Ҳар йили ҳижрий йил ҳисобидаги Рабиъул-аввал, яъни “Мавлуд ойи” кириши билан дунё мусулмонлари қатори мамлакатимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳам муҳим бир санани кенг нишонлайдилар. У ҳам бўлса “Мавлидун-Набий”, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган саналарини шарафлаш, байрам қилиш ойидир. Бу мавлуд ойи фазилатли ойдир. Бу ойда барчамиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари этиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар кунимизда, ҳар бир амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечириши бир-биримизга янада кўпроқ тарғиб қилишимиз керак бўлади.
Мавлидун-набавийни нишонлашдан кўзланган асосий мақсад мўмин-мусулмонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини пайдо қилиш ва уни янада зиёда қилиш ва сайқаллашдир.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай марҳамат қилади: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир!” (Нисо сураси, 69-оят). Бошқа оятда: “Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас, айнан ўшаларгина ютуқ эгаларидирлар”(Нур сураси 52-оят), дейилади.
Қалби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат билан лиммо-лим тўлган, у зот алайҳиссаломнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади.
Уламоларимиз мўмин банданинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг қанчалик чин эканлигига қуйидаги ишлар далолат қилади дейдилар:
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ҳаётларини ўрганиб, барча иш ва амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга тарғиб қилишимиз керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини қанча кўп ўргансак, у зот алайҳиссаломга муҳаббатимиз янада ортади. Шу билан бирга, шариатимизнинг баъзи ҳукмлари ва мақсадларини яхшироқ англаймиз.
Аллоҳ таоло барчамизга мавлуд ойини муборак айласин!
Шоира КАРАМОВА,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллигининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ