Савол:
Ассалому алайкум Устоз. Яхшимисиз? Сизга саволим қуйидагича: қизимни узатганимга 7 йил бўлди. Алҳамдулиллах, куёвим дину-диёнатли деб, яхши ниятлар билан ҳавас қилиб узатгандим. Ҳозир ҳам ёмон эмас. Қизим узатилгач, ҳижобга кирди. Уч нафар фарзандлик бўлишди. Қайнона-қайнотаси билан яшашади. Менга ҳеч ҳам гап ташимаган шу пайтгача. Кейинги пайтларда мазаси бўлмай, тушкунликка тушиб, юраги оғрийдиган бўлиб қолди. Охири сўраб суриштириб билдимки, у ҳеч ҳам кўчага чиқмас экан. Шу йиллар мобайнида икки ҳафтада бир маротаба уйга келади. Эри ўзи олиб келиб, ўзи олиб кетади. Кўп қаватли уйда туришади. Фақат шу 2 ҳафтада бир маротаба кўчага чиқади уйга келганда. Шунда ҳам подъезднинг тагидан машинага ўтиради ва уйга қайтаётганида ҳам шунақа. Қизим олий маълумотли. Ишлатиш ниятлиги йўқ. Қариндош-уруғ, борди-келдига рухсат йўқ. Тўй-ҳашамларга ҳам рухсат йўқ. Калтакларкан, ураркан. Эридан жуда қўрқиб қолган. Қизимдан хавотирдаман. Фарзандлари боғгача бормайди. Гап-сўзлари ҳам ғалати бўлиб қолган, тарки дунё қилганга ўхшайди. Сан фарзандларингга кераксан, соғлигини ўйла, фарзандларинг боғчага борсин, ўзинг ҳам ўша ерда ишласанг бўлади-ку, десам. Унга ҳам йўқ дейишибди. Буларни билиб кечалари ухлолмай чиқаяпман. Эри ҳам ишламайди. Ишласам, намозларим қолиб кетади, дер экан. Иложини қилса, шунақа иш топса бўлади.ку намозларини ҳам қазо қилдирмайдиган. Кейинги пайтда жуда қийналиб қолишган. Моддий тарафдан. Ота-онасининг нафақа пулига яшашади. Болаларига кашага сутни ҳам қийналиб сўрайди қайнонасидан қизим. Мен пул берворай десам, йўқ эмиш, уларнинг нафсониятига тегармиш... Жуда ҳафаман. Нима қилай?.. Оилани эркак боқиши керак эмасми?.. Кўп қаватли уйда, тўртта девор, ҳеч қаерга чиқармаслиги тўғрими? Шу муаммолар ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. Шулар ҳақида маърузалар қилсангиз, яхши бўларди. Кўпчилик эшитарди. Ҳа. яна бир гап. Бизнинг диёримиздаги олимларимиз, имомларимизнинг гапини олмас экан куёв... Улар сўфийлар, деркан. Мазҳабни тан олмайди. Буларни ёзаяпману, кўзимдан ёш тинмаяпти. Нима қилай? Бошим қотган, маслаҳат беринг. Аллоҳим рози бўлсин.
Жавоб:
Исҳоқжон домла Бегматов
Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дунёга нисбатан ва обрў-эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва фирқаларга бўлинишни қоралайди, тарафкашликни жоҳилият ҳолатига ўхшатади.
Мутаассибликнинг турли кўринишлари бор бўлиб, улар кишининг ўзи, мол-дунёси, фарзандлари, миллатини бошқалардан афзал билиб, бу йўлда ашаддий равишда курашиши демакдир. Мўътабар манбаларимизда ота-боболари ва ўзининг насаби билан фахрланиш туйғуси кишини дўзахга тортади деб таъкидланган.
Мутаассиблик турларидан бири бу диний мутаассибликдир. Диний мутаассиблик деганда, маълум бир динда асос бўлган, ушбу дин вакиллари амал қиладиган таълимот ва қоидаларга қарши чиқиш, диний тушунчаларни шариат кўрсатмаларига зид равишда ўзича талқин қилиб, бошқаларни унга эргашишга чорлаш назарда тутилади. Диний мутаассибликнинг энг катта хатарларидан бири бу, динлараро мулоқотга раҳна солишдир.
Динда мутаассибона ҳаракат, динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қораланади. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетиш тушунилади. Бу иш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир. Бу борада Аллоҳ таоло Бақара сурасида “Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир”, деб марҳамат қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир” деб уқтирганлар.
Шундай экан, бугунги кундаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошиш эканлигини ҳаммамиз чуқур англашимиз лозим. Хулоса ўрнида, бу каби муаммоларнинг ечими сифатида Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий жанобларининг ушбу сўзларини келтириш билан якунлаймиз: “Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда ва бошқа динларда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…”.
Аллоҳ таъоло барчамизни ҳақ йўлдан адаштирмасин.
Косонсой тумани "Содод" жоме масжиди имом-хатиби
Баҳодир Мирфайзиев
Манба: @Softalimotlar