Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги “Заркент бобо” зиёратгоҳида аёллар ва болалар томонидан қабр тавоф қилинаётгани, устунлар ўпилаётгани, зиналарга бош қўйиб, сажда этилаётгани ҳақидаги эски видеолавҳа яна тарқатилди. Таъкидлаш зарурки, ушбу эски видеолавҳа бундан бир йил аввал ижтимоий тармоқларда тарқатилган эди.
Ўша вақтнинг ўзида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан бу ҳолатга муносабат билдирилиб, амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилган. Жумладан, имом-хатиблар жалб этилиб, келган зиёратчиларга қадамжо тўғрисида аниқ маълумот ва зиёрат тартиблари тушунтирилган эди. Шунингдек, зиёратгоҳларга Ислом ақидаси ва шариатида кўрсатилган зиёрат қилиш одоблари ҳақида лавҳалар жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил октябрь ойида эълон қилинган қуйидаги муносабатлар билан яқиндан танишиб, янада ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази