَقِّ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ
وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ، أَمَّا بَعْدُ
ТЎҚИМА ҲАДИС ВА АСОССИЗ РИВОЯТЛАР КЕЛТИРИШНИНГ ХАТАРИ
Муҳтарам жамоат! Динимиздаги ҳар бир ҳукм ва ҳар бир сўзнинг суянадиган асоси бор. Бу асос – Қуръони карим, саҳиҳ ҳадислар ва шу иккисидан пайдо бўлган далиллардир. Шу сабабли минг йиллардан бери шариатимиз ўзининг таъсирчанлиги, яшовчанлигини йўқотмай келмоқда ва динимизга ўнглаб бўлмайдиган даражада хурофотлар аралашиб кетишидан сақланмоқда. Мабодо, динимизга инсонлар томонидан баъзи бир асоссиз маълумотлар киритилса ҳам, юқоридаги ишончли манбалар ёрдамида тўқилган гап-сўзлар тезда фош бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда асоссиз маълумотларга таяниш номаъқуллиги ҳақида шундай дейди:
وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنْزَلَ اللَّهُ قَالُوا بَلْ نَتَّبِعُ مَا أَلْفَيْنَا عَلَيْهِ آَبَاءَنَا أَوَلَوْ كَانَ آَبَاؤُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ شَيْئًا وَلَا يَهْتَدُونَ
яъни: “Уларга (мушрикларга): «Аллоҳ нозил этган нарсага (оятларга) эргашингиз!» – дейилса, улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни не узра топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», – дейдилар. Ота-боболари борди-ю, ҳеч нарсага ақллари етмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлган эсалар-чи?!” (Бақара сураси 170-оят).
Ҳадиси шарифда эса киши эшитган ҳар бир гапини гапиравериши гуноҳкор бўлишига етарли экани айтилган. Айниқса, айтилаётган гап динга алоқадор бўлса, масъулияти янада ошади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ
(رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – дедилар” (Имом Муслим ривоятлари).
Дин мавзусида бирор гапни айтиш Аллоҳ ва Расули тарафидан гапириш ҳисобланади. Бу ишда ўта эҳтиёткор бўлиш керак.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кейин бу борада саҳобалар ажойиб ўрнаклар кўрсатишди. Хусусан, Қуръони каримни китоб ҳолига келтиришда, ҳазрати Умар ва Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳумо масжид эшигида туришди, Қуръон оятларини бирор нарсага ёзиб қўйган киши ўзи билан яна бир гувоҳни олиб келар, тўртовлари ҳа, бу Қуръондан, деб иттифоқ қилмагунларича у оят Қуръонга ёзилмас эди.
Ҳадиси шарифларни ривоят қилишда ҳам саҳобалар ниҳоятда эҳтиёткор эдилар. Бирорта ортиқча сўз қўшилишидан ҳам улар хавотир олишарди. Ҳадис айтишнинг масъулиятини кўрсатиш учун бир икки марта ҳазрати Умар ҳадис айтган саҳобалардан гувоҳ талаб қилдилар.
Ҳадис айтишдаги омонатдорлик кейинги даврларда ҳам давом этди. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқа муҳаддислар саҳиҳ ҳадис китобларига ўзларига етиб келган ҳадисларни текшириб, Пайғамбаримизгача ишончли ровийлар занжири етиб борган бўлса, уни ёзиб қўйганлар. Ишончсиз, тўқима ҳадисларни қабул қилмаганлар, китобларига киритмаганлар.
Асоссиз диний маълумотларни тўқиб ёки аслини суриштирмай гапириш Аллоҳ ва Унинг Расулига ёлғон тўқиш бўлади. Бу ҳақида эса Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَى عَلَى اللّهِ كَذِبًا أُوْلَئِكَ يُعْرَضُونَ عَلَى رَبِّهِمْ وَيَقُولُ الأَشْهَادُ
هَؤُلاء الَّذِينَ كَذَبُواْ عَلَى رَبِّهِمْ أَلاَ لَعْنَةُ اللّهِ عَلَى الظَّالِمِينَ
яъни: “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Ана ўшалар Роббларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар айтурлар: «Манавилар Роббларига нисбатан ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир” (Ҳуд сураси 18-оят).
Аслини олганда, ёлғон катта гуноҳ. Энди ўша ёлғон улуғ Зотнинг – Аллоҳ таолонинг шаънига айтилса, яна ҳам катта гуноҳ бўлади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш ҳам улкан гуноҳ. Бу ҳақида У Зот алайҳиссалом шундай деганлар:
إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ
(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ)
яъни: “Менинг номимдан айтилган ёлғон бошқа бир киши номидан уйдирилган ёлғон каби эмасдир. Кимки менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, жаҳаннамдаги жойини тайёрлайверсин!” (Имом Бухорий ривоятлари).
Уламолар ёлғон ҳадислар тўқилишига: исломга зарар етказиш, ўз мазҳабига ён босиш, ҳокимларга тилёғламалик қилиш, мол-дунёга эришиш, шуҳрат қозониш ва ҳоказо бир қанча омиллар сабаб бўлганини айтишган. Ҳозиргача бир қанча олимлар тўқима ҳадисларни фош қиладиган китоблар ёздилар ва мусулмонларни бундай фитналардан огоҳ этдилар.
Кейинги пайтларда оммалашган нотўғри ҳаракатлардан бири динга даъват қилиш, одамларни савобли амалларга қизиқтириш ва охиратдан қўрқитиш маъносида турли тўқима ҳадис, ёлғон хабар, расм, аудио ва видеохабарлар тарқатишдир. Бу нарса, айниқса, чек-чегараси бўлмаган ижтимоий тармоқларда кўпроқ кузатилади. Масалан, кейинги йилларда жуда кенг тарқалган ёлғон хабарларга: Маккалик Шайх Аҳмаднинг мусулмонларни дўзахга кираётганини туш кўриши; Рамазоннинг қачон бошланишини биринчи хабар берган кишининг жаннатга кириши; Рамазоннинг охирги жумасида жума ва аср намозлари ўртасида 4 ракат намоз ўқилса, 400 йиллик қазо намози ўрнига ўтиши; Рамазон ойи жума куни бошланса, 15-кунида даҳшатли қичқириқ келиши; Қуёшдан “эртага жавоб берасизлар”, деган овоз келиши; саҳрода Пайғамбар гули 400 йилда бир гуллаши ва у вақтда салавот айтиш кераклиги ва ҳоказо ёлғон-тўқима хабарларни мисол келтириш мумкин. Янаям хатарли жойи бу ёлғон хабарларнинг охирида хатни 10-20 кишига тарқатиш шартлиги, ким тарқатса, иши юришиб кетиши, ким тарқатмаса, фалокатга учраши билан таҳдид қилинган, одамларнинг эътиқодига нотўғри тушунчалар киритишга ҳаракат қилинган. Ваҳоланки, бизга етадиган яхшилик ва ёмонлик, фойда ва зарар Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан бўлади, У Зот хоҳламаса, бандага қилчалик зарар етмайди!
Ҳурматли жамоат! Мавжуд уйдирма ҳадисларга назар ташласак, уларнинг бир қисми Ислом динига зид, мантиқсиз, кулгили ифодалар, бир қисми эса, исломий тамойилларга мос, фойдали сўзлар эканига гувоҳ бўламиз. Лекин маъноси қандай бўлишидан қатъи назар, бундай уйдирма сўзларга ҳадис дея амал қилиш, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга боғлаш жоиз эмас, гуноҳ ишдир. Уйдирма ҳадисларга мисоллар: “Шубҳасиз, гул пайғамбарнинг теридан яратилган” (Саховий, 159). “Гўзал юзга боқиш ибодатдир” (Али ал-Қорий, “Асрорул-марфуа” китоби, 355).
Диний мазмунга эга бўлган маълумотларни нашр этиш ва тарқатишда, албатта, мутахассис мусулмон уламоларининг хулосасини олиш жуда ҳам зарур. Чунки ҳозирги кунда интернетда сон-саноқсиз сайт ва телеграм каналлар фаолият кўрсатади, номига қаралса, диний мазмунда, жарангдор. Лекин ичидаги маъумотларга қаралса, росту ёлғон, ишончлию ишончсиз гаплар аралашиб кетган. Уни билимдон мутахассисдан бошқалар ажратиб олиши жуда қийин. Бу каналларнинг фойдасидан зарари кўпроқ. Чунки бир челак сувни бир томчи нажосат нопок қилади. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли Муслим.уз ва 50 дан ортиқ ҳамкор сайтлар, фейсбук, телеграм, ютуб каналлари фаолият кўрсатмоқда. Ватандошларимиз ижтимоий тармоқларда мана шулардан бемалол фойдаланишлари мумкин. Бундай қилишлари динларини саломат сақлаш учун зарур чорадир.
Муҳтарам жамоат! Суҳбатимиз давомида сўнги пайтларда кўп такрорланиб қолган ақидага оид бир нозик масала борасида давом эттирамиз. У ҳам бўлса, ҳозирги баъзи тоифаалар томонидан тез-тез қўзғалётган “Аллоҳ таоло осмонда дейиш, яъни Уни бирор маконда жойлашган деб эътиқод қилиш”, ҳақида. Аслида, ушбу масала бир неча ўн йиллардан бери қўзғатилмас, омма халқ орасида тарқатилмас эди. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, айрим тоифалар тарафидан, мўмин-мусулмонларнинг ўртасига низо, хусумат келтириб чиқариш учун турли нотўғри маълумотлар тарқатилмоқда. Ҳар биримиз бу каби хассос ва нозик эътиқодий масалаларни аввалги уламоларимизнинг илмий манҳажи асосида пухта тушуниб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Аллоҳ таоло осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Чунки осмонни ҳам, маконни ҳам У зотнинг Ўзи яратган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ҳадисларидан бирида шундай деганлар:
كَانَ اللَّهُ، وَلَمْ يَكُنْ شَىْءٌ قَبْلَهُ
яъни: “Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди” (Имом Бухорий ривояти).
Маконга жойлашиш яратилган нарсаларнинг сифати ҳисобланади. Яъни, ҳар бир яралмиш борки, катта ёки кичик ўрин эгаллайди. Аллоҳ таоло эса бундан пок ва олийдир.
Ушбу тоифалар томонидан ўз даъволарига келтирадиган энг асосий далиллардан бири “Жория ҳадиси” номи билан машҳур бўлган ҳадиси шариф бўлиб, ушбу ҳадиси шарифни илмий омонатдорлик ила ўрганиб чиқсак, уларнинг даъволари пуч экани маълум бўлади.
Муовия ибн ал-Ҳакам ас-Суламий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз жорияси (чўриси) ҳақида сўраб: Эй Аллоҳнинг Расули уни озод қилайми?, деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Уни (ҳузуримга) олиб кел”, дедилар. Жория олиб келинди. У зот унга қарата: “Аллоҳ қаерда?” дедилар. У: Осмонда деди. У зот: “Мен кимман?” дедилар. У: “Сиз Аллоҳнинг расулисиз”, деди. У зот: “Уни озод қил, у мўминадир”, дедилар”.
Биринчидан: Ушбу ҳадис матни ровийлар томонидан турли фарқлар билан ривоят қилинган. Буни биринчилардан бўлиб, Имом Баззор ва Имом Байҳақий каби буюк муҳаддислар айтиб, ундан огоҳлантирганлар. Чунки матнида турли ўзгаришлар билан ривоят қилинган бундай ҳадисни “музтариб” ҳадис дейилиб, уни бирор масалада ҳужжат қилиб келтириб бўлмайди. Чунки бошқа ривоятлар ўша чўрининг кимлиги, ҳожасининг исми ва бошқа жиҳатларида катта фарқлар билан нақл қилинган.
Иккинчидан: Айнан салафийлар далил қиладиган лафз ҳам тўртта саҳиҳ манбада тўрт хил зикр қилинган. Имом Аҳмаднинг ривоятида юқоридаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Аллоҳ қаерда?”, деган саволлари ўрнида ўша чўрига қарата:
«أَتَشْهَدِيْنَ أَنْ لَا إِلـٰهَ إلَّا اللهُ؟»
яъни: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?”, деганлари зикр қилинган (Аллома Нуруддин ал-Ҳайсамий “Мажмауз завоид”да саҳиҳ эканини таъкидлаган).
Имом Насоийнинг ривоятида эса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«مَنْ رَبُّكِ؟» قَالَت: اللهُ. قَالَ: «مَنْ أَنَا؟» قَالَتْ: أَنْتَ رَسُولُ اللهِ
яъни: “Роббинг ким?”, деганлари, у: “Аллоҳ” деб жавоб бергани, ривоят қилинган.
Имом Молик Муваттода Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ р.а.дан саҳиҳ санад билан келтирилган бошқа ривоятда ҳам: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у чўрига:
«أَتَشْهَدِينَ أنْ لَا إلـٰهَ إلَّا الله؟»
яъни: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?”, деганлар.
Аҳли сунна уламолари ушбу ривоятлардан энг мўътабари “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?”, деган ривоятдир. Чунки кишининг мўмин эканини аниқлаш Аллоҳнинг қаердалигини сўраш билан эмас, балки У Зотнинг яккаю ягоналигига имон келтирганини сўраш билан аниқланиши маълум ва машҳур. Агар “Аллоҳ осмонда” деган сўз имонга далил бўлса, бугунги кунда Худо осмонда деб эътиқод қиладиган ғайридинларни ҳам мусулмонлар дейилиши лозим бўлиб қолади.
Учинчидан: “Аллоҳ қаерда?” деган саволнинг маъноси, Аллоҳ таолонинг улуғворлиги, олийлиги ва қадрининг буюклиги тўғрисида эътиқодинг қандай?, деб тушуниш ҳам мумкин. Чунки араб тилида (ҳатто ўзимизнинг она тилимизда ҳам) баъзан “қаерда?” деган савол “мавқе, мартаба, қадр-қиммат” тўғрисидаги савол учун ҳам ишлатилади. Масалан: “Тупроқ қайдаю, юлдуз қайда?!” дейилади. Яъни, бу билан юлдузнинг мавқеъи туброқдан анча баланд экани назарда тутилади. Икки шахс ўртасидаги фарқга “Иккисини ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор”, дейилади. Бу билан мавқеъ, қадр қиммат назарда тутилади. Ҳаргиз бунда макон, жойлашилган ўрин назарда тутилмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз – Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, имон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. У зот замонлару маконлар йўқ пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”,- деймиз.
Аллоҳ таоло барчамизни Аҳли сунна вал жамоа йўлида собит қадам бўлишимизни насиб этиб, турли фирқа ва қарашлардан паноҳида сақласин!
Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Исломда диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик масаласи” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида асосий манба Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга ҳамма ишлар – ҳукм, фатво, иқтисодий ва сиёсий низомларда асосий манба бўлганлар. У зотдан кейин ҳадислар ислом шариатида асосий таянч бўлиб келмоқда.
Лекин вақт ўтиши билан ҳадисларга бўлган қараш ўзгариб кетди. Айрим сиёсий оқимлар тарафидан ҳадисларга ҳужум бошланди. Ислом динидаги шаръий ҳукмлар фақатгина Қуръони каримдан олиниши, ундан бошқа ҳеч қандай нарсадан ҳукмлар олинмаслик даъвоси кўтарилди. Жумладан, ҳозирги кундаги шоҳидийлар ва қодиёнийлар каби фирқалар ўзларини “Қуръоний – фақат Қуръони карим ҳукмига амал қилувчи” санаб ҳадисларини инкор қилдилар. Қодиёнийлар фикрича ҳадислар тарихий эътибордан ўрганилади, ҳадис шаръий далил бўлмайди.
Айрим фирқалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилади. Лекин айрим тоифалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилмаса ҳам “Қуръони каримга амал қилиш” шиори остида ҳадисларни инкор қилади. Шу сабабли ҳадисни инкор қилувчилар даъволари ва уларга раддия беришдан олдин ҳадис ва ҳадисларни Қуръони карим билан боғлик экани ҳақида маълумот бериб ўтиш зарурати туғилади.
Ҳадис муҳаддислар истелоҳида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл, тақрир, халқий (тана тузилишига оид) ёки хулқий (хулқ-атворга оид) сифат ва сийратдан иборат нубувватдан олдинги ва кейинги қолган асарлар. Сийрат, хулқ, шамоил, хабарлар, сўзлар ва феълларни нақл қиладилар. Булар билан шаръий ҳукм собит бўлиши ёки ҳукм собит бўлмаслигини эътиборга олмайдилар. Муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоятга бошлагувчи эканликлари эътиборидан ҳадис ҳақида баҳс юритадилар.
Усул олимлари истелоҳида ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл ва тақрирдан иборат нақл қилинган сўзлар. Усул олимлари ўзларидан кейинги мужтаҳидларга қоидаларни жорий қилган ва ҳаёт дастурини инсонларга баён қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида баҳс юритадилар. Усул олимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаръий қонунларни жорий қилувчи сифатида ҳадисларни ўрганадилар.
Фақиҳлар истелоҳида ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз ва вожиб бўлмасдан, балки буларга муқобил бўлиб собит бўлган ҳукмлар. Фақиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни феъллари шаръий хукмга далолат қилишдан ташқарига чиқмаслигини эътиборга олишади. Шунинг учун шаръий ҳукмлар бандаларга нисбатан вожиб, харом ва мубоҳлиги ҳақида баҳс юритадилар.
Биз усул олимлари ихтиёр қилган истелоҳ ҳақида баҳс юритамиз. Чунки, бу қисмнинг мавзусида ҳадиснинг ҳужжатлиги ҳақида сўз боради.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги очиқ-равшан бўлмаган оятларни шарҳлар, баён қилиш вожиб бўлган ўринларни саҳобаларга баён қилар эдилар. Бу эса қисқача айтилганларни батафсил айтиш, умумий келганини қайдлаш ва мақсадларини равшан қилишлари билан бўлар эди. Баён қилиб бериш эса сўзлари ва қилган ишлари, буйруқлари, қайтариқлари ва ҳаётликларида саҳобаларини қилган ишларини тасдиқ қилишлари билан бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийни ўрнида. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ижтиҳодларини хатога боришдан сақлаб қўйган. У зотнинг ижтиҳодлари оятдан олинган бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, намоз иймондан кейинги жуда муҳим бўлган ибодат. Унда рукуъ ва саждани ҳукми берилади. Қиём ва қаъданинг ҳам зикри айтилади. Лекин булар Қуръони каримнинг бирор жойида тўлиқ айтилмаган. Бу ишларнинг тартиби қандай бўлади? Намоз вақтларининг ҳар-хиллиги, ракъатларининг сони қандай бўлади? Намозни қандай ҳолатда ўқилади? Буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва амаллари билан мукаммал баён қилдилар ва саҳобаи киромларга уларни амалларини ўргатдилар.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Қуръони карим ва ҳадисдан бошқа нарса қолмади. Саҳобалар Аллоҳ таолонинг Ҳашр сурасининг 7-оятидаги:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا
“Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз”, деган буйруғига бўйсуниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашга ҳаракат қилдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам:
تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتاب الله و سنة نبيه
“Сизга икки нарсани қолдирдим. Агар, уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набиййининг суннати” (Молик ривояти), деганлар.
Шу сабабдан ҳадисларнинг ислом жамиятидаги ўрни ҳар доим ҳaм юқори бўлиб келган. Зеро, ҳадисларда ислом динининг фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳaлoл, ҳаром, мубоҳ, макруҳ каби ҳукмлар ёритилган. Ундан ташқари ҳар қандай жамият учун зарур бўлган, маънавий комил инсонларни тарбиялашга хизмат қиладиган, юксак фазилатларга чорловчи қоидалар мажмуаси ҳам ўз ифодасини топган. Шу ақидадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги пайтда ҳам ҳадисларнинг жамиятимиз учун тарбиявий ва амалий аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Мўминлар Қуръони каримнинг кўпгина оятларида аввало, Аллоҳ таолога итоат қилишга амр қилинади, сўнгра Ўзининг Пайғамбарига итоат қилишга амр қилинганлар. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ
“Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат этинглар ва Расулига итоат этинглар” (Нисо, 59-оят).
Аллоҳга итоат қилиш Қуръони каримдаги буйруқ ва қайтариқларга итоат қилиш билан бўлади. Расулига итоат эса, у зотнинг тирикликларида ўзларига итоат этиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга итоат ва Расулига итоат қилиш алоҳида-алоҳида нарса эмас, балки бир хил тушунча эканнини англаш керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо Аллоҳ итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага ҳеч қачон, ҳеч кимни буюрмаганлар.
Қуръони карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг каломи. Уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси. Суннат ва ҳадис эса моҳиятан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари эмас балки, Аллоҳдан нозил бўлган ваҳийларнинг у зотнинг иборалари билан тақдим этилиши ҳисобланади.
Исломнинг биринчи кунидан бошлаб мусулмонлар ҳар бир катта-ю кичик нарсани Пайғамбаримизидан ола бошладилар. Улар илоҳий дастур – Қуръони карим оятларидан тортиб ҳожатхонада қандай ўтиришгача бўлган нарсаларни қабул қилиб олар эдилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳеч бир лаҳзаси саҳобаларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди. Чунки у зотнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлаётган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, ҳикмат ва насиҳатдан иборат эди. Дунё тарихида ҳаёти бунчалик очиқчасига оммавий равишда ўрганилган шахс яккаю ягона Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У Зотнингнг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари бугунги кун атамаси билан айтганда шахсий оилавий ҳаётлари ҳам тўлалигича ўрганилиб ривоят қилинган. Чунки ислом дини мукаммал дин бўлгани сабабидан инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлган.
Бир сўз билан айтганда, у зот Қуръони каримни ўз шахсларида татбиқ қилиб, инсонларга кўрсатишлари керак эди. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар, у зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишар эди. Ҳатто ўз ишлари билан машғул бўлган вақтларида бошқа кишилардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса дарҳол ўзлари тайинлаб кетган одамларидан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб олиб навбат ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туришлари ҳақида у кишининг ўзидан ривоят қилинганлиги маълум ва машҳур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолган эмас. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбия ҳодисасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида бир минг тўрт юз саҳобаи киромлар Мадинаи мунавварадан эҳром боғлаб Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, умра қилмоқчи бўлиб йўлга чиқадилар. Ҳудайбия деган жойда туриб қолганларида мушриклардан вакил бўлиб келган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан музокара олиб борган кишилардан бири ўз қавмига қайтиб бориб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч ким Муҳаммадни шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа туфуги ерга тушмаяпти, саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар”, деб айтган эди.
Мушрикнинг таъбирича туфуги ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси ниҳоятда катта эътибор ва аниқлик билан ўрганилган. Таъкидлаш лозимки, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳою ҳавас ёки билим, маданий савия кабилар учун қабул қилмаганлар. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар-хил ҳукмларга амал қилишни кўзлаб қабул қилганлар. Қолаверса, уларни бошқаларга ҳам етказиб, амалга чорлашни мақсад қилганлар.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.