Узоқ умр кўриш, кенг ризққа эга бўлиш – ҳар бир инсон орзуси. Кимдир бу йўлда кунни тунга, тунни тонгга улаб меҳнат қилса, яна кимдир бошқа чоралар ахтаради. Баъзан минг урингани билан иши бароридан келмаётганидан нолийдиган инсонларни учратамиз. Бундай инсонлар кенг ризққа эга бўлиш учун ҳар чорани кўришади-ю, бироқ Набиййи муҳтарам алайҳиссаломнинг биргина ҳадисларини унутиб қўйишади. Бу ҳадис...
“Шарҳус сунна” китобида ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қарамоғида уч қизи бўлса ёки отаси вафот этиб, уч синглиси қарамоғида қолса, уларга меҳрибонлик қилиб, борадиган жойида муросали яшаб кетадиган даражада яхши одоб ўргатса, Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилади”, деганлар. Шунда бир киши: “Ё Аллоҳнинг пайғамбари! Қизи икки нафар бўлса-чи?” деб сўради. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки нафар бўлса ҳам”, дедилар. “Бир нафар бўлса-чи?” деб сўрашганида: “Бир нафар бўлса ҳам”, дедилар.
Аёл киши турмуш қургунича отаси, ака-укаси ёки бирор бошқа эркак қариндошининг қарамоғида бўлади. Оила қуриши билан эрнинг қарамоғига ўтади. Тақдир тақозоси билан қиз оиласидан ажрашиб келса ёки турмуш ўртоғи вафот этиб, бева қолса, унга ким қарайди?
Бундай ҳолларда аёлнинг маҳрамлари уни ўз ҳолига ташлаб қўймасликлари, ўксиган кўнглига тасалли бериб, илгаригидек яхшилик қилишлари лозим. Бундай эзгулик хайр-эҳсоннинг энг яхшиси ҳисобланади.
Ривоят қилишларича, бир аёл оғир хасталикка чалинади. Шунда у дори-дармонига маблағ топа олмай, минг хижолат билан укасининг хонадонига келади. Ҳол-аҳвол сўрашиб, гапни нимадан бошлашни билмай турганида, укаси: “Опа, тинчликми?” деб сўрайди. Опа мақсадини минг истиҳола билан тушунтиради: “Тобим қочиб, шифокорга борган эдим, зудлик билан операция қилиш зарурлигини айтди. Бир қанча дори-дармонлар буюрди. Биласан, жиянларинг ҳали ёш, ёлғизман. Сендан нажот истаб келдим”.
Опанинг нигоҳлари ерга қадалган эди. Ука опанинг аҳволини тушунмади ёки тушунишни истамади. “Опа, кўриб турибсиз, уй қуриб, таъмирлаш ишларини тугатай деб турибман. Ортиқча маблағим йўқ!”.
Опа ота-онасидан ёлғиз ёдгорлиги бўлган укасининг хонадонидан бошини эгиб чиқиб кетди.
Муолажа ўз вақтида кўрсатилмагани боис дард зўрайиб, опа омонатини топширди. Уканинг эса уйига тасодиф туфайли бир кечада ўт кетиб, бор-будидан айрилди.
Шариатимиз аҳкомларида силаи раҳм кенг тарғиб қилинган. Жамиятда қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло раҳмли инсонларга раҳм қилади. Ер юзидагиларга меҳрли, шафқатли бўлинг, осмондагилар сизларга раҳм қилишади. Раҳм (қариндошлик алоқалари) Раҳмонга яқиндир. Ким қариндошликни боғласа, Аллоҳ таоло у билан (раҳмат риштасини) боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ таоло ҳам ундан (раҳмат риштасини) узади” (Имом Абу Довуд ва Имо Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳадисларида умматларини силаи раҳмга чақириб, қариндошлик ришталарини узиш Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ бўлишга олиб келиши келтирилган.
Киши яқинларига яхшилик қилмаса, туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, бундай инсонлар бошқаларга ҳам бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади.
Суроқа ибн Жаъшамдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Суроқа, сенга энг улуғ садақанинг ёки садақадан ҳам улуғроқ нарсанинг далолатини берайми?” дедилар. “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, деди. “Ҳузурингга қайтиб келган ва сендан бошқа таъминотчиси бўлмаган аёл зотига икром кўрсатмоғинг”, дедилар.
Оиласидан ажрашган, боқувчисини йўқотган кишиларга, кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувватли бўлиш, уларга ҳам руҳан, ҳам маънан кўмак бериш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришиш учун муҳим восита эканини унутмайдик.
Қариндошлик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас, у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Демак, узоқ умр кўриш, кенг ризққа эга бўлишнинг асосий омили биргина шу ҳадисда айтиб ўтилган. Шунга амал қилсак, ишонинг, умримиз узун, ризқимиз кенг бўлади, иншоаллоҳ!
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Уларнинг ҳузурида телефонни ўчириш.
2. Сўзларига диққат билан қулоқ солиш.
3. Уларнинг фикрини қабул қилиш.
4. Суҳбатларига қизиқиш билан муносабатда бўлиш.
5. Уларнинг юзига камтарона ва эъзоз билан боқиш.
6. Уларга доимо мақтов ва илиқ гаплар айтиш.
7. Қувончли янгиликларни улар билан баҳам кўриш.
8. Салбий хабарларни айтмаслик.
9. Уларнинг яқин дўстларини мақташ ва ҳурмат қилиш.
10. Улар бажарган ишларини доимо эсга олиб, мақташ.
11. Бир гапни қайта-қайта гапирсалар ҳам диққат билан эшитиш.
12. Уларга оғир бўлган ўтмиш воқеаларини эсга солмаслик.
13. Кераксиз гапларни гапиришдан ўзини тийиш.
14. Улар билан камтарона ҳолда ўтириш.
15. Уларнинг фикрига беписанлик билан қарамаслик ёки инкор этмаслик.
16. Сўзларини бўлмаслик, уларни эркин гапиришига имкон бериш.
17. Уларнинг ёшини ҳурмат қилиш ва неваралар билан безовта қилмаслик.
18. Невараларни уларнинг олдида тергамаслик.
19. Улар берган насиҳат ва кўрсатмаларни қабул қилиш.
20. Улар ҳузурида уларни асосий шахс деб билиш.
21. Уларнинг олдида овозни кўтармаслик.
22. Уларнинг олдида ёки улардан аввал юрмаслик.
23. Улардан аввал овқат емаслик.
24. Уларнинг юзига тик қарамаслик.
25. Уларнинг қадрига етиб, улардан фахрланиш.
26. Уларнинг олдида оёқларни узатмаслик ёки орқа ўгирмаслик.
27. Уларни ҳақорат қилиб, уларга маломат келтирмаслик.
28. Уларнинг ҳаққига ҳар доим дуо қилиш.
29. Уларнинг ҳузурида чарчаганликни ёки дилхираликни намойиш қилмаслик.
30. Улар хатога йўл қўйган бўлса, уларни кулгига олмаслик.
31. Улар сўрамасдан олдин уларга хизмат қилиш.
32. Улардан хафа бўлмаслик ва уларни мунтазам равишда зиёрат қилиш.
33. Уларнинг олдида гўзал ва хушмуомала сўзларни танлаб гапириш.
34. Улар яхши кўрган исмлар билан чақириш.
35. Уларни ҳамма нарсадан ва барча инсонлардан устун қўйиш.
Ота-она – ер устидаги хазинаки, ер остига кўчишга яқин қолган. Аллоҳим, уларнинг умрини соғлиқ ва ибодатда узун қил!
Омин, ё Роббим!
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ