100 ёшли мусулмон коронавирус пандемиясига қарши курашда қўшган ҳиссаси учун Британия империяси ордени билан тақдирланди.
Юз ёшини нишонлаган мусулмон ўз боғида юриш билан жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортган ўз тенгдоши Том Мурнинг намунасидан илҳомланди.
1920 йилнинг 1 январь куни Бангладешда туғилган, мусулмон Дабирул Чаудхари 1957 йилдан бери Лондонда яшайди. Энг заиф мамлакатларда, жумладан, Бангладешда муҳтож бўлганлар учун пул тўплаш учун жамоатчилик эътиборини жалб қилишга қарор қилган оқсоқол коронавирус эпидемияси туфайли ўз-ўзини изоляция қилиб, ўз боғида олдинга ва орқага юра бошлади. Шундай қилиб, Чаудхари Рамазон ойида 420 000 фунт стерлинг тўплади. Бунда табаррук отахон ёши ва юришдаги юкламаларга қарамай, рамазон ойида рўза тутишни давом эттирди.
Мусулмон кишининг эзгу амаллари ҳақида хабар топгач, Қиролича Елизавета уни Британия империяси ордени билан тақдирлади, деб хабар беради IslamNews нашри GlobalVillage га таянган ҳолда.
"Бу шарафга менинг саъй-ҳаракатларим учун лойиқ топганларидан фахрланаман. Юрагимнинг туб-тубидан ҳаммага раҳмат айтаман", - дея ўз мукофотини изоҳлади Дабирул Чаудхари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони карим инсониятни ҳидоятга бошловчи Китоб. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини башарият ичидан танлаб олган ҳабиб пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилди.
Қуръони каримдаги ҳар бир сура фазилатли. Лекин айрим сура ва оятларнинг алоҳида фазилатлари бор. Масалан, залзала сураси. Ушбу сура Қуръони каримнинг ярмига тенг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Изаа зулзилат сураси Қуръоннинг ярмига тенг келади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Залзала сураси Қуръони каримнинг ярми ҳисобланишига сабаб – ушбу сурада қиёматнинг даҳшатлари баён этилган. Қуръони каримнинг деярли ярим қисмида бу кун ҳақида огоҳлантирилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Изаа зулзилатил арзу” (сураси)ни ўқиса, унга Қуръоннинг ярми(ни ўқиганнинг) савоби берилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Залзала сураси – Мадинада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Суранинг номи унинг биринчи оятидан олинган. Залзала – “зилзила” деган маънони англатади. Сурада қиёмат қоим бўлгандаги зилзила ҳақида сўз кетади. Сура қиёмат кунидаги баъзи воқеаларнинг васфи билан бошланади. Сўнг одамларнинг қайта тирилиши ва ҳисоб-китоб ҳақида сўз кетади.
Даврон НУРМУҲАММАД