1989 йилда Андижон вилоятининг Избоскан туманида Аҳмадали исмли зиёли, илм аҳлидан бўлган кишининг саъй-ҳаракатлари билан туман марказида халқ ҳашари йўли билан масжид қурилган. Масжидда шу кишининг ўзи имомлик қилган. Қадимдан баъзи масжидларнинг шу жойда имомлик қилган имомлари номи билан халқ орасида номланиши анъана бўлган. Шу тариқа масжид “Аҳмадали ҳожи” номи билан шу вақтга қадар тумандаги марказий масжид сифатида фаолият кўрсатмоқда. Масжид дастлаб қурилган хонақоҳ ва кейинчалик унга тутуаш қўшимча хонақоҳдан иборат.
Бугунги кунга келиб масжиднинг эски хонақоҳи таъмирталаб ҳолга келгани, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг бинонинг яроқсиз ҳолга келганлиги ҳақидаги хулосасига биноа қайтадан қурилмоқда. Таъмирлаш ишлари шу йилнинг март ойида бошланган бўлса, бугунги кунга қадар ишлар қизғин. Мақсад қишнинг совуқ кунларига қадар янги хонақоҳни битказиб, намозхонлар учун иссиқ жой ҳозирлаш.
38 ўринлик таҳоратхона таъмирланиб, яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Минора самарқандлик усталар томонидан қайта таъмирланди. Ҳозирда янги хонақоҳнинг том қисмини ёпиш ишлари якунига етказилмоқда. Ўрнатилган учта йирик гумбаз икки хонақоҳни яхлит бир кўринишга келтирди. Янги хонақоҳ ертўла қисми билан биргаликда 800 дан ортиқ киши сиғдира олади. Ҳовли қисмлари билан ҳисобланганда ушбу жомеда жами 2000 мингда ортиқ намозхон ибодат қила олиши мумкин. Хайрли ислоҳотларга ҳиссалари қўшилаётган кишилардан Аллоҳ таоло рози бўлсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Жорий йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказилиб келинаётган намунавий-амалий тадбирнинг навбатдагиси Бандихон туманида ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари Абдухалил домла Абдуназаров бошчилигида ўтказилган тадбирга Сурхондарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, Бандихон туманидаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, Ҳаж-2024 зиёратчилари ва маҳалла раислари таклиф қилиниб улар иштирокида ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан туманда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар, жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, жазо муддатини ўтаб қайтганлар, муқаддам судланганлар, ногирон ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган умумий ҳисобда 30 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб бордилар
Сўнг ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо қилиб, йиғилган қавмга “Юртимизда бўлаётган хайрли ишлар”, “Меҳр-оқибат ва шукроналик фазилати”, “Тинчлик ва осойишталик қадри” ва “Масжидларни обод қилиш” каби долзарб мавзуларда маъруза қилиниб, бир юз ўттиз беш нафардан ортиқ намозхон қамраб олинди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Бандихон тумани имом-хатибларининг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Сурхондарё вилояти туманлар имом-хатиблари иш самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳнинг фаолияти давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги
матбуот хизмати