Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида мамлакатларимиз миллий нашрлари “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталарида чоп этилган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан интервью етакчи араб оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Мисрнинг “Ал-Ҳасод ал-арабий” ва “Ал-Дипломаси” газеталари ўз саҳифаларида ташқи сиёсат идораси раҳбари интервьюсининг араб мамлакатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликка бағишланган жиҳатларига алоҳида эътибор қаратди.
“Ал-Ҳасод ал-арабий” газетаси ўз мақоласида араб давлатлари билан Ўзбекистоннинг кўп қиррали ҳамкорлигига тўхталар экан, мамлакатларимизни ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган тарихий ва маданий алоқалар боғлаб туришини қайд этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил май ойида Саудия Арабистонига, 2019 йил март ойида БААга ташрифларини, 2018 йил сентябрь ойида эса Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Ўзбекистонга ташрифи алоҳида таъкидланади.
Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисининг мамлакатимизга ташрифи давомида ҳукуматларимиз ўртасида 4 та битим, вазирлик ва идоралар ўртасида ҳамкорлик бўйича қатор битим ва ўзаро англашув меморандумлари имзолангани юқори баҳоланган.
Мисрнинг “Ал-Дипломаси” газетаси 2017-2020 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан Миср, Саудия Арабистони, Кувайт, БАА, Марокаш, Иордания каби араб давлатлари Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилганига эътибор қаратиб, ушбу тадбирлар мамлакатларимиз муносабатларини ривожлантириш ва турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришда қулай имконият яратганини қайд этади.
Мақолаларда таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистон билан араб давлатлари ўртасидаги инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик доирасида 1,6 миллиард доллар қийматдаги 60 дан зиёд лойиҳа амалга оширилаётгани янги марралар мавжудлигининг тасдиғидир.
Мисрлик нашрлар Ўзбекистон ташқи ишлар идораси раҳбарининг Миср Араб Республикаси билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳақидаги фикрларини юқори баҳоламоқда.
Жумладан, «Ал-журнал ал-арабий» умумараб журналида эълон қилинган «Ўзбекистон ташқи ишлар вазири: Миср билан алоқалар турли соҳалардаги ўзаро манфаатли муносабатларга асосланган» сарлавҳали мақолада Миср билан Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик истиқболларига катта эътибор қаратилди.
«Ал-ахбар ал-масаи» газетаси эса «Яшасин Ўзбекистон – Миср дўстлиги: Ўзбекистон ташқи ишлар вазири турли соҳалардаги ўзаро манфаатли муносабатларга асосланган Миср билан алоқаларни таъкидлади» сарлавҳали мақолани ўз ўқувчилари эътиборига ҳавола қилди.
Мазкур мақолада ҳам Ўзбекистоннинг Миср ва бошқа араб давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб бораётган ташқи сиёсати масалалари қайд этилади. Хусусан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи якунлари ва унда эришилган икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бўйича келишувлар ижроси юзасидан сўз юритилади.
Шунингдек, 2019 йил Ўзбекистон ва Миср вазирликлари ва идоралари делегациялари томонидан амалга оширилган 40 дан зиёд ўзаро ташрифлар алоқалар мустаҳкамланаётганига яққол далил экани қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан