Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

30.10.2020 й. Оламларга раҳмат бўлган Пайғамбар

27.10.2020   4010   14 min.
30.10.2020 й. Оламларга раҳмат бўлган Пайғамбар

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ وَجَعَلَهُ أُسْوَةً حَسَنَةً لِلْمُؤْمِنِيْنَ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا الرَّؤُوفِ بِالْمُؤْمِنِيْنَ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ

Оламларга раҳмат бўлган Пайғамбар

(саллаллоҳу алайҳи васаллам)

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат ва ҳидоят нури қилиб юборди. У Зот сабабли инсониятни зулматлардан нурга чиқарди. У Зотни бу дунёда ҳидоят йўлбошчиси қилди. У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин ва ундаги кўрсатмалар барча оламларга – инсонлар ва ҳайвонлар оламига ҳам, жамодот ва наботот оламига ҳам меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат манбаидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида бежизга:

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, дея таъкидламаган (Анбиё сураси, 107-оят).

Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш учун Муҳаммад алайҳиссаломнинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, меҳр-оқибатлари, эзгуликлар ва фазилатлар манбаи эканларидан хабардор бўлишимиз зарур. Бугунги суҳбатимизда шулардан баъзиси билан танишиб чиқамиз.

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига нисбатан шафқатлари ва меҳрибонликлари;

Набий алайҳиссалом ўз умматларига ота ўз фарзандига шафқатли ва меҳрибон бўлганидан кўра шафқатли эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

яъни: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз Унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” (Тавба сураси, 128-оят).

Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечтаси зикр қилинмоқда. Дарҳақиқат, дунё тарихида У Зотдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Набий алайҳиссаломнинг энг суюкли аёллари Оиша разияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Бир куни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурсанд ҳолда кўриб, У Зотга: “Эй Аллоҳнинг расули, мени дуо қилинг”, дедим. Шунда У Зот: “Эй Аллоҳ, Оишанинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилдилар. Оиша онамиз (бу дуодан қувониб) шундай кулдиларки, хурсандликларидан бошлари Расулуллоҳнинг тиззаларига тушди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Дуоим сени қувонтирдими?” – деб сўрадилар. “Сиздек зотнинг дуоси мени қувонтирмасмиди?!” – дедилар Оиша онамиз. Шунда сарвари олам: “Аллоҳга қасамки, бу менинг умматим учун ҳар бир намозимда қиладиган дуоимдир!” – дедилар” (Имом Баззор ривоятлари).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуолари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қайтарилмайдиган буюк Зот ўз умматларининг ҳаққига ҳар намозларида “Эй Аллоҳ, умматимнинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилар эканлар. Бундан ҳам ортиқ меҳрибонлик борми дунёда?!

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг шаксиз қабул бўладиган дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

У Зот алайҳиссалом катта дуоларини умматлари энг муҳтож бўладиган пайт – охират учун сақлаб қўйган эканлар. Бу ҳадисда У Зотнинг умматларига бўлган меҳрлари, лутфлари, шафқатлари яққол кўриниб турибди. Умматларини ўзларидан ҳам, оилаларидан ҳам устун кўриб, уларни дуо қилишни кўзламоқдалар.

  • Инсониятнинг энг буюк муаллими ва мураббийи эканликлари;

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз  алайҳиссаломни бир нечта муҳим сифатларини келтириб ўтган:

 هُوَ الَّذِي بَعَثَ فِي الْأُمِّيِّينَ رَسُولًا مِنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ

وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

яъни: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жума сураси, 2-оят).

Ояти каримадаги “омилар” деганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларидаги араблар назарда тутилган. Зеро, ўша даврда араблар ўқиш, ёзишдан кўра маълумотларни ёдда сақлашни афзал кўрардилар, саводхонлари жуда кам эди. Араб ёзуви асосан Набий алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиб келганларидан бошлаб бутун Ислом оламида тез суръатда ривожланди. Ўқиш ва ёзишга тарғиб этадиган оят ва ҳадисларга амал қилиш натижасида, араб тили мукаммал шаклга келди, мусулмон ҳалқлар орасида илм-маърифат ривож топди.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам орқали қўпол, қаттиққўл, жаҳолат ботқоғига ботган қавмларни қисқа муддатда инсонпарвар, илм ва маърифатли, олий жаноб инсонларга айлантирди. Имом Қирофий раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар фаразан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор-бир мўъжизалари бўлмаганида ҳам саҳобаларининг ўзи У Зотнинг набувватлари исботи учун етарли эди”, – деганлар.  

Ҳа, У Зот илмга, маърифатга ва ҳикматга бой муаллим ва энг меҳрибон буюк мураббий эдилар. Аллоҳ таолонинг юксак ҳикматига кўра ўқиш ёзишни таълим олмаган – уммий бўлсаларда, инсониятнинг энг илмлиси ва маърифатлиси бўлганлар.

  • Гўзал ва олий хулқ эгаси эканликлари;

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мадҳ этиб, шундай марҳамат қилган: 

وَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ

яъни: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).

Ушбу мақтов оддий мақтов эмас. Балки у оламларнинг Роббисидан келган мақтовдир. Зеро, ҳеч бир инсон бундай шарафга эришган эмас. У Зот ўзларининг муборак ҳадиси шарифларидан бирида:

إِنَّمَا بُعِثْتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الْأَخْلَاقِ

яъни: “Мен яхши хулқларни тўлиқ қилиш учун юборилганман”, – деганлар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Барча ишларида намуна бўлган, гўзал ахлоқлар набийси – севикли Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларига қарата доимо: “Сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир”,дер эдилар (Имом Бухорий ривоятлари).

  • Қўполлик қилганларга ҳам юмшоқлик билан жавоб қайтарардилар;

Сарвари олам энг ҳалим, босиқ ва мулойим инсон эдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг ушбу хусусиятларини мақтаб Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لانفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ

яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Набий алайҳиссаломнинг ҳалимликларига қуйидаги ҳадисда ҳам ёрқин намоён бўлади. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У Зотнинг эгниларида дағал матодан бўлган кийим бор эди. Олдиларига бир аъробий келиб, ридоларидан қаттиқ тортди. Тортиш натижасида кийим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларида из қолдирганини кўрдим.

Аъробий: “Эй, Муҳаммад! Ҳузурингдаги молдан менга ҳам улуш берсинлар”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўгирилиб қарадилар ва табассум қилиб, сўнг унга ҳам молдан улуш беришни буюрдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

  • Муҳтожларнинг ҳожатини раво қилишлари;

Саҳоба Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас ва орланмас эдилар(Имом Насоий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).

  • Камтар ва тавозелиликлари;

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам либосларини ўзлари ямаб, жониворлар сутини ўзлари соғар эдилар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимларини тикар, эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиш (да сув қуйиб туриш) ва садақа бериш ишларини ҳеч кимга буюрмас, фақат ўзлари бажарар эдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам чақириғини бирдек қабул қилар эдилар. У Зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.

  • Камтар ҳаёт кечирсалар-да, эҳсонлари шоҳларникидан ҳам аъло эди;

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси бўлганлар. У Зот ҳузурларида динор ёки дирҳам бўлса, ухлашга ётмаганлар. Агар бирор нарса ортиб қолса ва уни бергани одам бўлмаса, ўша нарсадан қутилмагунларича, муҳтож одамга бермагунларича ухламаганлар. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келди. Унга икки тоғ ўртасидаги садақа қилиш учун боқиладиган қўйлардан кўпини бериб юборишга буюрдилар. У киши ўзининг қавмига келгач: “Эй қавм! Исломни қабул қилинглар! Дарҳақиқат, Муҳаммад йўқчиликдан қўрқмасдан буларни берди”, – деди (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).

Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан нама сўралса, ўшани берар эдилар. Кўпинча йил охиригача бирор нарса келмаса, ўзлари муҳтож бўлиб қолар эдилар.

  • Ҳар бир ишни охирига етказардилар:

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бирон иш ёки нарсани эртага қолдирмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).  

  • Поклик ва озодаликка эътибор беришлари;

Набий алайҳиссалом инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги нарсалар ҳам озода бўлишига катта аҳамият берар эдилар. У Зотнинг ўзлари бу борада барчага ўрнак эдилар. Ўз ҳадиси шарифларида: “Поклик иймоннинг ярмидир”, – дер эдилар (Имом Муслим ривоятлари). Бошқа бир ўринда: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, – дер эдилар” (Имом Термизий ривоятлари).

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида Пайғамбаримизнинг покликка жиддий эътибор қаратганлари бугунги кунда, хусусан пандемия шароитида нақадар долзарб эканлиги ҳақида ўз сўзлари билан, жонли тарзда намозхонларга тушунтириб  берадилар...).

Муҳтарам жамоат!  Суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фазилатларини, гўзал хислатлари, олий хулқларини санаб адоғига етказиб бўлмайди. Афсуски, ҳозирда дуёнинг баъзи жойларида сарвари оламнинг шаъниларига нисбатан одобсизликлар қилинмоқда. Бунинг сабаби уларнинг Набий алайҳиссаломнинг оламларга раҳмат эканларини, инсониятга тақдим этган улкан хизматларини билмасликларидир. Аслида бундай ғайри инсоний ҳатти ҳаракатлар уларнинг ўзларига зиён келтиради халос. Зеро, Қуёшга қарата чанг солмоқчи бўлган кимсанинг ўз усти боши кир бўлади, Қуёшга заррача ҳам таъсир қилмайди.

Биз уммат ўлароқ инсониятнинг энг буюги – суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг муборак сийратларига бағишланган турли-туман китоблар нашр этилган. Биз оила аъзоларимиз даврасида шу китоблардан мутолаа қилишни жорий қилайлик. Фарзандларимиз қалбида Набий алайҳиссаломга нисбатан муҳаббатни уйғотайлик. Зеро, ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"أدِّبُوا أوْلادَكُمْ على ثلاثِ خِصالٍ: حُبِّ نَبِيِّكُمْ ، وَحُبِّ أهْلَ بَيْتِهِ ، وقِراءَةِ القُرآنِ ، فإِنَّ حَمَلَةَ القُرآنِ في ظِلِّ الله يَوْمَ القِيامَةِ يَوْمَ لا ظِلَّ إلاَّ ظِلُّهُ مَعَ أنْبِيائِهِ وأصْفِيائِهِ (رواه الامام الطبرانى)

яъни: “Фарзандларингизга уч хислат: Набиййингизга , У зотнинг аҳли байтига ва тиловати Қуръонга муҳаббат асосида одоб беринглар. Чунки, Қуръон эгалари Қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда, У Зотнинг соясида анбиёлар ва асфиёлар билан бирга бўлурлар, – деганлар (Имом Табароний ривоятлари).

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни, У Зотдан ўрнак олишни насиб этсин! Омин!

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Тўқима ҳадис ва асоссиз ривоятларни келтиришнинг хатари” хусусида бўлади, иншааллоҳ.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺ қолдирган 2 нарса

10.01.2025   1491   10 min.
Расулуллоҳ ﷺ қолдирган 2 нарса

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида асосий манба Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга ҳамма ишлар – ҳукм, фатво, иқтисодий ва сиёсий низомларда асосий манба бўлганлар. У зотдан кейин ҳадислар ислом шариатида асосий таянч бўлиб келмоқда.

Лекин вақт ўтиши билан ҳадисларга бўлган қараш ўзгариб кетди. Айрим сиёсий оқимлар тарафидан ҳадисларга ҳужум бошланди. Ислом динидаги шаръий ҳукмлар фақатгина Қуръони каримдан олиниши, ундан бошқа ҳеч қандай нарсадан ҳукмлар олинмаслик даъвоси кўтарилди. Жумладан, ҳозирги кундаги шоҳидийлар ва қодиёнийлар каби фирқалар ўзларини “Қуръоний – фақат Қуръони карим ҳукмига амал қилувчи” санаб ҳадисларини инкор қилдилар. Қодиёнийлар фикрича ҳадислар тарихий эътибордан ўрганилади, ҳадис шаръий далил бўлмайди.

Айрим фирқалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилади. Лекин айрим тоифалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилмаса ҳам “Қуръони каримга амал қилиш” шиори остида ҳадисларни инкор қилади. Шу сабабли ҳадисни инкор қилувчилар даъволари ва уларга раддия беришдан олдин ҳадис ва ҳадисларни Қуръони карим билан боғлик экани ҳақида маълумот бериб ўтиш зарурати туғилади.

Ҳадис муҳаддислар истелоҳида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл, тақрир, халқий (тана тузилишига оид) ёки хулқий (хулқ-атворга оид) сифат ва сийратдан иборат нубувватдан олдинги ва кейинги қолган асарлар. Сийрат, хулқ, шамоил, хабарлар, сўзлар ва феълларни нақл қиладилар. Булар билан шаръий ҳукм собит бўлиши ёки ҳукм собит бўлмаслигини эътиборга олмайдилар. Муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоятга бошлагувчи эканликлари эътиборидан ҳадис ҳақида баҳс юритадилар.

Усул олимлари истелоҳида ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл ва тақрирдан иборат нақл қилинган сўзлар. Усул олимлари ўзларидан кейинги мужтаҳидларга қоидаларни жорий қилган ва ҳаёт дастурини инсонларга баён қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида баҳс юритадилар. Усул олимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаръий қонунларни жорий қилувчи сифатида ҳадисларни ўрганадилар.

Фақиҳлар истелоҳида ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз ва вожиб бўлмасдан, балки буларга муқобил бўлиб собит бўлган ҳукмлар. Фақиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни феъллари шаръий хукмга далолат қилишдан ташқарига чиқмаслигини эътиборга олишади. Шунинг учун шаръий ҳукмлар бандаларга нисбатан вожиб, харом ва мубоҳлиги ҳақида баҳс юритадилар.   

Биз усул олимлари ихтиёр қилган истелоҳ ҳақида баҳс юритамиз. Чунки, бу қисмнинг мавзусида ҳадиснинг ҳужжатлиги ҳақида сўз боради.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги очиқ-равшан бўлмаган оятларни шарҳлар, баён қилиш вожиб бўлган ўринларни саҳобаларга баён қилар эдилар. Бу эса қисқача айтилганларни батафсил айтиш, умумий келганини қайдлаш ва мақсадларини равшан қилишлари билан бўлар эди. Баён қилиб бериш эса сўзлари ва қилган ишлари, буйруқлари, қайтариқлари ва ҳаётликларида саҳобаларини қилган ишларини тасдиқ қилишлари билан бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийни ўрнида. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ижтиҳодларини хатога боришдан сақлаб қўйган. У зотнинг ижтиҳодлари оятдан олинган бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, намоз иймондан кейинги жуда муҳим бўлган ибодат. Унда рукуъ ва саждани ҳукми берилади. Қиём ва қаъданинг ҳам зикри айтилади. Лекин булар Қуръони каримнинг бирор жойида тўлиқ айтилмаган. Бу ишларнинг тартиби қандай бўлади? Намоз вақтларининг ҳар-хиллиги, ракъатларининг сони қандай бўлади? Намозни  қандай ҳолатда ўқилади? Буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва амаллари билан мукаммал баён қилдилар ва саҳобаи киромларга уларни амалларини ўргатдилар.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Қуръони карим ва ҳадисдан бошқа нарса қолмади. Саҳобалар Аллоҳ таолонинг Ҳашр сурасининг 7-оятидаги:

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا

Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз”, деган буйруғига бўйсуниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашга ҳаракат қилдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам:

تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتاب الله و سنة نبيه

“Сизга икки нарсани қолдирдим. Агар, уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набиййининг суннати” (Молик ривояти),  деганлар.

 Шу сабабдан ҳадисларнинг ислом жамиятидаги ўрни ҳар доим ҳaм юқори бўлиб келган. Зеро, ҳадисларда ислом динининг фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳaлoл, ҳаром, мубоҳ, макруҳ каби ҳукмлар ёритилган. Ундан ташқари ҳар қандай жамият учун зарур бўлган, маънавий комил инсонларни тарбиялашга хизмат қиладиган, юксак фазилатларга чорловчи қоидалар мажмуаси ҳам ўз ифодасини топган. Шу ақидадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги пайтда ҳам ҳадисларнинг жамиятимиз учун тарбиявий ва амалий аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Мўминлар Қуръони каримнинг кўпгина оятларида аввало, Аллоҳ таолога итоат қилишга амр қилинади, сўнгра Ўзининг Пайғамбарига итоат қилишга амр қилинганлар. Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ

Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат этинглар ва Расулига итоат этинглар” (Нисо, 59-оят).

Аллоҳга итоат қилиш Қуръони каримдаги буйруқ ва қайтариқларга итоат қилиш билан бўлади. Расулига итоат эса, у зотнинг тирикликларида ўзларига итоат этиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга итоат  ва Расулига итоат қилиш алоҳида-алоҳида нарса эмас, балки бир хил тушунча эканнини англаш керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо Аллоҳ итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага ҳеч қачон, ҳеч кимни буюрмаганлар.

Қуръони карим лафз ва маъно жиҳатидан  Аллоҳнинг каломи. Уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси. Суннат ва ҳадис эса моҳиятан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари эмас балки, Аллоҳдан нозил бўлган ваҳийларнинг у зотнинг иборалари билан тақдим этилиши ҳисобланади.

Исломнинг биринчи кунидан бошлаб мусулмонлар ҳар бир катта-ю кичик нарсани Пайғамбаримизидан ола бошладилар. Улар илоҳий дастур – Қуръони карим оятларидан тортиб ҳожатхонада қандай ўтиришгача бўлган нарсаларни қабул қилиб олар эдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳеч бир лаҳзаси саҳобаларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди. Чунки у зотнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлаётган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, ҳикмат ва насиҳатдан иборат эди. Дунё тарихида ҳаёти бунчалик очиқчасига оммавий равишда ўрганилган шахс яккаю ягона Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У Зотнингнг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари бугунги кун атамаси билан айтганда шахсий оилавий ҳаётлари ҳам тўлалигича  ўрганилиб ривоят қилинган. Чунки  ислом дини мукаммал дин бўлгани сабабидан инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлган.

Бир сўз билан айтганда, у зот Қуръони каримни ўз шахсларида татбиқ қилиб, инсонларга кўрсатишлари керак эди.  Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар, у зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишар эди. Ҳатто ўз ишлари билан машғул бўлган вақтларида бошқа кишилардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса дарҳол ўзлари тайинлаб кетган одамларидан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб олиб навбат ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туришлари ҳақида у кишининг ўзидан ривоят қилинганлиги маълум ва машҳур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолган эмас. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбия ҳодисасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида бир минг тўрт юз саҳобаи киромлар Мадинаи мунавварадан эҳром боғлаб Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, умра қилмоқчи бўлиб йўлга чиқадилар. Ҳудайбия деган жойда туриб қолганларида мушриклардан вакил бўлиб келган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  билан музокара олиб борган кишилардан бири ўз қавмига қайтиб бориб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч ким Муҳаммадни шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа туфуги ерга тушмаяпти, саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар”, деб айтган эди.

Мушрикнинг таъбирича туфуги ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси ниҳоятда катта эътибор ва аниқлик билан ўрганилган. Таъкидлаш лозимки, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳою ҳавас ёки билим, маданий савия кабилар учун қабул қилмаганлар. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар-хил ҳукмларга амал қилишни кўзлаб қабул қилганлар. Қолаверса, уларни бошқаларга ҳам етказиб, амалга чорлашни мақсад қилганлар.

Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.