Мамлакатимизда 794 нафар 100 ёшдан ошган пенсия ва нафақа олувчи бор.
Жорий йил 1 октябрь ҳолатига, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимлари ҳисобида туриб, пенсия ва нафақа олаётган 100 ёшга тўлган ва 100 ёшдан ошганлар сони 794 нафарни ташкил қилади.
Шундан, 131 нафари (16,5 фоиз) эркак ва 663 нафар (83,5 фоиз) аёл.
100 ёшга тўлган ва 100 ёшдан катта ёшдагилар сони Қашқадарё вилоятида 143 нафар (18 фоиз), Сурхондарё вилоятида 120 нафар (15,1 фоиз), Самарқанд вилоятида 78 нафар (9,8 фоиз), Фарғона вилоятида 76 нафар (9,6 фоиз), Тошкент вилоятида 64 нафар (8,1 фоиз), Наманган вилоятида 59 нафар (7,4 фоиз), Андижон вилоятида 56 нафар (7,1 фоиз), Бухоро вилоятида 37 нафар (4,7 фоиз), Хоразм вилоятида 36 нафар (4,5 фоиз), Жиззах вилоятида 31 нафар (3,9 фоиз), Навоий вилоятида 27 нафар (3,4 фоиз), Тошкент шаҳрида 25 нафар (3,1 фоиз), Қорақалпоғистон Республикасида 23 нафар (2,9 фоиз) ва Сирдарё вилоятида 19 нафар (2,4 фоиз)ни ташкил қилади.
Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабарига кўра, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида 383 нафар пенсия ва нафақа олувчи 100 ёшга тўлди. Уларнинг 70 нафари (18,3 фоиз) эркак ва 313 нафари (81,7 фоиз) аёллардир.
ЎзА
Савол: Бир биродаримнинг қалби нотинч бўлмоқда. Шу биродарим номидан ушбу саволни йўлламоқдаман. Бомдод намози вақтида имомликка у кишидан бошқа тажвиди яхши киши бўлмагани сабабли, жамоатга намоз ўқиб берган. Намоздан сўнг бавосир касаллиги эсига тушиб, таҳоратхонага бориб қараса, кийимида қонни кўриб қолибди. У қон намоздан олдин чиққанми ёки кейин, буни аниқ билолмаяпти. Энди ўқилган намозимиз тўғрими ёки йўқми, жамоатга: “Намозингизни қайта қазо қилиб ўқиб қўйинг”, деб айтайми-йўқми, билмай турибман, деб кўнгли нотинч бўлмоқда. Бунинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Киши кийимида нажосат кўриб қолиб, унинг қачон текканини била олмаса, кўрган вақтидан бошлаб теккан ҳисобланади. Аммо бу ҳукм ташқаридан теккан ёки ташқаридан тегиши эҳтимоли бор бўлган нажосатларга тегишли. Агар қон ёки йиринг ўзининг баданидан чиққани аниқ бўлса, бунда кийим нажосат бўлиш билан бирга таҳорат ҳам кетган бўлади. Кўрган пайтда қон ёки йиринг қотган ҳолатда бўлса, у аввалроқ чиққан ҳисобланади. Агар ҳўл ҳолатда бўлса, ҳозир чиққан ҳисобланади. Демак, биродарингиз қонни кўрган вақтда, у ҳўл ҳолатда бўлса, намозни қайта ўқиш шарт эмас. Агар қон қуриб қолган бўлса, биродарингиз намозни қайта ўқиши лозим. Жамоатга келсак, қаралади, агар уларга айтилса, фитнага сабаб бўлса, уларга бу ҳақида айтилмайди. Балки имом ўзи қайтиб ўқийди ва истиғфор айтади. Жамоатнинг намози дуруст бўлган ҳисобланади. Лекин жамоатга бу ҳақида айтса, фитна ва ихтилоф чиқмайдиган бўлса, у ҳолда уларга ҳам бу ҳақда айтиб қўйиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази