Қадимий навқирон ва ҳамиша гўзал Самарқандда янги масжид очилди!
Яратганга чексиз шукроналар бўлсин, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидлар сони яна биттага кўпайиб, жами 2075 тага етди азизлар!
Янги масжид номи "Янгиобод" деб номланган бўлиб, самарқанд шаҳрининг Сўғдиёна даҳасида ўз фаолиятини олиб боради ва эртага фазилатли жума куни илк жума намози ўқиши режалаштирилмоқда.
Шу билан Самарқанд вилоятидаги масжидлар сони 286 тага етди.
Ушбу масжидни барпо этилишидан тортиб, бугунги очилишигача ўз ҳиссасини қўшган барча юртдошларимиздан яратганнинг ўзи рози бўлсин ва янги жоме масжид муборак бўлсин азиз юртдошлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
16 май куни “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк гуруҳ зиёратчилари Маккаи мукаррамага замонавий автобусларда етиб келди. Уларни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, мамлакатимизнинг Саудиядаги Атташеси ва ишчи гуруҳи томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” ва "Romance room" меҳмонхоналарига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Замонавий меҳмонхонада хоналари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерга диёримиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлдилар.
Таматтуъ ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалини адо этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати