Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қўлимизни кўксимизга қўйсак, ичимиздан гўё эшик қоққандек тўхтовсиз «дук-дук», «дук-дук», дея садо бераётган овоз ўйлаб кўрсак, бекорга дуккилламас экан…
Бу унинг «Ҳой, мени ишим, вазифам тугаяпди, мен учун белгиланган муддат ниҳоя топмоқда, огоҳ бўл!», дегани экан…
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларига насиҳат қилиб:
«Ҳар куни «Фалончи вафот этди, Фустончи вафот топди…», дейилади. Ҳали шундай кун ҳам келадики, ул кунда «Умар ўлибди…» дейилади…», дер эканлар.
Маълумингизки, вилоятимиз бош имом-хатиби марҳум Хайруллоҳ домла Турматов оғир дард сабаб Аллоҳ таолонинг ҳикмати иродаси ила 16 сентябрь, милодий 2020 йил, 28 муҳаррам, ҳижрий 1442 йил, ҳафтанинг чоршанба куни, аср намозига саноқли дақиқалар қолганида 44 ёшларида охират сафарига риҳлат қилдилар.
Бу мусибат олдида «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи роожиъуун», демоқдан ўзга чора тополмадик…
Билганим шул эдики, Ул кишимиз аҳли илмларни хуш кўрадиган, Аллоҳнинг байти – масжидлар ва қалблари Аллоҳнинг байтига боғланган қадрли қавмларини севадиган, вазифаси учун жонкуяр инсон эдилар…
Аллоҳ таоло Хайруллоҳ домламизни Ўз раҳматига олиб, уларнинг йўлларига интизор бўлиб, бироқ дийдорлаша олмаган меҳрибон ҳожа онажонлари ва аҳли оилалари ҳамда миллионлаб мухлислари учун гўзал сабр ато этсин…
Амин…
Бир инсон яшаса шунчалик яшар экан…
Бир инсон ота ёки она бўлса шу мисол фарзандга ота ёхуд она бўлар экан.
Муборак жума, 18 сентябрь куни бутун ўзбегим мусулмонлари ўз хонадонларида, йўлларида, хусусан жума намозлари сўнггида жамоа бўлиб мингга яқин тўлиқ хатми Қуръонлар ортидан марҳум устоз Хайруллоҳ домламиз ҳақларига хайр ва раҳматларни сўраб дуо қилдилар.
Қисқа умр кечирдилар – 44 йил. Лекин, шу аснода асрларга татигулик иш қилдилар.
Ёнларида бирга ишлаган давримда менга вазифаларига кўра раҳбар эмас, балки акадек муносабатда бўлдилар.
Ғам-у ташвишлари дин эди. Дин ривожи – уламолар фаолияти, диний ходимлар салоҳияти, талабалар муваффақияти, қалблари Аллоҳнинг байтига боғланган инсонларни обод, шинам ва кўркам масжидларда ибодат қилишини кўриш уларнинг энг юксак рағбати, истак ва умидлари эди. Шодлик ва қувончлари масжид қурилишига рухсат берилиши ва унинг пойдеворига илк ғишт қўйилиши эди.
Биргаликда жуда ҳам кўп мартаба тушлик қилганман. Арзон ва парҳез таомларни хуш кўрар эдилар. Таом учун иштаҳалари яхшиловчи нарса бу фақатгина диний музаффариятлар, айниқса бирор бир эски масжидни қайта қурилишига рухсат берилиши, имтиҳонлар якун топгач ким бўлмасин вилоятнинг бирор фарзандини мадраса талабаси бўлгани ҳақидаги хабарлар бўлар эди.
Ҳар доим имом-хатиб ва имом ноибларга айтар сўзларида «Ким омонат фаолияти давомида битта масжидни янгидан қайта қурмаса, шунингдек, ҳечса бир нафйар ўсмирни мадраса талабаси бўлишига сабабчи ёки туртки бўлмаса у “Мен имом-хатиб ёки имом ноиби бўлиб ишладим…», демасин», деган насиҳатлари жаранглар эди.
Жоме масжидлар қурилиши ва мадраса талабалари ўқув контракт тўловларини тўлашда саховатпешаларга мурожаат қилишдан уялмас ва оринмас эдилар.
Ишларида маслаҳат қилишни жуда ҳам муҳим, деб билар эдилар. Бир куни мени хоналарига чорладилар ва айтдилар:
«Нурали… Вилоятимизда миссионерлик фаолияти авж олаётган ҳудудларни белгилаб олсак ва ўша ҳудудларда ушбу хатарли муаммонинг ечими ўлароқ – янги жоме масжид очиш чораларини кўрсак…», дедилар.
Маслаҳат давомида вилоятда тўртта ана шундай ҳудудларни белгилаб олдик. Ишонсангиз, улар шу куннинг эртасига мазкур тўртта ҳудуднинг ҳар бирига шахсан ўзлари бориб, қайси жойдан жоме масжид таъсис этиш мақсадга мувофиқ ва муносиблигини ўрганиб, телефон орқали менга мазкур масалада раҳбарларга хат тайёрлашимни айтдилар.
Бу йўлда қаерга бориш лозим бўлса қатнамоқдан эринмадилар, кимга мурожаат қилиш лозим бўлса мурожаатдан тортинмадилар. Натижа ўлароқ Олмалиқ шаҳрида янги жоме масжид таъсис этилишига эришдилар. Бу қувонч ва бундан бошқалари ҳам ўзидан ўзи, шунчаки истак ва умид билан амалга ошмаганига мен гувоҳман.
Бу хушхабардан сўнг ушбу янги жоме масжидни муносиб ном билан номлаш масаласида машварат қилар эканлар ишхонамиздаги ходимлар даврасида қатор номларни ўйлаб кўрдик. Лекин бирортасидан уларнинг кўнгиллари ёришмади. Ҳудди, бошқа ном қолмагандек маълум вақт жим бўлиб қолдик. Бироздан сўнг шундай дедим:
«Домла! Бир фикр бор. Шу онга қадар 130 минг аҳолиси мавжуд бўлган Олмалиқ шаҳрида атиги биргина жоме масжид мавжуд бўлиб, унинг номи ойлар султони номи ила «Рамазони шариф», дея номланган. Мусулмонлар Рамазон ойининг янги ҳилолини кўриш учун узоқ вақт интизор кутадилар. Уни кўрганларида эса қалблари шодлик билан тўлади.
Бу жоме масжид ҳам Олмалиқ шаҳар аҳолиси учун Рамазон ойи ҳилолидек интизор кутилган ва кўриниш бериши билан шаҳар аҳолисининг қалбини қувончга тўлдирган даргоҳ бўлди.
Келинг, унинг номини «Рамазони шариф» жоме масжидига боғлаган ҳолда «Ҳилол», деб атасак. Боз устига сиз марҳум устоз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини жуда ҳам хуш кўрар эдингиз, улар ҳам сизни муносиб яхши кўрар эдилар. Уларнинг илмлари таралаётган нашр даргоҳининг номи ҳам «Ҳилол», деб номланган…».
Ишонсангиз ушбу ожизона таклифдан домламизнинг кўзлари порлаб, ўтирган ўринларидан қалқиб турдилар. Шу ондаёқ фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фарзандлари Исмоилхон домла билан боғланиб, улардан одоб нуқтаи назардан «Ҳилол» номидан фойдаланишга ижозат сўрадилар. Исмоилхон домла ҳам бу ишдан мамнун эканликларини билдириб, сўзлари якунида «Домла, қурилиш билан боғлиқ бирор хизматлар бўлса бизга ҳам айтинг», деганларида, домламиз уларга жавобан «Ўз вақтида албатта, айтаман…», дедилар.
Мулоқотдан сўнг домламиз менга кулибгина қараб «Аллоҳ насиб этиб шу масжид битсин, ёнига аҳоли фойдаланиши учун марҳум устоз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий мерослари манбаи сифатида алоҳида намунали кутубхона ташкил этаман, ана ўшанда Исмоилхон домламизга хизматни айтиб, уларни ишга соламан…», деб қувониб кетган эдилар.
Мана шу уларнинг фаолияти давомида амалга оширилган энг сўнгги меҳнат, хизмат ва жасоратлари бўлди…
Ишонаманки, буни ҳеч ким, айниқса Олмалиқ шаҳри аҳолиси асло ва асло унутмайди…
Уларга фаолиятлари давомида бирор бир иш осон бўлмаган. Деярли хоналарида ўтирмас эдилар. Ҳар бир ютуқлари ортида жуда кўп меҳнатлар, иродалар, ўз навбатида ҳасратлар, матонатлар ва жасоратлар мужассам эди. Булар ҳақида мен билан соатлаб гаплашар эдилар. Мен бунга гувоҳман.
Шу боис уларнинг ҳар бир машаққатли ишлари давомида ва якунида уларга қайсидир маънода жуда ҳам кичик ёки арзимас бўлсада тасалли бўлиб, кўнгиллари учун муносиб сўз айтиб турар эдим.
Қуйидаги мурожаатим мени уларга мазкур энг сўнгги жасоратли ва самарали меҳнатлари асносида билдирган энг сўнгги мурожаатим бўлган экан…
Вақт топиб, уни албатта ўқинг…
Ассалому алайкум, қози домла!!!
Тошкент вилоятида муҳтарам муфтий ҳазратлари бошчиликларида элликдан ортиқ жоме масжидларни тўлиқ қайта қурилишида жонбозлик кўрсатиб келаётганингиз жуда ҳам қувонарли ҳолат…
Бугун эса узоқ йиллик умидларингиз, ўз навбатида тинимсиз сўровларингиз ва ташаббусингиз натижаси ўлароқ Юртбошимизнинг ижозатлари билан Олмалиқ шаҳрида янгидан жоме масжид таъсис этишга рухсат берилиши, уни «Ҳилол», дея номланиши, унга биноси вилоятнинг энг намунали жоме масжиди сифатида қад ростлаши учун олти минг кишига мўлжалланган илк тамал тошини қўйилиши иймонга ташна қалб эгаларига сокин томчилаётган ёмғир мисол роҳатли сурур бахш этди…
Бундан барча мўминларнинг қалби шодликка тўлиб, давлатимиз Раҳбари, ўз навбатида муфтий ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита, вилоятимиз ҳокимлиги, бу ишда жонбозлик кўрсатган биз билган ва билмаган ҳар бир мутасадди масъуллар ҳаққига Аллоҳ таолодан бахт ва ҳар икки дунё саодатларини сўраб, мустажоб дуолар қилаётган бўлсалар, не ажаб…
Очиғи, бундай кутилмаган, шунингдек, хайрли ва ажрли иш билан Сизни ва Олмалиқ шаҳри мўмин-мусулмонларини самимий қалбдан қутлаймиз!!!
Аллоҳ таоло бу ва бу мисол ажри юксак меҳнатларингизни хайрларга васила қилиб, Сизни бунданда улуғвор ишлар бошида кўриб юришни насиб этсин…
Меҳрибон ва яхшиликни ортиғи билан мукофотловчи Аллоҳ таоло бу мисол хайрли ишларингиз эвазига Сизга (Сиз қатори биз ожиз бандаларга ҳам) икки дунё саодатини ато этиб, жумладан, мушфиқ Онажонингиз бахтларига Сизни, Сизнинг бахтингизга Уларни ва барча Аҳлингизни узоқ йиллар ҳар дам ва ҳар лаҳза омон айласин…
Эндигина 3 ёшни қарши олиб, бола тилида болажонча «Ота, Ота…», дейишни бошлаганингизда бундай бетакрор ва бебаҳо нидоларингиз билан беҳад қувонтирганингиз, аммо илоҳий тақдир ила шу ондаёқ йўқотганингиз, бироқ, Сиздек фарзандга ота бўлиб ҳеч нарсани йўқотмаган, аксинча, охирати учун муносиб захира қолдирган меҳрибон отангиз – Абдумалик отани Аллоҳ таоло ўз раҳматига олсин…
Менга бир сўзни жуда ҳам кўп маротаба айтар эдингиз… Очиғи, ҳар гал эшитганимда жуда ҳам таъсирланганман…
Ўша сўзларингизда:
«Мен Юртбошимнинг кўзларида уч маротаба ёнма-ён туриб кўз ёшларини кўрганман: бири «Зангиота» мажмуасида, иккинчиси Паркент туманида, учинчиси Бекобод шаҳрида.
Биламан, бу уларнинг ожизлик ёки чорасизликлари натижасида кўзлари қаъридан сизиб чиққан кўз ёши эмас. Негаки, улар иродали ва жасоратли инсон. Аксинча, бу кўз ёшларини Уларни юрти ва унда ҳаёт кечираётган халқининг ғами ва дардини ҳис этганларидан, деб биламан.
Нурали, агар мен шу кўз ёшларни кўра-била туриб, ўз фаолиятимдаги иш тартибимни ўзгартирмасам ўрнимни боридан йўғи (яъни, топширганим) яхшироқ», деган изтиробларингиз бор эди.
Раҳмат Сизга…
Бахтимизга Сиз кабилар бор, кўп ва омон бўлсин…
Амин…
Бу сўзларни фақатгина эътироф ва мамнуният маъносида қабул қилгайсиз…
Ҳурмат ила,
Тошкент вилояти вакиллигидаги барча ходимларингиз номидан,
Нурали Мавланов…
29 август, 2020 йил.
***
Аллоҳ таоло устоз Хайруллоҳ домламизни ўз раҳматига олсин, ул киши ҳақидаги гувоҳлигимизни қабул этсин… Барчамизни олий жаннатида жамласин… Амин…
Ўринбосарлари
Нурали Мавланов.
18 сентябрь, 2020 йил.
Манба: https://islom.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَفَقَةُ الرَّجُلِ عَلَى عِيَالِهِ صَدَقَةٌ».
Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг аҳли аёлига қилган нафақаси садақадир», дедилар.
Шарҳ: Дарҳақиқат, аҳли аёлга нафақа қилиш садақадир. Чунки бунда киши вожиб ибодатни адо этади. Зотан, шариат ҳукми бўйича аҳли аёлнинг нафақаси вожибдир. Бу Аллоҳ таолонинг амридир. Шариатда кўрсатилган амални Аллоҳнинг амрини бажариш нияти билан қилиш Аллоҳ таолонинг йўлида қилинган иш бўлади. Шунинг учун ўз аҳли аёлимга берсам, садақанинг савобидан маҳрум бўламан, деган тушунча нотўғридир. Аксинча, яхши ният билан, шариатнинг буйруғини, Аллоҳ таолонинг ҳукмини адо этяпман, аҳли аёлимнинг нафақаси менга вожибдир, шуни ҳалолдан адо этаман, деб ҳаракат қилган киши аҳлининг нафақаси туфайли улуғ ажрларга эришади.
عَنِ الْحَسَنِ يَرْفَعُ الْحَدِيثَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ مِنْ غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلَا إِقْتَارٍ كَانَتْ نَفَقَتُهُ بِمَنْزِلَةِ النَّفَقَةِ فِي سَبِيلِ اللهِ».
Ҳасандан ривоят қилинади: «Киши аҳли аёлига исроф ҳам қилмай, жуда сиқиб ҳам қўймай нафақа қилса, Аллоҳнинг йўлидаги нафақа ўрнида бўлади».
Шарҳ: Аҳли аёлга, яъни қарамоғидагиларга қилинган нафақада исроф қилиш ҳам, хасислик қилиш ҳам дуруст эмас. Балки ўртача, бир меъёрда нафақа қилиб бориш Аллоҳнинг йўлидаги нафақа бўлади.
Аҳли аёлнинг нафақасида исрофга йўл қўйиш барча ҳолатлардаги исроф каби ношаръий иш ҳисобланади. Шу билан бирга, бу иш аҳли аёлнинг ҳаддидан ошишига, одобсизликларга қўл уришига сабаб бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Аҳли аёлнинг нафақасини сиқиб қўйиш бахилликнинг ёрқин намунасидир. Бу нафақадаги кишиларнинг ҳаққини поймол қилишдир.
Барча иш ва ҳолатлардаги каби, бу ишда ҳам ўртача бўлиш маъқул. Зотан, динимиз васатийлик – ўртача йўл тутиш динидир.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида айтади: «Инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, бу иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).
Араб тилида «инфоқ» – «нафақа» иборалари мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда «бировга садақа қилиш», «эҳсон қилиш» маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиши кераг-у, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим.
Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Мол-дунёни ҳеч қачон исроф ҳам қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.
Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкларини ҳавойи нафсларига биноан тасарруф қилишларига ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-ҳаришга ишлатиш ман қилинган.
Шунингдек, мол-мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» деган номни бериб, мусулмонлар исрофдан қайтарилган. Мол-мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одам «сафийҳ» – эси паст дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг мол-мулки музлатиб қўйилади. Керак бўлганида, маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.
Шу билан бирга, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама уларнинг ҳақларини олиб беради.
Исрофгарчилик ва хасисликни танқид этиб, қораловчи кўплаб ҳадислар келган.
عَنْ أَبِي الْمُخَارِقِ قَالَ: خَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي غَزَوةِ تَبُوكَ فَطَلَعَتْ نَاقَتُهُ، فَقَامَ عَلَيْهَا سَرِيعًا، فَمَرَّ بِهِ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ بَعْضُ أَصْحَابِهِ: مَا رَأَيْنَا كَالْيَوْمِ رَجُلًا أَجْلَدَ وَلَا أَقْوَى لَوْ كَانَ فِي سَبِيلِ اللهِ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى صِبْيَةٍ صِغَارٍ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى وَالِدَيْهِ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى نَفْسِهِ لِيُغْنِيَهَا فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى رِيَاءً وَسُمْعَةً فَهُوَ لِلشَّيْطَانِ».
Абул Мухориқдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқдилар. Туялари келиб қолди. Унга тезда миндилар. Шунда олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Ҳамма ўша кишига қаради. Шунда саҳобалардан бири у зотга: «Бугунгига ўхшаш бақувват, чапдаст одамни ҳеч кўрмаган эдик. Қани энди у Аллоҳнинг йўлида бўлса», деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у ўзининг кичик болалари учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар риё ва хўжакўрсин учун уринаётган бўлса, шайтоннинг йўлидадир», дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар риёкорликдан, хўжакўрсинчиликдан, фалончи гапиради, пистончи кулади, фалончини қойил қилиб қўяй, каби банданинг риоясини қилишдан мутлақо узоқ бўлишлари, ҳазир бўлишлари керак. Балки ҳар бир ишни соф ният билан, шариатда кўрсатилганидек, Аллоҳ таолодан савоб умидида адо этиш лозим экан. Шунда ҳам ҳожати раво бўлади, ҳам мурод-мақсадига етиб, бошқаларни хурсанд қилади, энг муҳими, Аллоҳнинг йўлида амал қилган инсон даражасига кўтарилади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ўзининг кичик болалари учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
2. Ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
3. Ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
4. Риё ва хўжакўрсин учун уринаётган одам шайтоннинг йўлида уринаётган шахс экани.
قَالَ شُعْبَةُ: فَقُلْتُ لِعَدِيٍّ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ فَقَالَ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ نَفَقَةً يَحْتَسِبُهَا كَانَتْ لَهُ صَدَقَةً».
Шуъбадан ривоят қилинади:
«Адийга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламданми?» дедим.
«Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан. У зот: «Қачон киши аҳлига савоб умидида нафақа қилган бўлса, унинг учун садақадир», дедилар», деди».
Шарҳ: Аҳлига, қарамоғидагиларга савоб умидида, бу Аллоҳнинг ҳукми, шариатнинг буйруғи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, бу менга вожиб, деган ниятда ва албатта, ҳалол-пок йўл билан топилган молдан қилинган нафақа садақа ўрнига ўтиб, улкан ажр-савобларга сабаб бўлиши шубҳасиз ҳақиқатдир.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз