Саудия Арабистони фуқаролари ва у ерда яшовчи хорижлик мусулмонлар эндиликда Масжидул ҳаромда ибодат қилиши мумкин. Пандемия туфайли етти ой аввал ёпилган Масжидул ҳаром 18 октябрда Саудия Арабистони ҳукумати қарорига биноан очилди.
Масжидул ҳаром ва Масжиди набавий ишлари идораси бошлиғи AбдурРаҳмон Судайс мусулмонлар “жаннатнинг бир бўлаги” деб ном олган Равзаи муборакка ташриф буюриши ва намоз ўқиши учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлари эшиги очилганини эълон қилди.
“Ал-Жазира” хабарида айтишича, айни шу кундан эътиборан умранинг иккинчи босқичи ҳам бошланди, бунда Масжидул ҳаром ва Масжиди набавийнинг 75 фоизгача тўлишига рухсат этилади.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ҳукумати 4 октябрдан маҳаллий зиёратчиларнинг, 1 ноябрдан эса хорижлик зиёратчиларига ҳам умра амалларини адо этишга рухсат берган эди. Бу барча мамлакатларга эмас, балки Саудия Арабистони эпидемиологик вазияти хавфсиз, деб топилган давлатлар фуқаролар умра ибодати учун келиши мумкин.
Шу йил март ойида Саудия расмийлари пандемия сабаб Равзаи шарифни ёпган эди. Май ойи охирида Саудия Aрабистони ҳукумати Пайғамбаримиз масжидларини номозхонлар учун қайта очган эди. Бироқ Равзага кириш ҳамон таъқиқланганича давом этаётган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ислом сўзининг маъноларидан бири тинчликдир. Мусулмонлар ўзаро бир-бирлари билан ушбу сўз орқали саломлашадилар, намоз вақтида мўмин банда айтадиган энг охирги калом ҳам, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири, жаннатнинг номларидан бири ҳам “Ас-Салом” – тинчликдир.
Тинчлик, адолат, эркинлик, ҳикмат борасида кўплаб оятлар бор.
Қуръони карим ҳар бир инсонга эътиқод эркинлигини кафолатлайди. “Сизларнинг динингиз ўзларингиз учун, менинг диним ўзим учундир” (“Кафирун” сураси, 6-оят).
Эътиқодни ёйишда зўрлик ўтказиш таъқиқланган. “Динда зўрлаш йўқ” (“Бақара” сураси, 256-оят).
Ақлга мос, далил-исботли, ҳаётга татбиқ этиладиган ёндошув орқали, ҳар бир инсоннинг ақлий даражаси ва ҳолатини ҳисобга олиб, қалбга таъсир қилувчи, мулойим услубда, агар баҳс ва мунозара бўлса, хушмуомала, адолатли ва маданиятли тарзда фикр алмашиш, даъват этилади.
“Парвардигорингизнинг йўли – динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал йўлда мужодала, мунозара қилинг! (“Наҳл” сураси, 125-оят).
Ҳар бир инсонга, дини, миллати ва ирқига қарамасдан, адолат билан муносабатда бўлиш, душманлик қилмаган бўлса, яхшилик қилиш, эҳтиром кўрсатиш Ислом таълимотларидандир.
“Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан – уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингизда қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар” (“Мумтаҳана” сураси, 8-оят).
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме масжиди имом-хатиби
Манба: @Softalimotlar