2020 йил 26 октябрь куни эълон қилинган Muslim 500-2021 рейтингида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари номлари ҳам келтирилган. Таъкидлаш жоизки, муфтий ҳазратлари ушбу рўйхатдан 2009 йилдан буён ўрин эгаллаб келаётган кам сонли нуфузли дин пешволаридан биридирлар.
Ушбу рўйхат Иорданиянинг Аммон шаҳридаги Қироллик стратегик Ислом тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинди. Бу ҳақда http://themuslim500.com/ хабар бермоқда.
Бу йил Muslim 500-2021 рейтингида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған биринчи ўрин. Ундан кейин Саудия қироли Салмон ибн Абдулазиз ва Эроннинг Олий диний раҳнамоси Оятуллоҳ Саид Али Хаменеи бор.
Дастлабки бешликни 1999 йилдан бери Иордания қироли, Қуддусдаги муқаддас қадамжолар қўриқчиси Абдулла II ибн Ҳусайн ал-Ҳошимий ва етакчи ислом мутафаккири, ислом молияси асосчиларидан бири Шайх Муҳаммад Тақи Усмоний якунлайди.
Топ-50 таркибига Покистон Бош вазири Имрон Хон (15 ўрин), Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон (23 ўрин), Тожикистонда яшовчи дунёдаги исмоилийларнинг маънавий йўлбошчиси Шоҳ Карим ал-Ҳусайний (30 ўрин), мисрлик футболчи Муҳаммад Салоҳ (42 ўрин) ҳам киритилган.
Шунингдек, рейтингда президентлар Илҳом Алиев (Озарбайжон), Гурбангули Бердимуҳаммедов (Туркманистон), Эмомали Раҳмон (Тожикистон), Рамзан Қодиров (Чеченистон) ҳамда UFCнинг енгил вазн бўйича чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ва бошқалар ўрин эгаллаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Инсон гуноҳдан холи бўлмайди. Баъзан билиб-билмай гуноҳ ишга қўл уриб қўйиши мумкин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло кўплаб оятларда инсонларни тавба қилишга буюрган. Жумладан, Таҳрим сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса” (8-оят).
Бошқа ояти каримада «...Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят), дейилган.
Инсон тавбани ўзига лозим тутиши керак. Аммо унинг тавбаси қабул бўлиши учун эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар бор. Хусусан, тавба қилишда чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраши керак. Сўнгра истиғфор учун маълум бир дуолар, ижобат бўладиган онлар фазилатидан фойдаланиш зарур.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ (унинг) тавбасини қабул қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Инсон тавбага шошилиши лозим. Луқмони Ҳаким ўғилларига: “Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим тўсатдан келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: 1) гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни қоплайди, сўнгра уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди; 2) касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди”, деган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат Эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло билмай қўл уринган гуноҳга зудлик билан қилинган тавбани қабул этишини баён қиляпти.
Инсон Аллоҳ ва унинг Расулига итоат қилмагани, шайтоннинг ҳийласига эргашиб, шу гуноҳни содир қилгани учун қаттиқ надомат чекиши лозим. Чунки гуноҳ ишга пушаймон бўлиш холис тавбанинг шартларидан биридир. Шу билан бирга, надоматнинг ўзи ҳам тавбага далолат қилиши мумкин.
Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Абдуллоҳ ибн Маъқилдан ривоят қилинади. У: “Мен отам билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдим. Отам унга: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганмисиз?” деб айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ҳа, у зотнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганман”, деди» (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, инсон қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиб, афсусланса, тавбаси холис бўлиши учун бир неча шартлар бор:
– гуноҳ қилишдан дарҳол тўхташ;
– қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш;
– бу гуноҳга асло қайтмасликни ният қилиш;
– тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилишига ишониш;
– истиғфор айтиш;
– гуноҳга қайтмасликни барча аъзолари билан амалга ошириш;
– гуноҳ одамларнинг ҳаққи бўладиган бўлса, улардан узр сўраб, рози қилиш.
Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.