Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Июл, 2025   |   7 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:54
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
02 Июл, 2025, 7 Муҳаррам, 1447

Равзаи муборак зиёратчиларга очилди

21.10.2020   2176   1 min.
Равзаи муборак зиёратчиларга очилди

Олти ойдан ортиқ вақт ичида биринчи марта Мадинадаги Набавий масжидидаги Равза жамоатчиликка очилди. Ҳар бир мусулмон учун алоҳида жой ҳисобланмиш Равза март ойида Қиролликдаги COVID-19 эпидемияси туфайли ёпилганди. Гарчи Набавий масжиди июнь ойида намозхонлар учун ўз эшикларини очган бўлса-да, Равзага кириш таъқиқи амалда бўлиб келаётган эди.
Islam.ru маълумотларига кўра, бу кунда Мадинада бўлиш бахтига муяссар бўлган мусулмонлар фурсатдан фойдаланиб, Равзада ибодат қилиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га ўз ҳурматларини бажо келтирдилар.
"Раби ул-аввал ойининг биринчи тонгида Равзани зиёрат қилган биринчи гуруҳ аёллар орасида бўлиш бахтига муяссар бўлдим, - дейди 39 ёшли Ханан ал-Жиҳаний. - Бу фавқулодда тажриба".
Жиддалик Эман Maҳмуд: "Бу албатта муборак ойнинг бошидаги муборак кундир. Ниҳоят Муқаддас хонага ташриф буюриб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ни қутлашимиз мумкинлигини эшитганимда жуда хурсанд бўлдим. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! " - деди.
Мадина ва Набавий масжидига тез-тез ташриф буюрадиган 50 яшар Эман Maҳмуд сўнгги бир неча ой ҳаммага қийин бўлганини айтди: "Набавий масжидидаги эски кунларни қанчалик соғинганимни сўз билан ифодалай олмайман."Умид қиламанки, инқироз яқинда тугайди ва барча мусулмонлар масжидда қалбни тозалайдиган маънавий тажрибадан баҳраманд бўла олишади".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бахтли инсоннинг 4 белгиси

02.07.2025   196   3 min.
Бахтли инсоннинг 4 белгиси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир куни Фатҳ ибн Хоқон халифа Мутаваккилнинг ҳузурига кирди. Халифа жим ўтарар ва бир нарса ҳақида чуқур ўйларди. Фатҳ бу жимликни бузиб: “Нималар ҳақида ўйлаяпсиз, эй мўминлар амири?” – дея сўради. Халифа: “Мен ер юзида турмуши энг фаровон киши ким экан?” деб ўйлаётган эдим”, деди. Фатҳ бўлса: “Дунёда энг фаравон ҳаёт кечираётган киши сиз-да! Аллоҳга қасамки, у – сизсиз!” – деди. Халифа: “Йўқ! Мен эмас. Кенг ҳовлиси, солиҳа аёли, қобил фарзандлари ва етарли ризқи бўлган киши – ҳаёти энг фаравон одамдир”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Тўрт нарса бахтнинг белгисидир: солиҳа аёл, кенг турар-жой, солиҳ қўшни, яхши улов. Тўрт нарса эса бадбахтлик белгисидир – ёмон хотин, ёмон қўшни, чатоқ улов, тор хонадон”, деганлар.

Баъзилар бахтни машҳурликда, молу давлатга эга бўлишда деб биладилар. Бу дунёда Аллоҳнинг мухлис бандаларигина ҳис қиладиган саодат таъмини тотиш бахтига мушарраф бўлмаган ҳолда яшаб ўтадилар.

Орифлардан бири: “Подшоҳлар бизда қандайин бахт борлигини билганларида эди, унга етишиш учун бизга қарши қилич кўтариб жанг қилишарди”, дейди.

Ғалаба билан саодат орасида катта фарқ бор. Ғалаба бу – ўзингиз истаб турганнинг устидан зафар қозониш бўлса, ненинг устидан ғолиб бўлсангиз, у сизнинг хоҳишингизга мансуб бўлмоғи чин саодатдир.

Оскар Уайльд[1]нинг шундай гапи бор: “Бахт фақатгина унга бир нечта кишилар билан бирга етишсанг ҳақиқий бўлади. Оғриқ, азоб ҳам фақатгина бир ўзингнинг бошинг­га тушса аламли бўлади. Саодат – бошқа кишиларни бахтли қилишдир”. 

 Олмон физиги Макс Планк: “Саодатни муҳофаза қилиш учун уни бошқалар билан бўлишишинг керак”, деган.

 Ғарб мутафаккирларидан яна бири: “Тажрибамдан ўтган нарса шуки, энг буюк бахт – яхшиликни яширинча қилганимдан кейин кутилмаганда бу яхшилигим одамлар қулоғига етиб боришини кўришим”, деган эди.

 Инглиз ёзувчиси Уильям Сомерсет Моэм[2]: “Биз улға­йиб борарканмиз саодат – олишда деб ўйлардик, кейинчалик билдикки, бахт – беришда экан”, дейди.

 Бахт – бошқаларга тортиқ қилиш ва яхши ишларни амалга оширишда мужассам. Бахт бировдан нарса олиш ва ўзганинг қўлига қарашда эмас.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Тўлиқ исми: Оскар Фингал О’Флаэрти Уиллс Уайльд. 1854 йилда Дублин шаҳрида туғилган. Шоир, драматург, сценарист. 1900 йил 30 ноябрда 46 ёшида  Парижда вафот этган.
[2]  1874 йил 25 январда Францияда туғилган. 1965 йил16 декабрда  Ницца шаҳрида вафот этган. 1897 йилда чоп этилган  “Ламбетлик  Лиза” романи билан машҳур бўлган.

 

Мақолалар