Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сермаҳсул ислоҳотлар нафақат мамлакатимизда, балки халқаро майдонда ҳам фаол қўллаб-қувватланмокда. Бу ислоҳотлар, бу ўзгаришлар янги Ўзбекистонни Ренессанс босқичига олиб чиқади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний соҳада амалга оширилаётган янгиликлар буюк алломаларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш имкониятини яратмоқда. Мана шундай том маънодаги ислоҳотлардан бири Самарқандда, Имом Бухорий мақбарасининг ёнгинасида Ҳадис илми мактабининг ташкил этилгани бўлди. Бу ерда яратилган имкониятлар дунёнинг ривожланган давлатлари нуфузли университетларидаги шароитлардан устун бўлса борки, асло қолишмайди. Ҳадис илми мактабида дарслар мамлакатимиз ва хорижнинг етакчи уламолари томонидан олиб борилади.
Бу йил Ҳадис илми мактаби талабаси бўлдим. Бу мактабда таълим олиш ҳам юксак шараф, ҳам улкан масъулиятдир. Буюк аждодларимизнинг исломий меросини тиклаш, халқимизга етказиш, илм, одоб ва ақлу заковатда ўрнак бўлишни зиммамиздаги бурч деб биламан. Менга билдирилган ишончни, албатта, оқлайман.
Азимжон Шерматов,
Хадис илми мактаби 1-босқич талабаси
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Президентимиз томонидан 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида билдирилган долзарб таклифлар амалиётга татбиқ этилгани Ўзбекистон ташаббусларининг нечоғлик муҳим ва ҳаётий эканини кўрсатиб беради.
Ана шундай таклифлардан бири – “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюциянинг қабул қилиниши эди. Ҳақиқатда, бугунги кунимизнинг ўткир муаммоси бўлган жаҳолатга қарши курашиш учун биринчи галда зарур бўлган омил бу – илм-маърифатни кенг ёйиш, бағрикенглик ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, дўстлик-биродарлик муҳитини янада мустаҳкамлаш ҳисобланади.
Самарқандда ташкил этилган Ҳадис илми мактаби ҳам маърифат тарқатувчи муҳим илм маскан экани билан алоҳида аҳамиятга эга. Мен бу йил оғир саралаш босқичларидан ўтиб талабаликка қабул қилинганимдан жуда ҳам хурсандман. Келажакдаги мақсадим, аждодларимиз тарқатган ислом маърифатини чуқур ўрганиб, ислом илоҳиёти соҳасида етук кадр бўлиб етишиш ҳисобланади. Ҳадис илми мактабида эса бунинг учун барча шароитлар яратиб берилган.
Азамат Убайдуллаев,
Хадис илми мактаби 1-босқич талабаси
Давлатимиз раҳбари жорий йил 31 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқларида Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани, бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмаслиги, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмаслигини қайд этиб, халқимизни бугунги мураккаб даврда келажакка ишонч билан ўз олдига қўйган мақсад сари дадил қадам ташлашга ундадилар.
Ҳа, Ўзбекистон янги бир уйғониш даврини бошламоқда. Мамлакатни янги тараққиёт босқичига кўтариш учун, аввало, янги авлод кадрларни тайёрлаш заруратидан келиб чиқиб, юртимизда янги тоифадаги мактаблар – Президент мактаблари, ихтисослашган ва ижод мактабларини барпо этиш, соҳа эҳтиёжларидан келиб чиқиб ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини ташкил этиш борасидаги ишлар узлуксиз давом эттирилмоқда.
Жумладан, Президентимиз ташаббуслари билан Самарқандда Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши биз ёшлар танлаган мутахассислигимиз бўйича профессонал таълим олишимиз учун катта замин бўлишига хизмат қилади.
Албатта, ушбу ислоҳотларнинг замирида “Жаҳолатга қарши - маърифат” шиори асосида халқимизнинг бой тарихи, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш ғояси мужассамдир.
Азимжон Шерматов,
Хадис илми мактаби 1-босқич талабаси
Савол: Бир биродаримнинг қалби нотинч бўлмоқда. Шу биродарим номидан ушбу саволни йўлламоқдаман. Бомдод намози вақтида имомликка у кишидан бошқа тажвиди яхши киши бўлмагани сабабли, жамоатга намоз ўқиб берган. Намоздан сўнг бавосир касаллиги эсига тушиб, таҳоратхонага бориб қараса, кийимида қонни кўриб қолибди. У қон намоздан олдин чиққанми ёки кейин, буни аниқ билолмаяпти. Энди ўқилган намозимиз тўғрими ёки йўқми, жамоатга: “Намозингизни қайта қазо қилиб ўқиб қўйинг”, деб айтайми-йўқми, билмай турибман, деб кўнгли нотинч бўлмоқда. Бунинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Киши кийимида нажосат кўриб қолиб, унинг қачон текканини била олмаса, кўрган вақтидан бошлаб теккан ҳисобланади. Аммо бу ҳукм ташқаридан теккан ёки ташқаридан тегиши эҳтимоли бор бўлган нажосатларга тегишли. Агар қон ёки йиринг ўзининг баданидан чиққани аниқ бўлса, бунда кийим нажосат бўлиш билан бирга таҳорат ҳам кетган бўлади. Кўрган пайтда қон ёки йиринг қотган ҳолатда бўлса, у аввалроқ чиққан ҳисобланади. Агар ҳўл ҳолатда бўлса, ҳозир чиққан ҳисобланади. Демак, биродарингиз қонни кўрган вақтда, у ҳўл ҳолатда бўлса, намозни қайта ўқиш шарт эмас. Агар қон қуриб қолган бўлса, биродарингиз намозни қайта ўқиши лозим. Жамоатга келсак, қаралади, агар уларга айтилса, фитнага сабаб бўлса, уларга бу ҳақида айтилмайди. Балки имом ўзи қайтиб ўқийди ва истиғфор айтади. Жамоатнинг намози дуруст бўлган ҳисобланади. Лекин жамоатга бу ҳақида айтса, фитна ва ихтилоф чиқмайдиган бўлса, у ҳолда уларга ҳам бу ҳақда айтиб қўйиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази