Тараққиётимизнинг янги даврида миллий ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш борасида жуда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, диний ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларва ушбу соҳа билан боғлиқ бўлган мутахассисларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай устувор вазифаларнинг ижроси сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Ўзбекистон Республикасида виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари” номли тўплам чоп этилди.
Ушбу янги нашрда Ўзбекистон Республикаси кодекслари, қонунлари, қарорлари, фармонлари ва фармойишлари билан бирга диний-маърифий соҳани тартибга солишга оид низомлар, йўриқномалар, намуналар, кўчирмалар ва бошқа зарур меъёрий ҳужжатлар ўрин олган.
Айниқса, виждон эркинлигини таъминлашга оид миллий ва халқаро қонун ҳужжатларидан намуналар келтирилгани соҳа ходимлари фаолиятида жуда қўл келади. Шунингдек, тўпламда диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жамлангани диний ташкилотларнинг иш юритишида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Биз қанчалик мукаммал қонунларни яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онгги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул бўлади”, деб ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасида жуда тўғри фиркни илгари сурган эдилар.
Айтиш керакки, диний ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳозирги даврнинг муҳим талаби бўлмоқда. Ўз навбатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутахассисларига ҳам мана шундай ихтисослашган ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами жуда ҳам фойдалидир.
Ҳуқуқий саводхонликка эришиш, мустаҳкам ҳуқуқий билимга эга ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий нормаларни кундалик ҳаётда қўллай оладиган соҳа ходимларини етиштиришда ушбу тўплам дастурил амал бўлади. Шунингдек, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам мазкур қўлланма орқали хабардор бўлиш мумкин.
Қайд этиш лозимки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутахассисларининг иш амалиётида ҳам ушбу китоб яқин ёрдамчи вазифасини бажаради, деган умиддамиз.
Яна бир жиҳат, Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари педагоглари ва талабалари ҳуқуқий фанларни яхши ўзлаштириши ва мустаҳкамлашида ҳамда бакалавр ва магистратура йўналишларида таълим олаётган ҳамда илмий-тадқиқотлар олиб бораётганларга ҳам ушбу тўплам ёрдамчи қўлланма вазифасини бажаради.
“Ўзбекистон Республикасида виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари”номли тўпламнинг 9 та бобида 83 та қонун ҳужжатлари жамланган бўлиб, унинг мундарижаси қуйидаги боблардан ибодатдир:
Биринчи боб – Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси конституциялари;
Иккинчи боб – Ўзбекистон Республикаси кодекслари;
Учинчи боб – Ўзбекистон Республикаси қонунлари;
Тўртинчи боб – Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва фармонлари;
Бешинчи боб – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари;
Олтинчи боб – виждон эркинлигини таъминлашга оид халқаро ҳужжатлар;
Еттинчи боб – диний-маърифий соҳани тартибга солишга оид низомлар;
Саккизинчи боб – давлат дастурлари;
Тўққизинчи боб – диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказувчи органларга тақдим этадиган ҳисобот шакллари ўрин олган.
Демакки, тўпламда 83 дан ортиқ қонун ҳужжати бир жойга жамлангани фойдаланувчига катта қулайлик бўлиб, бир неча адабиётларни варақлашдан вақтини тежайди. Ўз навбатида диний-маърифий соҳани тартибга солишга оид барча қонун нормалари йиғилгани эса диний ташкилотлар ходимлари ва иш юритувчилари учун асосий кўмакчи бўлади.
Таъкидлаш керакки, Давлатимиз Раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” бандларида фуқаро, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини янада юксалтириш, давлат органлари ходимлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш самарадорлигини таъминловчи механизмларни такомиллаштириш вазифаси алоҳида қайд этилган. Шу маънода ҳам мазкур қўлланма соҳалардаги ҳуқуқий билим ва онгни оширишга муносиб хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси, қонунларга бўлган ҳурмати, ҳуқуқий нормаларни ижро этиш салоҳияти, ҳаётга татбиқ эта олиш кўникмаси, қонунларга итоаткорлик ҳолати, ҳуқуқий фаолликни оширишда мазкур асар муносиб хизмат қилади, деб ишонч билдирамиз. Зеро, соҳа ходимларининг юксак ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини таъминлаш соҳа ривожида энг муҳим омилдир.
Тўплам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутахассислари, жамоат ва диний ташкилотлар ходимлари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари профессор ўқитувчилари ва талабаларига ҳамда мавзуга қизиқувчи барча китобхонлар учун мўлжаллангандир.
Мазкур тўплам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 28 мартдаги 5983-сонли тавсияси асосида нашр этилган.
Ушбу тўпламга қизиқувчилар қуйидаги боғланиш рақамлари орқали топишлари мумкин: Иш: 71-227-34-30, Уяли: 90-934-04-20, «Шамсуддинхон Бобохонов» НМИУ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).
Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.
«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.
Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.
Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.
Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.
Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).
Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз”, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки бойлик кўнгил тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).
Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.
Даврон НУРМУҲАММАД