Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Март, 2025   |   14 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:18
Қуёш
06:37
Пешин
12:37
Аср
16:42
Шом
18:32
Хуфтон
19:44
Bismillah
14 Март, 2025, 14 Рамазон, 1446

Ёриқлар ўрни тўлармикин ёки илм аҳли орасидаги улкан йўқотишларимиз

04.10.2020   2606   4 min.
Ёриқлар ўрни тўлармикин ёки илм аҳли орасидаги улкан йўқотишларимиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугуннинг гапи

Сон-саноқсиз неъматлар ичида инсониятнинг бошқа махлуқотлардан ажралиб, юқори мартабаларда туришига сабаб бўладиган неъматлардан бири, шубҳасиз, унинг илм соҳиби бўлишидир. Чунки илм рағбат қилинган нарсаларнинг энг шарафлиси, орзу этилишидан ташқари, қўлга киритилиши учун жидду жаҳд қилишга ундалган нарсаларнинг энг устуни ва эришилган нарсаларнинг энг фойдаси кўпроғидир.

2020 йил улкан йўқотишлар йили бўлмоқда. кеча забардаст олим, кўплаб уламолар устози Довудхон домла, Қуръон ҳофизи, ўн хил қироат соҳиби, устоз Зайниддин қори, аввалроқ имом Хайруллоҳ домла, мураббий, устоз Олимхон домла, Алихон қори Зоҳидхон, бир неча имом домлалар, ёшгина қори йигитлар, дунё миқёсида таниқли аллома, шайх, муҳаддис Нуриддин Итр раҳимаҳуллоҳ ва яна кўплаб олимлар, уламолар бирин-кетин бу ёруғ оламни тарк этиб, охират сари кетмоқдалар. Мубашшир домла айтганидек, «Кейинги кунларда кўп олимлардан айрилиб қоляпмиз. Бу жуда қўрқинчли».

Ижтимоий тармоқларда кунда-кунора таъзия эълонларини кўравериб, тўғриси интернетни очишдан чўчиб қолди киши. Яхши инсонлар, солиҳ кишилар, устозлар тарк этишяпти бизни. Ёши улуғлари ҳам, эндигина 40 ёшни нари берисидаги ёшга кирганлари ҳам бор. Аллоҳнинг тақдири, қазоси. Унинг қазои қадарини розилик ила қарши олган барча яқинларига Аллоҳ таолодан гўзал сабр тилаймиз.

Шу ўринда ушбу ҳадис ёдга келади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғириш ила суғириб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади...».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Ўзини билган ҳар бир миллат ўзидан етишиб чиққан уламоларни эъзозлай олади. Ҳақиқий олимларидан дину-диёнат, иймон-эътиқод, элу юрт фойдаси учун фойдалана олади. Чунки, бундай одамларнинг борлиги ҳар бир халқ, ҳар бир миллат учун катта бахтдир. Улар оламдан ўтишлари билан бу бахт ҳам кетади.

«Мавтул олими - мавтул олами» (яъни, олимнинг ўлими-оламнинг ўлими) дейилган. Шу билан бирга ўзини билган ҳар бир миллат доимо ўз эҳтиёжларини қондирадиган даражада, сифатда ва сонда уламоларни бўлиши учун қўлидан келган ҳар бир ишни қилади.

Илмнинг кўтарилиши, уламоларни вафотлари борасида Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ шундай дейдилар: «Олим кишининг ўлими Ислом деворидаги бир ёриқдир. Тун-у кун ўзгарар экан, унинг ўрнини бирор нарса беркита олмайди». (Ҳасан Басрий).

Мусулмонлар ҳар куни Ислом деворида янги ёриқ пайдо бўлаётганини гувоҳи бўлишмоқда. Ораларидаги илмига амал қиладиган уламолар билан видолашмоқдалар. Бугун мусулмонларнинг зиммасида бу бўшлиқни тўлдириш учун Исломий илмларга юзланишлари ва доимо бу борада солиҳ уламоларнинг ўрнини тўлдира оладиган авлодни етиштиришни фикр қилмоқликлари лозимдир! Зеро, мусулмонларнинг солиҳлар ўрнини тўлдира оладиган авлодни етиштиришни кечиктиришлари олимни йўқотишдаги мусибатлариданда кўра оғир мусибатдир!

«Атрофимиздаги яқинларимиз ўтавериб биз ҳам охират кишиларига айланиб қолдик. Аллоҳ ҳаммамизни ҳидоятда муқим қилсин! Охир амалларимиз солиҳ ва сўзларимиз рост бўлсин!» (Мубашшир Аҳмад).

«Сабрлиларга хушхабар берингки, улар ўзларига мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир».

Бобур Аҳмад тайёрлади

Манба: https://islom.uz

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Салавот айтинг

27.11.2017   10154   4 min.
Ғафлатда қолманг! Салавот айтинг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

«Биз Сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик ...» деб марҳамат қилган ҳамда Ўзининг ҳидоятига бошлаган, уммати Муҳаммад қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.

“Аввалги Пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар Пайғамбар қилиб юборилганман” деган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом салавоту саломлар бўлсин.

САЛАВОТ АЙТИНГ! АЛЛОҲ ТАОЛО ВА ФАРИШТАЛАР ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА САЛАВОТ АЙТАДИЛАР.

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!», (Аҳзоб сураси, 56-оят).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! БАХИЛ БЎЛМАЙСИЗ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг олдида зикр қилинсам-у, менга салавот айтмаса, бурни ерга ишқалансин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! ДУОИНГИЗ ҚАБУЛ БЎЛАДИ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар.  

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ШАФОАТЛАРИГА ЭРИШАСИЗ.

Анас  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ  ва шафоатчи  бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ЯҚИН БЎЛАСИЗ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! АЛЛОҲ ТАОЛО ГУНОҲИНГИЗНИ МАҒФИРАТ ЭТАДИ, ДАРАЖАНГИЗНИ КЎТАРАДИ.             

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ! РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ СИЗНИ ЭШИТАДИЛАР.

Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

САЛАВОТ АЙТИНГ!  Ҳар дуонинг аввали ва охирида.

САЛАВОТ АЙТИНГ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларини айтганда ва эшитганда.

САЛАВОТ АЙТИНГ! Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.

САЛАВОТ АЙТИНГ! Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.

САЛАВОТ АЙТИНГ! Бошга мушкул тушганда ва хурсандчиликда

САЛАВОТ АЙТИНГ! Уйқуга ётишдан олдин.

САЛАВОТ АЙТИНГ! Қуръони каримни хатм қилгандан кейин.

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар