Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, таниқли хаттот, юздан ортиқ асарлар муаллифи, кўплаб шогирдлар устози, юртимиз ва хорижда ўтказилган нафис санъат фестивалларида иштирок этиб, нуфузли совринларни қўлга киритган Салим домла Бадалбоев билан хаттотлик санъатининг аҳамияти, нозик жиҳатлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Ассалому алайкум, домла. Юртимизда тарихий иншоотлар, меъморий мажмуалар кўп. Улар пештоқига арабий матнда гўзал санъат асарлари битилган. Кўрган киши завқ олиш баробарида, уларни ким ёзганига қизиқади...
– Ва алайкум ассалом. Аллоҳ таоло инсонга ато этган бебаҳо неъматлардан бири ёзув. У бўлмаганда ўтмишни бугун ва эрта билан боғлаб бўлмасди. Халқимиз ўтмиши давомида турли ёзувлардан, жумладан, араб имлосидан фойдаланиб келган.
Хаттотлик – дунё халқлари, жумладан, Шарқ мамлакатлари маданиятининг ўзига хос йўналишидир. Унинг Марказий Осиё ва Ўзбекистонда пайдо бўлиши Ислом дини кириб келиши ва ёйилиши билан боғлиқ.
Ундан олдин амалда бўлган уйғур, урхун-энасой, хоразмий ёзувлари истеъмолдан чиқди. Шу тариқа араб тили ва ёзувига эътибор кучайиб, уни санъат даражасида ёзишга мўлжалланган хаттотлик мактаби юзага келди.
Наққошлик, ганж, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, кандакорлик каби ҳунарлар қаторида хаттотлик ҳам санъат даражасига чиқди. Юртимизда хаттотлик санъати Амир Темур даврида янада ривожланган.
Чиройли ёзилган хат кўзни қувнатади. Ҳуснихат билан кўчирилган қўлёзмалар ниҳоятда қадрланади.
– Соҳага қизиқтирган устозларингиз, илк фаолиятингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...
– Мустабид тузум даврида кўплаб соҳалар қатори хаттотлик диний йўналиш, Қуръон хати сифатида тазйиққа учради. Араб хатини яширинча ўргандик. 1963–1964 йилларда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида ўқиб юрган кезларимизда хаттот устоз Ҳасанхон домла Низомов форс тилидан дарсга кирарди.
Бир куни устоз матн берди. Тахтага ёзарканман, устоз ёнимга келиб: “Салимжон, сиз хаттот бўлишингиз керак. Истеъдодингиз бор экан, хоҳласангиз, менга шогирд тушинг”, деди. Устоздан бир неча йил таълим олдим. 1980 йилдан сўнг хат илмини ўрганишни яна давом эттирдим.
Алҳамдулиллаҳ, истиқлолдан сўнг бар-ча амалий санъат турлари қатори хаттотликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёшим 50 дан ошиб, хаттотликни ўрган-
гач, олий ўқув юртлари, араб тили ўргатиладиган махсус лицейларда дарс бера бошладим.
Камолиддин Беҳзод номидаги миллий дизайн ва рассомлик институти, Тошкент Давлат шарқшунослик институтида, Ўзбекистондаги Миср элчихонаси маданият марказида ишладим.
Ҳозир бир кам саксонга кирган бўлсам-да, фаолиятимни тўхтатганим йўқ. Насх, сулс, риқъа, настаълиқ, девоний, куфий каби хат турларида ижод қиламан. Асарларимни эски ўзбек тили ёзувида ёзаман. Унда асосан мақол, ҳикматли сўз, ҳадислардан фойдаланаман. Одамларга илм ўргатяпман, жамиятга нафим тегаётганидан хурсандман.
– Хаттот ўз касбини пухта ўзлаштириши учун нималарга эътибор қаратиши керак, деб ўйлайсиз?
– Хаттотлик касбини танлаган киши камида 5–6 та хат турида ёза олиши, назарияни яхши билиши лозим. Мисол учун, насх, сулс, настаълиқ, риқъа, девоний, куфий хатларининг алоҳида ёзилиши, ўз назарияси бор. Қоидаларини билмасдан чиройли ва тўғри ёзиб бўлмайди.
Хаттотликка қизиққан баъзилар дарс бошиданоқ: “Устоз, олтита хат алифбосини ёзиб беринг”, дейди. Мен: “Йўқ, аввал насх хатини яхши ўрганиб, Қуръондан 5-6 пора кўчирганингдан кейин сулс хатини ўргатишим мумкин”, деб тушунтираман. Шогирдларимга кунига камида икки соат хат ёзишга ажратмаса, хаттот бўлиш қийинлигини айтаман. Кўпчиликнинг сабр-тоқати етмайди.
Хаттот бўлиш учун, аввало, Аллоҳнинг каломига муҳаббат, дарсга мунтазам қатнашиш, уй вазифаларини доимий бажариш керак.
Низомиддин Турсуналиев, Шаҳноза Раҳматуллаева, Омина Бойназарова, Дилдора Зокирова, Нодира Қутбиддинова умидли шогирдларимдан.
– Сизнингча, бошқа ўлкалар билан қиёсланса, бугун юртимизда хаттотлик санъати қай даражада ривожланмоқда?
–Айни пайтда яхши ривожланмоқда. Масалан, Сурия ва Ироқда зўр хаттотлар бор. Аммо ҳозир у ерлар нотинч бўлгани боис хаттотлик одамларнинг хаёлига ҳам келгани йўқ. Қаерда тинчлик-хотиржамлик бўлса, у ерда тараққиёт бўй кўрсатади.
Халқаро хаттотлик мусобақа ва фестивалларида қатнашиб, машҳур хаттотлар билан суҳбатлашганман. Жумладан, халқаро мусобақаларда доимо етакчи ўрин олиб келадиган туркиялик хаттотлар фаолиятига қизиқиб, улардаги шарт-шароитларни ўрганганман. Ҳамкасбимнинг айтишича, у ерда давлат томонидан ташкил қилинган алоҳида хаттотлик мактаблари йўқ. Аммо хусусий тўгараклар жуда кўп экан. Машҳур хаттотлар ана шу жойларда дарс бераркан.
Айни пайтда юртимиздаги диний таълим муассасаларида, маданият ва санъатга ихтисослашган ўқув даргоҳларида араб тили, хаттотлик дарслари бор. Аммо бу етарли эмас. Ушбу соҳага ихтисослашган таълим муассасаларни кўпайтириш, ижтимоий йўналишдаги барча олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари, мактабнинг юқори синф ўқувчилари учун бошқа тиллар қатори араб тили ва хаттотлик фанини ҳам киритиш керак. Хусусий хаттотлик тўгаракларини ҳам кўпайтириш зарур. Ёшлар орасида ушбу нафис санъат турига қизиқувчилар кўп.
– Таълим муассасаларида ўқиётган ёки айни пайтда соҳада фаолият бошлаш арафасидаги талаба-ёшларга тавсия ва насиҳатларингиз...
– Хаттот бўлиш учун икки шарт бор: аввало, дарс қолдирмаслик ва берилган вазифани бажариш. Шунда натижа бўлади. Аксарият ёшлар дарсга беш-олти ой қатнашиб, битта насх хатини ўрганиб, тўхтатиб қўяди. Яхши шогирд устозини кўп “безовта қилиши” керак, уйга берилган вазифани тўлиқ бажариш билан бирга, ўз устида мустақил ишлаши ҳам керак.
Шогирдларимга: “Бу нафис санъат, илм мукаммал бўлиши учун хат ҳам чиройли бўлиши керак”, дейман. Ҳақиқатда илму амали яхши, хати чиройли ва ихлосли киши зўр мутахассис бўлиб етишади.
Хаттотлик илми мисоли қушга ўхшайди. Қўлингизда ушлаб турсангиз, у сизники, агар қўлингизни қушдан бўшатсангиз, учиб кетади. Сўнг яна ушлаш учун катта машаққат чекиш керак. Демак, хаттотликни мукаммал эгаллаб, доимо машқ қилиб турсангиз, хатни ушлаб туришингиз мумкин. Зеро, ҳаёт ўрганишдан иборат.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ,
суҳбатлашди
“Ҳидоят” журналининг 8-сонидан олинди
Бирор киши билан тортишиб қолиб, у билан алоқани узиб юбормоқчи бўлсангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “У иккисининг энг яхшиси “Салом” билан гаплашишни бошлаб юборганидир”[1] деган сўзларини ёдга олинг.
Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан у кишининг ота бир укаси Муҳаммад ибнул Ҳанафийнинг орасидаги муносабатларга дарс кетади. Бўлиб ўтган ишга икки кун ўтмай Ибнул Ҳанафий Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб юборади. Мактубда шундай деб ёзилган эди: “Бизнинг отамиз бир. Бу борада бирортамиз бошқамизга фахрланмаймиз. Аммо сизнинг онангиз Фотима розияллоҳу анҳодир, сизнинг онангиз қаёқда-ю, менинг онам қаёқда. Сизни Расулуллоҳнинг ўзлари катта қилган ва тарбиялаганлар, мен эса бундайин буюк мартабадан анча пастдаман. Ушбу мактубим сизга етиб бориши билан дарҳол мен томонга шошилинг ва орани ислоҳ қилинг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У иккисининг энг яхшиси “Салом” билан гаплашишни бошлаб юборганидир”, деганлар. Сиз мендан яхшироқсиз. Айтадиган гапим шу”.
Биродарини устун қўйишнинг улкан кўринишига эътибор беринг. Ибнул Ҳанафийнинг Ҳусайн розияллоҳу анҳудан аввал бу савобга эришиши мумкин эди. Лекин у киши биродари Ҳусайн розияллоҳу анҳуни ўзидан устун кўрди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг у кишидан кўра яхшироқ эканини эслатди, бу иши эса у зотнинг ўртани ислоҳ қилишга бўлган ғайрати ва ҳимматини қўзғаш учун эди. Чунки яхшилар доим яхшилик сари интиладилар.
Ваъда қилинган ажр жаннат бўлса, бошқаларни ўзидан устун қўйиш одамлар орасида жуда кам учрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари душманга қарши жанг бобида мусобақалашар эди, ҳатто ота-болалар ўртасида ҳам шу каби ҳолат кузатиларди. Масалан, ота-боланинг ҳар иккиси бирваракайига жангга бориш имкони бўлмаса қуръа ташлашарди, қуръа болага чиқса, отаси унга: “Мен чиқай, болам, сен қолавер, ахир отангман-ку. Мени ўзингдан устун қўй”, дер эди, бунга жавоб берар экан ўғилнинг кўзлари ёшга тўлиб: “Отажон, унинг мукофоти жаннат-да... Агарда жаннатдан бошқа нарса бўлганида ҳам, Худо ҳаққи, сизни ўтказиб юборардим”, дерди.
Шубҳасиз, сиз ҳам барча мусулмонларнинг жаннатга киришларини орзу қиласиз. Бироқ жаннат мусобақаси кучайиб кетганида, у фақатгина энг ғайратли ва унга энг иштиёқмандларгагина насиб этади. Одамларга яхшиликни илининг, фақат ўзингизни ўйлайверманг!
Шоир Абул Аъло Маъаррий бундай сатрларни ёзган экан:
Абадий қолмоқ имкони бўлса гар сўққабош ҳолим,
Боқий қолиш истагин суймадим ёлғиз ўзим.
Менга ҳам, еримга ҳам ёғмасин ёмғир,
Модомики қамраб олмас экан бутун қавмим.
Худбинлик (эгоизм) сизнинг устингиздан ҳукмронлик қилишига ҳеч ҳам имкон берманг! Доимо Аллоҳ таолодан барча мусулмонларга яхшилик ва хайр-барака сўраб дуо қилинг ва шу жумлаларни ҳам айтинг: “Эй Яратган Зот! Менинг дуоларим орасига барча мусулмонларни ҳам қўшиб қўй”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Бухорий ривояти.