Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қашқадарё вилоятида тарихий ёдгорликлар, меъморий обидалар, қадамжолар талайгина.
Уларнинг аксари нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ном таратган сайёҳлик объектлари қаторига киради. Ана шундай зиёратгоҳлардан бири Қамаши туманининг Лангар қишлоғида денгиз сатҳидан минг метр баландликда барпо этилган Лангар ота масжиди ва Шайх Абулҳасан мақбарасидир.
Қизилтепа қишлоғидан 25-30 километр олисликда, Ҳисор тоғ тизмалари оралиғидаги Лангар қишлоғида жойлашган қадимий масжид айрим ёзма манбалар ҳамда оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ривоятларга кўра, ХIV аср охирида Шайх Абулҳасан асос солган. У Бухородан иршод хатини олгач, ушбу манзил томон йўл олган экан.
Шайхнинг пири у кишига «Минган туянгиз учинчи марта чўккан жойда масжид барпо этинг» деган экан. Туяси сўнгги бор ҳозирги Лангар қишлоғи, яъни масжиднинг ўрнига чўкибди ва Шайх Абулҳасан шу ерга масжиднинг пойдеворини қўйибди. Маҳаллий аҳоли у кишига мурид бўлиб, масжид қурилишида кўмаклашган экан.
Ушбу масжидда куфий хатида битилган Қуръони каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар нусхаларидан бири - Катта Лангар Қуръонининг факсимили нусхаси сақланади.
Масжид 2 та хонақоҳ, 1 айвон, 4 меҳроб, 19 та устун ва 7 эшикдан иборат. 2 та хонақоҳи катта масжид ва кичкина масжид деб номланади. Аввал кичкина масжид қурилган, намозхонлар кўпайганлиги сабабли кейинчалик катта масжид ва айвони қурилган. Лангар ота масжиди ислом олами меъморчилик санъати билан маҳаллий халқ ҳунармандчилик услублари уйғунлигида барпо этилган. Бу меъморий обидани Марказий Осиёда ягона десак муболаға бўлмайди.
Масжид томининг баландлиги, пойдеворига қўйилган тошларнинг улканлиги, устун ва ёғочларнинг қучоққа сиғмаслиги уни ўта маҳобатли қилиб кўрсатади. Масжид катта хонақоҳининг устуни тепасида ҳижрий 1362 йил (милодий 1905 йил)да уста Муҳаммадиёр томонидан таъмирлангани ёзилган. Масжид баландлиги 11 метр, бўйи ва эни 32 метрдан. Масжид шифтига вассажуфт тахланган. Унинг меҳроб қисми нозик дид ва юксак маҳорат билан безатилган.
Меҳроб атрофи сулс ёзувидаги битиклар билан тўла. Шунингдек, мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика киши диққатини ўзига жалб қилади. Бундан ташқари, зарҳал девор бўйлаб икки хил ёзув: арабча ҳамда оддий нақшга ўхшаб кетадиган номаълум ёзувлар муҳрланган.
Юқоридагиси қандай имлолиги, безакми ё рамзий белгиларми – маълум эмас. Қизиғи шундаки, улар тўғри чизиқлардан ҳосил қилинган бўлиб, кўпи свастика шаклидадир. Бундай рамзлар қадимги туркий халқлар буюмларида, лавҳаларда кўп учрайди. Мутахассисларнинг фикрича, бу безаклар Кўк турк подшоларининг ишоралари, аниқроғи давлат рамзлари экан.
ЎзА
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан замонавий медиа-маконда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини ёритиб бориш ишларини янада самарали ташкил этиш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир қатор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда давлат органлари ва ташкилотлари матбуот котиблари учун жорий йилнинг 30 июнь – 2 июль кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида "Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон" мавзусида V миллий конференция ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот котиби ҳам қатнашди.
Конференция доирасида ўтказилган “Media Quiz”да 9 та жамоа 5 та раундда турли соҳага оид йўналишларда билимларини синашди. Билим-ринг натижаларига кўра учта жамоа ғолиб деб топилди ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Уч кун мобайнида ўтказилган тадбирлар ниҳоясига етди.
***
Шунингдек, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган “Zakovat” интеллектуал ўйинида Muslim.uz жамоаси ҳам муносиб иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати