Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июл, 2025   |   15 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:59
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:36
Bismillah
10 Июл, 2025, 15 Муҳаррам, 1447

Бир савол сўрасам: Муслим билан мўминнинг қандай фарқи бор?

23.10.2020   5683   2 min.
Бир савол сўрасам: Муслим билан мўминнинг қандай фарқи бор?

— Мусулмон ва муслималар, мўмин ва мўминалар, деб айтамиз. Уларнинг қандай фарқлари бор? Кимни мўмин деймиз, кимни муслим деймиз? Саволим ноўрин бўлса, узр сўрайман.

— Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом дини номи билан машҳурдир. Бу номни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло:

﴿وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً﴾

“Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”, дейди (“Моида” сураси, 3-оят). Ислом сўзининг луғавий маъноси “ихлос”, “офатлардан саломат бўлиш”, “сулҳ ва омонлик”, “итоат ва бўйсуниш” каби маъноларни англатади.

Шундан мусулмон ва муслима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом динига мансуб, ихлосли, турли офатлардан саломат бўлган, сулҳли, омонатли, итоатли ва Аллоҳга бўйсунган шахс дегани бўлади.

Иймон сўзи луғатда омон бўлиш ва тасдиқлаш маъноларини билдиради. Уламолар истилоҳида Иймон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Шундан мўмин ва мўмина Аллоҳ таолодан келган ақидага оид нарсаларни тасдиқлаб ва уларга иқрор бўлиб, турли ёмонликлардан омонда бўлган шахсдир.

Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон ишониш-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсуниш-амалий масалаларга хосдир.

Ислом асослари шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборат. Иймоннинг асослари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхши-ю ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ишониш, тасдиқлашдан иборатдир.

Улуғ ақоид илми олими Умар Насафий ўзининг китобида: “Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади”, деган.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бу кампирга нега илиқ муносабат кўрсатдингиз?

09.07.2025   3666   1 min.
Бу кампирга нега илиқ муносабат кўрсатдингиз?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

У киши айтадилар: Бир кампир Набий сoллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зот менинг ҳузуримда эдилар.

Расулуллоҳ сoллаллоҳу алайҳи васаллам унга: — «Сиз кимсиз?» — дедилар. У: — «Мен Жусама ал-Музанийяман», — деди.

Расулуллоҳ сoллаллоҳу алайҳи васаллам: — «Йўқ, сиз — Ҳасона ал-Музанийясиз! Ўзингиз қандайсиз? Аҳволларингиз қандай? Биз кетгандан кейин қандай яшаяпсизлар?» — дедилар. У: — «Яхшимиз, отам ва онам сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ сoллаллоҳу алайҳи васаллам​», — деди.

Кампир чиқиб кетгач, мен дедим: — «Ё Расулуллоҳ, шу кампирга бунчалик илиқ муносабат кўрсатмасангиз?» Шунда у зот: — «У Хадича замонида уйимизга келиб турар эди. Эски танишлар билан чиройли муомала қилиш иймондандир», дедилар.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ