Бу сўзларни ҳар куни қайта-қайта ишлатамиз. Мақоллару ибораларимизни кўп ўринларда ҳам шу сўзлар безаган. “Олтмиш кун атон бўлгунча, олти кун буғра бўл”, “Олти мучанг омон бўлсин”, “ Олтмишгача ошир, етмишдан сўнг яшир”, “Етти ёшга етгунча ер тўқмоғин ерсан, етмиш ёшга етгунча эл тўқмоғин ерсан” каби ўнлаб мақолу ибораларимиз бор.
Эрванд Севортяннинг “Туркий тиллар этимологик луғати”да олти, етти, олтмиш ва етмиш сонлари ҳақида қизиқарли маълумотлар ва фаразлар айтилган. Карл Брокельман энг қадимги саноқ сонлар қаторининг охири етти бўлган, шунинг учун ҳам Хартман айтганидай етти рақами етиб келди маъносидаги “етди” сўзидан келиб чиққан ва “олти” сўзи паст, ост, кам маъноларини ифодалаб етти остидаги, пастидаги, еттидан кам деган маънони англатган деган.
Агар ростдан ҳам шундай бўлса, “олти” сўзи “олд” сўзидан эмасмикин? Олти “еттидан олдинги” маъносини ифодаламасмикин? Чунки туваликлар тилида “олти” “алды” сўзи билан ифодаланади. Маҳмуд Кошғарий “алтин” сўзини “ост, қуйи” маъносида изоҳлаган. Баъзи олимлар “олти” сўзининг илдизини олмоқ маъносидаги “ол” феълига тақайдилар. Лекин бу тахминни асосли деб бўлмайди.
Шу ўринда айнан “олти” ва “етти” сўзларига алоқадор “олтмиш” ва “етмиш” сўзлари ҳақида ҳам турли тахминлар бор. Масалан, Б.Мунчаки “олтмиш” сўзининг “миш” қисмини Авестога тақаб, “катта” маъносидаги “mas” сўзидан деган фаразни илгари суради. У ҳолда “олтмиш” сўзи “катта олти”, “етмиш” сўзи “катта етти” маъносини ифодалаши керак бўлади.
Лекин “олти” ва “еттига” боботарих қўшиб қўйган “миш” қўшимчаси ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Баъзи туркий тилларда, хакас, караим, телеут, шор тилларида “олтмиш” сони “алтон”, яъни “саксон”даги каби “олти ўн” шаклида қўлланади.
Адирнинг ажралиши
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да адир сўзига шундай изоҳ берилади: “Тоғларга яқин, тоғ этакларидаги алоҳида тепалик ерлар”. Изоҳда “алоҳида тепалик” дейилган. Алоҳида дегани ажралиб турадиган дегани. Ҳамма гап ана шунда! Қадимги тилимизда айирмоқ, ажратмоқ, фарқламоқ “адыр” деган сўз билан ифодаланган. Бу ҳақда “Қадимги туркий тил луғати”да айтилган. Юсуф Хос Ҳожиб худди шу сўзни икки хил шаклда “адыр” ва “азыр” шаклида қўллаган. Шу сўзлар қаторида “адырт” ва “азырт” сўзлари ҳам фарқ ва тафовутни, ажралишни билдирган. Демак, ҳозирги тилимиздаги “ажрат” сўзи худди шу “адырт” ва “азырт” сўзларидан келиб чиққан бўлиши керак.
Шу ўринда менда бир фараз пайдо бўлди. Модомики, “адыр” сўзи айирмоқ, ажратмоқ, фарқламоқ маъноларини англатар экан, унда алоҳида тепалик ер маъносидаги “адир” сўзи ҳам шунга алоқадор бўлиши керак.
Эшқобил ШУКУР
Бугун, 19 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга мавъиза қилиб бердилар. Мусулмоннинг мусулмонга эҳтироми мавзусида қилинган гўзал суҳбат давомида Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам этиб, борлиқдаги барча нарсани инсонга хизмат қилдириб қўйгани, шундай экан, инсонлар ҳам ўзаро аҳл-иноқ, меҳр-муҳаббатли, бир-бирларига доимо ёрдамчи бўлиб ҳаёт кечиришлари динимиз амри экани эслатиб ўтилди.
Маъруза асносида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар келтириб ўтилди. Жумладан, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда бундай дейилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба атрофида тавоф қилаётганларини кўрдим. У зот Каъбага қараб бундай дер эдилар: "Сен ва сенинг ҳидинг қандай ҳам гўзал! Сен қандай улуғсан ва сенинг ҳурматинг қандай буюк! (Лекин) Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ наздида мўминнинг ҳурмати сенинг ҳурматингдан ҳам улуғдир" (Имом Ибн Можа ривояти).
Мусулмон кишининг Аллоҳ наздидаги ҳурмати мана шундай баланд экан, ўзаро ҳурмат-эҳтироми ҳам шунга монанд бўлиши таъкидланди. Манфаатли суҳбат якунида бутун дунё мусулмонлари, хусусан, халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқлиги бундан ҳам зиёда бўлишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати