Татаристон "ҳалол" маҳсулотлар экспортини 2024 йилга бориб камида икки баробарга ошириш ниятида. KazanFirst хабарига кўра, бу ҳақда Республика иқтисодиёт вазири муовини Олег Пелевин маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, дунёда ҳалол маҳсулотларни истеъмол қилишда барқарор тенденция кузатилмоқда.
"Бу ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотлари экспортини ривожлантириш учун ажойиб имконият", - дейди Пелевин.
Айни пайтда Татаристоннинг 70 дан ортиқ ишлаб чиқарувчиси умумий миқдори 7 миллиард рублдан ортиқ ҳалол маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Олег Пелевиннинг таъкидлашича, республикада ишлаб чиқарилаётган ҳалол маҳсулотлар нафақат Россиянинг бошқа минтақаларига, балки хорижий давлатлар – Ўзбекистон, Озарбайжон, Германия, Ироқ, Исроил ва Хитойга ҳам муваффақиятли сотилмоқда.
"Ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш глобал тренд", - дейди Пелевин.
Аввалроқ Татаристон ҳалол маҳсулотлар экспортини 1,5 миллион долларга оширгани маълум қилинган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим эндигина ўн олти ойлик бўлганида унга ўлим яқинлашди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Мория онамизнинг қўлидаги фарзандига қараб: “Эй Иброҳим, сен учун қўлимдан ҳеч нарса келмайди”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кенжа фарзандлари Иброҳим вафот этди. Уни кўтариб тупроққа қўйдилар ва: “Эй Иброҳим, агар олдингга фаришталар келса, уларга Роббим Аллоҳ, отам Расулуллоҳ, диним Ислом, деб айтгин”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортларига қараб, Умар розияллоҳу анҳунинг йиғлаётганларини кўрди. “Эй Умар, нима учун йиғлаяпсиз?” дедилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ! Ўғлингиз балоғат ёшига ҳам етмади, тақдир қалами унга ҳеч нарса ёзмади, тавҳид калимасини талқин қилишга ҳожат бўлмади. Шу ҳолда ҳам савол-жавоб бўлишидан огоҳ этяпсиз. Энди Ибн Хаттобнинг ҳоли не кечаркин, деб ўйлаяпман. Ахир у балоғатга етган, тақдир қалами унинг қилган амалларини ёзган, ўлим вақтида сиздек ўргатувчи топа олмаса, нима қилади?” деди.
Умар розияллоҳу анҳунинг хавотирли саволига жавоб ўлароқ Оламлар Роббидан жавоб нозил бўлди: “Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур” (Иброҳим сураси, 27-оят).
"Солиҳлар даврасида" китобидан