Бозордан бирор бемаза мева ҳарид қилсак ё сифатсиз кийим сотиб олсак дарҳол сифатлисига алмаштириб оламиз. Ота-она нобакор фарзандни вояга етказди ёки ўқитувчи қулоқсиз, беуқув, дангаса шогирд етиштирди. Бундай фарзанд ёки шогирдни яхшисига алмаштиришнинг ҳечам иложи йўқ. Шундай эмасми?
Динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёс. Муаллимлик, мураббийлик ‒ буюк шараф. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари пайғамбарлар ҳам муаллим ва мураббий қилиб юборилганлар.
Ўқитувчилик касби вакиллари жамиятга сув ва ҳаводек зарур. Бу муҳтарам зотларни қуёшга ўхшатиш мумкин. Қуёш нуридан барча бирдай манфаат кўрганидек, устозларнинг маърифати бутун башариятга наф келтиради. Бежиз Абдураҳмон Жомий ҳазратлари:
Устоз, мураббийсиз қолганда замон,
Зулумотдан қора бўларди жаҳон, демаган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда: «У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар» (Жумъа сураси, 2-оят), деб марҳамат қилинган.
Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Бир аллома устози ҳақида: “Отам мени кўкдан ерга тушишимга сабабчи бўлган, устозим эса ердан кўкка кўтарилишимга сабабчидир”, деган экан. Ота-она инсоннинг жисмини тарбия қилади, муаллим эса инсоннинг руҳини тарбиялайди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига дуо қиладилар” (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит шогирдлари билан кетаётган эди. Йўлдан чўпон подани ҳайдаб ўтиб қолди. Шунда Абу Ҳанифа отдан тушиб, чўпонга салом бериб, тавозе кўрсатди. Чўпон кетгач, шогирдлари: “Устоз, сиз Куфада, Басрада донғи кетган олимсиз, оддий чўпонга бунчалик тавозе кўрсатишингизнинг боси недир?” дейишди. Абу Ҳанифа: “Бу чўпондан ҳайвонлар ҳақида савол сўрагандим. У менга устозлик қилган эди. Муаллимга тавозе кўрсатиш гўзал фазилатдир”, дедилар.
Худди шундай Алишер Навоий мулозимлари билан кетаётиб, ногоҳ кўзлари йўл бўйида ўтирган ўсмир болага тушди. Ҳазрат отдан тушиб, болакай салом бериб, олдига борди ва: “Бу йигитча устозимизнинг набираси. Биз унга эътибор қаратиб, устоз хотираларини шод айладик”, деган.
Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Ҳадиси шарифда: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).
Ўткир Ҳошимов “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”ида устозни чархпалакка, шогирдни эса сувга ўхшатади. Чархпалак ўзининг парраклари орқали сувни юқорига кўтаради. Юқорига чиқиб олган сув ортга қайтмайди. Чархпалак эса бундан ранжимайди, яна бошқа сувни юқорига кўтараверади.
Миродил МИРЖАЛИЛОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
﴿الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَى عَبْدِهِ الْكِتَابَ﴾
“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)га Китоб (Қуръон)ни нозил қилган зот (Аллоҳ)га – ҳамд!” (Каҳф сураси, 1-оят).
Ушбу Китобни умматларига омонат ила етказиб, унга амал қилишда гўзал намуна, “Хулқи Қуръон” бўлган зот – севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва салавоту дурудлар бўлсин!
Пайғамбаримиздан Қуръони каримнинг бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик билан қабул қилиб, унга ихлос ила амал қилган саҳобаи киромлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Қуръони каримга иймон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин.
Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг каломи. Унинг ҳар бир ҳарфи ва оятини ўқиб ўранган кишиларга катта ажр-савоблар ваъда қилинган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
من قرأ حرفًا من كتابِ اللهِ فله به حسنةٌ. والحسنةُ بعشرِ أمثالِها لا أقولُ ﴿الـم﴾ حرفٌ ولكنْ ﴿ألفٌ﴾ حرفٌ و﴿لامٌ﴾ حرفٌ و﴿ميمٌ﴾ حرفٌ.
“Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Қуръони каримни ўқиб ўрганган ва бошқаларга етказган кишилар улуғ фазл-мартаба соҳиби бўладилар. Бу ҳақда Усмон розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
خَيرُكُم من تعلَّمَ القرآنَ وعلَّمَهُ.
“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисдан инсонларнинг энг яхшилари аввало Қуръонни ўрганувчилар, кейин эса уни ўргатувчилар экани маълум бўлмоқда.
Аллоҳ таоло шундай фазл-мартабани барчамизга муяссар айласин.
Даврон НУРМУҲАММАД