Кеча Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов фахрий имомлар – Маҳмуджон домла Ибодуллаев ва Ҳабибуллоҳ домла Бойқобиловлар билан бирга Тайлоқ туманидаги “Маданият” жоме масжидини кўздан кечирдилар.
Зайниддин домла Эшонқулов жомедаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш чоғида масжид биноси гўзал наққошлик намунаси асосида безатилгани, намозхонлар учун тайёрланган шароитлар кўнгилни хушнуд қилишини таъкидладилар. Шунингдек, мўмин-мусулмон халқимизга янада қулайликлар қилиш, пандемия қоидаларига тўлиқ риоя этиш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар бердилар.
Шундан сўнг жамоат билан пешин намози адо этилди. Ташриф сўнгида фахрий имом Маҳмуджон домла Ибодуллаев ушбу масжид қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилиши ва унинг қурилишида жонбозлик кўрсатаётган саховатпеша инсонларга яхшиликлар сўраб дуои хайрлар қилинди.
Маълумот учун, шу йил бошида “Маданият” жоме масжиди янги биноси миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарига тўла мос ҳолда қайта қурилиб намозхонлар ихтиёрига топширилган эди. Ҳозир масжид таҳоратхонаси қайта қурилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Мен бозорда бир дўконни ижарага олиб, улгурчи тарқатувчилардан ҳар-бир маҳсулотдан биттадан олиб келиб, растага қўяман. Қачон сотилса, ўрнига яна олиб келаман. Яқинда эшитиб қолдим. Бу ишим жоиз эмас экан. Чунки ўзимники бўлмаган нарсани сотишга кирар экан. Шу тўғрими? Мен қандай йўл тутсам тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар маҳсулотларни сотиб олиб, сотсангиз, жоиз бўлади. Лекин уларни сотиб олмаган бўлсангиз бу ишингиз дуруст эмас. Чунки сиз ўзингизники бўлмаган нарсани сотган бўласиз. Шунингдек, бир маҳсулотни “Қачон, сотилса, пулини бераман” деган шарт билан олса ҳам савдо дуруст бўлмайди.
Агар маҳсулотни сотиб олмоқчи бўлмасангиз, маҳсулот эгасининг вакили сифатида сотиб, бу ишингиз учун хизмат ҳаққи олишингиз ҳам жоиз. Лекин бу ҳолатда қанчага сотилса, ҳаммасини мол эгасига бериш лозим бўлади ("Ал-Баҳрур-роиқ" китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.